Жаҳон | 15:26 / 30.07.2025
7263
4 дақиқада ўқилади

Камчаткадаги онкология диспансерида зилзила вақтида жарроҳлар ишини давом эттирди (видео)

Тиббиёт ходимлари атрофдаги барча нарса силкиниб қулаётганига қарамай, беморни жарроҳлик столида ушлаб туришган.

30 июл куни Тинч океанида, Камчатка қирғоқлари яқинида содир бўлган зилзила пайтида Петропавловск-Камчатскийда ҳам кучли силкиниш сезилди. Тармоқда Камчатка ўлкаси онкология диспансерида олинган видео пайдо бўлди. Видеоёзувни Камчатка ўлкаси соғлиқни сақлаш вазири Олег Мелников эълон қилган.

Унда шифокорлар жарроҳлик амалиёти ўтказаётган пайтда зилзила содир бўлганини кўриш мумкин. Тиббий аппаратлар силкина бошлагач, ходимлар жарроҳлик столида ётган беморни йиқилиб тушишдан асраб қолишган. Ходимлардан бири операция хонасига ўрнатилган мониторни, ҳамшира эса асбоблар турган столни ушлаб турган. Қайсидир лаҳзада ёзувда асбоблар учун мўлжалланган металл идиш тушиб кетишидан чиққан овоз эшитилади.

Ўлка соғлиқни сақлаш вазири тиббиёт ходимларини «оқ халатдаги қаҳрамонлар» деб атаган. «Хавфга қарамай, шифокорлар хотиржамликни сақлаб, охиригача беморнинг ёнида бўлишди. Айни дамда беморнинг аҳволи яхши», – деди Олег Мелников. У диспансер ходимларига «профессионализм ва стрессли вазиятда матонат кўрсатгани» учун миннатдорчилик билдирган.

Камчатка ўлкаси губернатори Владимир Солодов йиғилишда тиббиёт ходимларини давлат мукофотларига тақдим этишга қарор қилганини маълум қилди. «Мен шифокорларга жасорати, профессионаллиги учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Дарҳақиқат, жарроҳлик амалиёти пайтида беморларга ғамхўрлик қилиш давом эттирилгани, жиддий силкинишларга қарамай, хотиржамлик сақланганини кўришимиз мумкин», – деди регион раҳбари йиғилишда (йиғилиш видеоси унинг телеграм-каналида жойлаштирилган). Губернатор ўлка ҳукумати раҳбари ўринбосари Виктория Сивакка «операция пайтида тиббий ёрдам кўрсатишни давом эттирган» тиббиёт ходимларини давлат мукофотларига тақдим этиш учун ҳужжатларни тайёрлашни буюради. «Бундай жасорат энг юқори баҳога лойиқ», – деб ёзди Солодов телеграм-каналида.

Камчатка онкология диспансери иккинчи жарроҳлик бўлими бошлиғи Яна Гвоздеванинг «Звезда» телеканалига берган интервюсида айтишича, тиббиёт ходимлари операцияни тўхтатиши мумкин бўлмаган, чунки бу лапаротомик операция (танани кесиш орқали амалиёт ўтказиш) бўлиб, мутахассислар бемор ҳушига келишига йўл қўя олмасди. «Биз операция столи йиқилмаслиги ва бемор қўлимиздан чиқиб кетмаслиги ҳақида ўйладик, чунки қўрқинчли эди – агар бундай вазиятда бемор, Худо кўрсатмасин, столдан тушиб кетса, бу жуда ёмон оқибатларга олиб келарди. [Ҳозир] бемор реанимацияда, лекин ҳаммаси яхши, аҳволи барқарор, ҳаммаси аъло даражада», – деди Гвоздева.

У бундай кучли зилзилани биринчи марта ҳис қилганини қўшимча қилган. «Беш-олти дақиқа тўхтовсиз силкиниш бўлди ва силкинишлар турлича эди, гоҳ кучайиб, гоҳ пасайиб, бундан кейин нима бўлиши номаълум эди», – дейди Гвоздева. Уни ва диспансернинг бошқа ходимларини мукофотларга тақдим этиш режалаштирилганини жарроҳлик бўлими бошлиғи «Звезда» телеканали мухбиридан билиб олди. «Ишдаги бурч ҳаммасидан устун. Ер тебраниши ҳам, асбоб-ускуналар ҳам бизга халақит бермади. Биз ўз ишимизни қилдик», – деган у.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид