Янги қонун оммавий ахборот воситалари, айниқса телеканаллар бугунги кунда олиб турган даромаднинг кескин камайишига, тадбиркорлар ўз маҳсулотлари ва хизматларини реализация қилишда жиддий муаммолар дуч келишига олиб келиши мумкинлиги, реклама соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар жорий этилаётгани эса ҳуқуқ тизимимиз учун нонсенс экани ҳақида ёзгандик.

Мақолада ушбу қонуннинг қабул қилинишидан хавотирда бўлган бошқа соҳа тадбиркорларида кутиладиган муаммолар ҳақида гапирамиз.

Реклама тўғрисидаги қонуннинг янги лойиҳасида нафақат дори-дармон ва алкоголсиз ичимликлар, балки таркибида шакар, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини реклама қилишда ҳам чекловлар кучайтирилмоқда. Бир томондан, бу орқали истеъмолчиларни ушбу турдаги маҳсулотлардан, қайсидир маънода, ҳимоя қилиш нияти кўзланган бўлса, бошқа томондан ўз товарларини реклама қилиш ниятида бўлган соҳа вакиллари фаолиятига берилган зарба ҳам бўлади.

Болалар ва реклама

Янги лойиҳага (16-модда) кўра, вояга етмаганлар томонидан истеъмол қилиниши тақиқланган маҳсулотларни истеъмол қилаётган ёки ишлатаётган вояга етмаганларнинг тасвирларидан фойдаланиш тақиқланиши айтилган. Аммо бу талаб ҳам умумий бўлиб қолган ва ноаниқликлар билан тўла.

Масалан, вояга етмаганлар (18 ёшга тўлмаган) фойдаланмаслиги керак бўлган маҳсулотларнинг тасдиқланган рўйхати йўқ. Бундай рўйхат бўлмай туриб, қайси маҳсулот бу каби тоифага тушишини олдиндан билиш имконсиз.

Айнан мана шу банд исталганча талқин қилиниб фойдаланиш мумкин бўлган «лазейка»лардан бири бўлиб қолмоқда. Сабаби бу ерда айнан қандай озиқ-овқат ёки ичимликлар «тақиқланган» деган таснифга мос келиши аниқ айтилмаган.

Ширинликлар савдоси ҳам хавф остида

Таркибида қанд, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини реклама қилишга оид белгиланаётган чеклов ҳам шу соҳа вакилларини ташвишга солиб қўйган. Лойиҳада бу каби маҳсулотлар рекламасига ҳам қатор чекловлар киритилиши назарда тутилган.