Жаҳон | 08:44 / 14.02.2021
11445
2 дақиқада ўқилади

Сенаторлар Трампга импичмент эълон қилишмади 

Шанба куни АҚШ Сенати собиқ президент Дональд Трампни 6 январ куни Капитолийга ҳужум уюштирилиши туфайли бошланган импичмент жараёнида қоралаш учун зарур бўлган овозни йиға олмади.

Фото: AP

АҚШ конгресси сенати АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампни импичмент жараёни доирасида оқлади. 

Импичмент эълон қилиш учун айблов ҳукмини чиқаришга 100 нафар сенатордан камида 67 нафари овоз бериши керак эди. Бироқ импичментни 57 сенатор қўллаб-қувватлаган, 43  сенатор унга қарши чиққан. Шу тариқа, демократларнинг Трампга импичмент эълон қилишга уриниши ҳам муваффақиятсизликка юз тутди.  

Трампга нисбатан импичмент жараёни унинг 6 январда Вашингтонда ўз тарафдорлари олдидаги нутқи сабабли бошланганди. Ўша куни Трампнинг тарафдорлари унинг сўзларидан кейин конгресс биносига бостириб кириб, тартибсизликлар уюштиришган. 

Вакиллар палатасида Трампга исёнга чорлаш айблови қўйилган. Сенатдаги жараёнда вакиллар палатаси аъзолари айбловчилар, сенаторлар эса ҳукм чиқарувчилар сифатида иштирок этишди.

АҚШ тарихида биринчи бор бир президентга нисбатан икки марта импичмент эълон қилинди. Демократлар Трампни  ҳокимиятдан четлатишга биринчи уринишни 2019 йилда амалга оширишганди. Ўшанда қуйи палата айбловни қўллаб-қувватлаган, бироқ республикачилар кўпчиликни ташкил қилган Сенат Трампни оқлаганди. 

  • Агар Сенат Трампнинг импичменти учун овоз берганида, у президентлик сайловларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинарди.
  • Аввалроқ америкаликлар ўртасида ўтказилган сўровномада, уларнинг кўпчилик қисми Трамп мамлакат сиёсий ҳаётига қайтиши керак эмас деб ҳисоблашини билдирганди. Сўровнома иштирокчиларининг 54 фоизи мамлакатнинг 45-президенти сиёсатдан бутунлай кетишини исташини билдирган.
     

Мавзуга оид