Ўзбекистон | 15:35 / 02.05.2023
26692
2 дақиқада ўқилади

Ишланмайдиган байрам кунлари сони 10 тага етади

Меҳнат кодексидаги ишланмайдиган байрам кунлари рўйхатига 11 ноябр – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни ҳам қўшилади. Депутатлар тегишли қонунни биринчи ўқишда маъқуллади.

Очиқ манбалардан олинган сурат

Ўзбекистонда 11 ноябр – Касаба уюшмалари куни ишланмайдиган байрам кунлари тоифасига киритилиши кутиляпти. Тегишли қонун бугун, 2 май куни Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинди (хабар янгиланди).

Қонун билан, Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча киритилади. Ҳозирда бу моддада 9 та ишланмайдиган байрам кунлари санаб ўтилган:

  • 1 январь – Янги йил;
  • 8 март – Хотин-қизлар куни;
  • 21 март – Наврўз байрами;
  • 9 май – Хотира ва қадрлаш куни;
  • 1 сентябрь – Мустақиллик куни;
  • 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
  • 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни;
  • Рамазон ҳайитининг биринчи куни;
  • Қурбон ҳайитининг биринчи куни;

Бу рўйхатга 11 ноябр – Касаба уюшмалари кунини ҳам қўшиш таклиф этиляпти.

Депутатларнинг айтишича, ҳозирда касаба уюшмалари тизими 34 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотларни ўз ичига олади. Соҳада 6 700 дан зиёд ходим ва 300 мингга яқин фаоллар хизмат қиляпти. Умуман, Ўзбекистон касаба уюшмалари ўз сафида 5,5 миллиондан зиёд ходимларни бирлаштирган энг йирик жамоат ташкилоти ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон касаба уюшмалари куни 2020 йил 24 ноябрда белгиланган эди.

2021 йил 11 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларига табрик йўллаб, 11 ноябрни меҳнаткашлар байрами, умумхалқ байрами сифатида дам олиш куни деб эълон қилишни таклиф қилганди.

Мавзуга оид