Жаҳон | 13:14 / 11.09.2023
9398
2 дақиқада ўқилади

Зурабишвилига импичмент эълон қилиш бўйича ҳужжатлар Гуржистон КСга топширилади

Конституциявий суд бир ой ичида ўз хулосасини жамоатчилик ва парламентга тақдим этиши керак.

Фото: Reuters

Гуржистон президенти Саломе Зурабишвилига импичмент эълон қилиш тўғрисидаги ҳужжатлар 11 сентябр, сешанба куни мамлакат Конституциявий судига топширилади. Бу ҳақда ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси раиси Ираклий Кобахидзе маълум қилди, дея хабар беради маҳаллий ОАВ. 

Унга кўра, Конституциявий суд бир ой муддатда жамоатчилик ва парламентга ўз хулосасини тақдим этиши керак. 

«Албатта, биз бу хулосани кутамиз ва шундан кейин процедуралар давом этади», - дея Кобахидзенинг сўзлари келтирилган.

Аввалроқ Гуржистонда ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси ташаббуси билан президент Саломе Зурабишвилига қарши импичмент жараёни бошланган эди. 

Саломе Зурабишвили ҳукмрон партиянинг унга нисбатан импичмент эълон қилишга уринишлари фонида истеъфога чиқмоқчи эмаслигини айтди. 

Зурабишвили фақат Гуржистон халқи олдида жавоб беришини таъкидлади. 

«Мен фақат сизнинг олдингизда жавоб бераман, чунки сиз мени танладингиз ва бу танлов учун мен катта масъулиятни ҳис қиляпман. Сиз мени танладингиз, мен бутун умрим давомида Европа тарафдори бўлиб келганман, Гуржистоннинг Европа келажагини қўллаб-қувватлаганман», - деди Гуржистон президенти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид