Жамият | 18:00 / 10.12.2018
30747
4 дақиқада ўқилади

Қонунга зид рекламалар – телеканаллар бефарқми ёки соҳани назорат қилувчи давлат органи?

Маълумки, телеканаллар орқали халқимиз севиб томоша қиладиган кўрсатувлардан тортиб, бадиий фильм-у сериалларгача, деярли барчасида тижорат рекламалари намойиш этилади.

Тўғри-да, кўрсатув ва фильмларни тайёрлаш ва томошабин эътиборига ҳавола этиш эфир ортидаги машаққатли меҳнат ва жуда кўп миқдорда харажатлар эвазига амалга оширилади. Ушбу харажатлар ўша сизу биз унчалик ёқтирмайдиган рекламалар келтирадиган даромад ҳисобидан қопланиши ҳеч кимга сир эмас.

Бироқ, телевидение орқали реклама бериш тартиби ҳақида ҳамма ҳам етарли маълумотга эга бўлавермаса керак.

«Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 17-моддасига кўра, (телевидение ва радиодаги реклама) телерадиоташкилотлар учун рекламага ажратилган кўрсатув вақти кўрсатувнинг ҳар бир соатига 10 фоиздан, яъни 6 дақиқадан ошиб кетмаслиги керак.

Шунга кўра, 45 дақиқадан ортиқ давом этадиган концерт-томоша ва спорт дастурлари, кино- ва телефильмлар реклама учун тўлиқ 45 дақиқалик вақт оралиғида кўпи билан бир марта узиб қўйилиши мумкин. Ваҳоланки, телеканаллар орқали эфирга узатилаётган ўртача 45-50 дақиқалик телесериал орасида энг камида 3 марта, ҳар бирининг давомийлиги 3-5 дақиқа бўлган реклама эълонлари жойлаштирилади.

10 дақиқадан кам давом этадиган телекўрсатувларга умуман реклама жойлаштирилиши мумкин эмас. 10 дақиқадан ортиқ давом этадиган телекўрсатувларга эса бу телекўрсатувларнинг муаллифлик ҳуқуқи эгаси билан келишмасдан туриб реклама жойлаштирилиши мумкин эмас.

Давлат анжуманлари ва маросимлари олиб кўрсатилаётган пайтда уни узиб туриб рекламани кўрсатиш тақиқланади.

Болалар даврасига (ўн тўрт ёшгача бўлганларга) мўлжалланган кўрсатувларда реклама қўйиш мумкин эмас.

Бироқ, амалда бунга тўлиқ риоя этилмаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Масалан, фақат болалар учун мўлжалланган, «Yoshlar» телерадиоканали» ҳузуридаги «Bolajon» телеканали орқали реклама эълонлари эфирга узатилмоқда.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 30 майдаги «Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Yoshlar» телерадиоканали» ёпиқ акциядорлик жамияти ҳузуридаги «Bolajon» болалар рақамли телеканалини ташкил этиш тўғрисида» 1976-сон қарорига кўра, «Bolajon» телеканали фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағлар Давлат бюджетидан ажратиш белгиланган.

Бундан ташқари, «Zo’r TV» телеканали орқали эфирга узатилувчи болалар даврасига (ўн тўрт ёшгача бўлганларга) мўлжалланган айрим кўрсатувларда ҳам муайян турдаги маҳсулотларнинг рекламалари берилаётганига кўзингиз тушади.

Ҳеч эътибор берганмисиз, фильм ёки сериал кўриб ўтирганингизда бирданига реклама эфирга узатилади-ю, нимагадир телевизорингизнинг овози ўз-ўзидан баландлашиб кетади.

Бу аслида реклама тарқатувчининг (яъни телеканаллар) томошабин эътиборини тортишга қаратилган ҳийласи, десак адашмаган бўламиз.

Ваҳоланки, қонун талабига кўра дастурларнинг реклама қисмлари товушини телерадиодастурнинг товушига нисбатан баландроқ қилиш тақиқланади. 

Телекўрсатувларнинг бошловчилари, дикторлари ва бошқа қатнашчилари реклама учун ажратилган вақтдан ташқари пайтда маҳсулотни билатуриб намойиш қилиш ёки унинг истеъмол хусусиятларини бевосита ёки билвосита тавсифлаш ҳуқуқига эга эмас.

Кўтарилган масала арзимасдек туюлар, кимларнингдир ғашига ҳам тегар. Бироқ, телеканалларнинг реклама блоки учун масъул бўлган шахслар реклама тарқатишнинг қонун билан белгилаб қўйилган чегаралари мавжудлигини билиб қўйишлари фойдадан холи бўлмайди. 

Ўйлаймизки, ушбу ҳолатлар тегишли телеканаллар масъуллари ва реклама фаолияти соҳасида давлат бошқаруви органи ҳисобланган Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг эътиборидан четда қолмайди.

Дилшод Абдукадиров, ҳуқуқшунос

Мавзуга оид