Ўзбекистон | 22:38 / 12.01.2023
34333
3 дақиқада ўқилади

«Икки кун туриб беришимиз керак». Ортиқхўжаев Тошкентда газ кескин пасайиши ҳақида гапирди

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев масъул раҳбарларга мурожаатида улардан «икки кун туриб бериш»ни сўради, йўқса «ҳамма бир тийинга ярамас ҳокимлар» бўлиб қолишини айтди. Газ заправкалар ёпилади, корхоналар электр ва газдан узилади.

Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида газ босими кескин пасайиши кутилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг туман ҳокимлари ва сектор раҳбарларига қилган аудиомурожаатида айтилади.

«Газ [босими] кескин тушади. Нафақат Тошкентда, балки ҳудудларда ҳам тушиши кутиляпти. Шу сабабли ҳамма газ заправкаларни ўчирамиз, фақат 4 таси қолади, коммунал хизматлар учун. Шаҳар транспорти газдан соляркага ўтади, [истеъмолни] кескин қисқартиришимиз керак бўлади.

Бутун фабрика ва заводлар, эгаси ким бўлишидан, қандай одам бўлишидан қатъи назар электрдан ҳам, газдан ҳам узишга мажбурмиз», деган шаҳар ҳокими.

Унинг сўзларига кўра, шаҳарда бугун кўча чироқлари ва LED-экранлар ўчирилади. «Шаҳардаги махсус кўчадан ташқари барча кўчаларда ёриткичларни ўчиришга мажбурмиз. Жиддий қараймиз», деган у.

«Икки кун шунақа вазият. Бундай вазиятда фуқароларимиз ҳолидан хабар олиб, иссиқ овқат билан ёрдам беришимиз керак. Бугун 52 та тўйхона билан гаплашилди, ҳақи берилди. Бугундан бошлаб улар 50−100 килограммдан ош тарқатишади. Ҳамма кириб ейиши мумкин, тоғорачасида уйига олиб кетиши мумкин», — деган у.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев раҳбарлардан «қандай қилиб бўлса ҳам икки кун туриб бериш»ни сўраган.

«Ўзларингиз ҳам ёнларингизда иссиқ овқат қиласизларми, бошқа қиласизларми, ёнларингдан харажат қилинглар, деб айтмайман. Кимда қандай харажат керак бўлса, мендан эмас, менинг ёрдамчиларимдан келиб пулини олинглар, нақд олинглар, лекин бу нарсани қилинглар. Пул тополмасдан, мендан сўрамасдан эътиборсизлик қилсангизлар, жуда кўнглимни оғритади… Ҳозир пулни санаб ўтирадиган вазият эмас, бутун шаҳарда фуқароларнинг кўнглини иложи борича кўтариб, иссиқ овқат билан таъминлаб, муаммоларини ҳал қилиб, ҳамма тик оёқда турадиган вазият…», — деган ҳоким.

Шаҳар ҳокими газ босими пасайиши туфайли аҳоли орасида норозилик ортиши мумкинлигини тан олиб, шунинг учун салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўриш кераклигини таъкидлаган.

«Биз барчамиз бу икки кунда оёқда бўлишимиз керак… Агар биз бугун туриб бера олмасак, эртага кеч бўлади… Биз давлатга бугун керакмиз. Агар биз буни қила олмасак, халқ [кўз ўнгида] бир тийинга ярамас ҳокимлар, бир тийинга ярамас сектор раҳбарлари, бошқарма бошлиқлари бўламиз», — дея қайд этган Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Мавзуга оид