Таълим | 14:33 / 15.09.2025
3040
3 дақиқада ўқилади

Халқаро сертификатлар мактабдаги якуний имтиҳонларда ҳам тан олинади

Ўзбекистонда мактабдаги якуний имтиҳонларда энди хорижий тил ва фанлар бўйича халқаро сертификатлар ҳам тан олинади. Бир йил ичида 100 та техникумда Германия, Швейцария, Хитой, Корея, Британия каби давлатларнинг таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистонда энди хорижий тил ва фанлар бўйича халқаро сертификатлар мактабдаги якуний имтиҳонларда ҳам тан олинади. Бу ҳақда президент 15 сентябр кунги йиғилишда маълум қилди.

Унда ҳар йили ўн минглаб мактаб ўқувчилари хорижий тил ва фанлар бўйича халқаро сертификатлар олаётгани қайд этилди.

Масалан, 2016 йилгача жами 2 минг нафар мактаб ўқувчиси сертификат олган бўлган. 2024 йили биргина хорижий тилларнинг ўзидан 150 минг ёшлар халқаро сертификатга эга бўлди. Энди бундай сертификатлар мактабдаги якуний имтиҳонларда ҳам тан олиниши айтилди.

«Бугунги тадбиримизда ўзи ёш бўлишига қарамасдан, юзлаб ўғил-қизларимизни юқори марраларга етаклаётган когонлик қизимиз Биллура Икрамова ҳам қатнашяпти. Биллура қизимиз топ-200 таликка кирадиган Буюк Британиянинг Рединг олийгоҳини битириб, катта-катта идоралардан бўлган таклифларни рад этиб, Ромитаннинг энг чекка қишлоғидаги мактабда инглиз тилидан дарс бермоқда», — дея қайд этди давлат раҳбари.

«Ёки Оксфорд университети докторанти Нодира Набиева эшитиш қобилиятини йўқотган ўқувчиларга инглиз тилини ўргатиш бўйича инновацион методика яратди. Германия ва АҚШдаги олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари бу методикадан фойдаланаётгани бизни қувонтиради. Энг катта ниятим, мақсадим — таълим ва яна бир бор таълимга эътибор бериб, бундай истеъдодли ва фидойи ёш ўқитувчиларимиз сафини кенгайтириш. Бунинг учун ҳар қандай шароитларни яратиб беришга тайёрман», — деди президент.

Бир йил ичида 100 та техникумда Германия, Швейцария, Хитой, Корея, Британия каби давлатларнинг таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, уларнинг энг илғор касбий таълим дастурлари жорий қилиниши белгиланди.

Бундан ташқари, касбий кўникмаси бор исталган талабгор ушбу техникумларда хорижий давлатларнинг малакани баҳолаш тизими орқали имтиҳондан ўтиб, халқаро сертификат олиши мумкин бўлади.

2025/2026 ўқув йилидан Англиянинг «Пирсон» компанияси билан ҳудудлардаги 14 та техникумда «БИТЕК» халқаро дастури бошланиши таъкидланди. Бу орқали ёшлар халқаро стандартлар асосида туризм, ахборот технологиялари, тиббиёт, қурилиш, логистика, электротехника, энергетика, машинасозлик, биотехнология, креатив иқтисодиёт каби йўналишларда талаб юқори касбларни эгаллайди.

Келаси йили саноатда қарийб 45 миллиард долларлик 456 та йирик лойиҳа бошланади. «Инвестор — тармоқ — техникум» занжири асосида техникумларда дуал таълим йўлга қўйилади.

Корхоналар билан аниқ лойиҳалари бўлган техникумлар ўртасида замонавий устахоналарни барпо қилиш бўйича танлов ўтказилади. Танлов ғолибларига устахона учун замонавий ускуна ва жиҳозлар, спорт анжомлари олиб берилади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид