Спорт | 22:35 / 24.07.2021
24996
6 дақиқада ўқилади

Олимпиада кундалиги: Хитой етакчиликни бошлади, АҚШда 49 йиллик антирекорд, 11 олтиннинг 7 таси Осиё вакилларида

Токиода ёзги олимпиада ўйинлари бошланди. Мусобақанинг биринчи кунида 11 та медаллар комплекти ўйналди. Биринчи куни 9 мамлакат спортчилари олтин медални қўлга киритди.

Хитой аллақачон етакчи

Янг Киан

Хитой биринчи кундан етакчиликни бошлаб юборди. Олимпиададаги илк олтин медални ҳам айнан хитойлик Янг Киан 10 метрдан милтиқда ўқ отиш баҳсларида қўлга киритди. Кейинчалик оғир атлетика ва қиличбозликда ҳам хитойликлар биттадан олтин олишди. Эркаклар ўртасидаги ўқ отиш баҳсларида Хитой яна битта бронза олди. Қизиғи, Хитойга биринчи кундаги 3 та олтинни ҳам аёл спортчилар олиб келди. Мусобақада биринчи олтинни ютган Янг Киан 2000 йилда туғилган талаба қиз экани ҳам эътиборли.

Биринчи кунги баҳслардан кейин яна 8 мамлакат спортчилари олтин медал олишди. Италия, Япония, Жанубий Корея, Эквадор, Венгрия, Эрон, Таиланд ва ҳатто косовалик спортчилар олтинли бўлишди. Умумий ҳисобда 28 та мамлакат спортчилари медал олишди. Улар орасида қўшни – Қозоғистон ҳам бор. Қозоғистонлик Елдос Сметов 60 кг вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди. Ўтган олимпиадада Ўзбекистондан ортда бўлиш қозоғистонлик спортчиларга жиддий таъсир қилган кўринади.

Елдос Сметов

Охирги икки олимпиадада медаллар жамғармасига кўра умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритган америкалик спортчилар Токиодаги ўйинларнинг биринчи кунини медалсиз якунлашди. 5 та медаллар жамғармаси ўйналган баҳсларда қатнашган америкаликларнинг ҳеч бирига медал ютиш насиб этмади. Бу эса АҚШ жамоаси учун антирекорд ҳисобланади. 49 йилдан буён Америка олимпиадачилари бундай ёмон натижа қайд этишмаганди, улар барча олимпиадалар очилишида камида битта медал қўлга киритишган. Охирги марта АҚШ жамоаси биринчи ўйин кунини 1972 йил Мюнхен олимпиадасида медалсиз якунлаган. Ўшанда якуний умумжамоа ҳисобида АҚШ биринчиликни СССРга бой берган.

Таэквондода камбэкчилар ютди, энг зўр медал Эквадорга кетди

Эквадор жамоаси аъзоси Ричард Карапас

Биринчи кунда ўз байроғи билан мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган россиялик спортчилар ҳам иккита медал қўлга киритишди. Милтиқдан отишда Анастасия Галашина кумуш, таэквондода Михаил Артаманов бронза медалини олди.

Дарвоқе, олимпиаданинг таэквондо баҳслари биринчи кунданоқ қизиқарли бошланди. Аёллар ўртасидаги 49 кг вазн тоифасидаги мусобақа финалида таиландлик Панипак Вонгпаттанакит испаниялик Адриана Серезони охирги сониялардаги қўш очко эвазига мағлуб этди – 11:10. Ушбу вазндаги бронза медали учун баҳс ҳам камбэк билан якунланди. Исроиллик Авишаг Семберг ва туркиялик Руқия Йилдирим ўртасидаги жангда аввалига исроиллик спортчи катта фарқ билан олдинга чиқиб кетди. Кейин туркиялик Руқия фарқни тиклаб, олдинга ҳам чиқиб олди. Бироқ охирги сонияларда Семберг рақибининг қорнига ва бошига зарба йўллаб, бронзани илиб кетди.

Исроил жамоаси аъзоси Авишаг Семберг

Эркаклар ўртасидаги 58 кг вазн тоифасида баҳсларнинг финалига 2000 йилда туғилган Вито Делл’Акуило ва 2002 йилда туғилган тунислик Муҳаммад Ҳалил Женбуди чиқди. Эҳтиёткор ўтган финалда италиялик атлет ғолиб бўлди ва Италияга Токио олимпиадасидаги илк олтинни тақдим этди.

Биринчи куннинг энг зўр медалини эквадорлик Ричард Карапас қўлга киритди. У эркаклар ўртасидаги велопойганинг 234 кмга ўтказилган баҳсларида ғолиб бўлди. Карапас бу медални қўлга киритиш учун нақ 6 соат, 5 дақиқа-ю 26 сония тер тўкди. Иккинчи ўриндаги бельгиялик спортчи Карапасдан 67 сония ортда қолди. Тур де Франснинг охирги иккита мавсуми чемпиони словениялик Тадек Погачар олимпиадада учинчи ўрин билан кифояланди. Стартга чиққан 134 спортчининг фақат 85 нафарига финишга етиб келиш насиб қилди. Улардан 64-ўриндагиси ўзбекистонлик Муроджон Холмуродов бўлди.

«Сариқ Осиё»

41 ёшли эронлик спортчи Жавод Форуғи олимпиада рекордини қайд этиб, чемпион бўлди

Олимпиада ҳалқасида сариқ билан белгиланган Осиё қитъаси жануби-шарқий Осиё давлатлари ҳисобига биринчи кунда зўр қатнашди. Биринчи кунда ўйналган 11 та олтин медалдан 7 таси осиёлик спортчиларга насиб этди. Хитойнинг учта олтинини юқорида эсладик. Бундан ташқари, Япония дзюдода, Жанубий Корея камондан ўқ отишда, Эрон милтиқдан ўт отишда, Таиланд таэквондода олтин медални қўлга киритди.

Токиодаги ягона президент

Япония бошқарув тизимига кўра парламентар мамлакат эканини инобатга олсак, ҳозирда Токиoда бўлиб турган Франция президенти Эммануэль Макрон у ерлардаги ягона президент бўлиб турибди. Спортни хуш кўрувчи Франция етакчиси очилиш маросимига борган ягона президент бўлди. Таққослаш учун: Лондон олимпиадасига 80 нафар мамлакат раҳбарлари борган. Макрон бугун француз баскетболчиларини йўқлашга ҳам улгурди. Макрон уларнинг олдига карантин қоидаларига бирозгина амал қилмаган ҳолда ниқобини қўлига олиб борди, бироқ Франция президентига бу учун танбеҳ беришмади.

Франция президенти Эммануэль Макрон АҚШ биринчи хоними Жилл Байден билан олимпиада очилиш маросимида

Ҳозирча ана шунақа гаплар. Эртага Тошкент вақти билан тонг саҳардан яна баҳслар қизийди. 11 нафар ўзбекистонлик атлет мусобақаларга киришади. Улар орасида медалларга даъвогарлар ҳам бор.

Токио олимпиадасининг биринчи кунидан кейин медаллар жамғармасига кўра турнир жадвали қуйидагича кўриниш олган.

Мавзуга оид