Жамият | 14:48 / 29.10.2021
7990
3 дақиқада ўқилади

“Ўғлим 2,5 ёшида отасидан айрилганди, қизим шу ёшида оғир дардга чалинди” – тунлари боласининг нафас олишини кузатадиган оналар оҳи

Ҳаётда хавотир ва қўрқувсиз яшашнинг ўзи бахт. Агар бу ҳадиклар фарзанд саломатлиги билан боғлиқ ҳолда юз берса инсон умрининг ранги қорага бурканади. Тасаввур қилиш ҳам оғир бўлган шундай вазиятда яшаётганларга эса бизнинг ёрдамимиз зарур.

Қўрқиб яшаяпман...

Бутун танасидаги шишлар ва оғриқлар сабаб шифохонага олиб борилган 7 ёшли Шаҳлога оққон ташхиси қўйилган. Йиллар давомида шифохонада даволанишга мажбур бўлаётган қизалоқ тенгдошлари қатори мактаб остонасига бора олмаган.

“Бу касалликни эшитган эканман-у, бошимизга тушади деб ўйламаган эканман. Эшитиб ёмон аҳволга тушдим. Ҳеч кимнинг фарзанди касал бўлмасин. Қон раки дейишди буни. Боламни шу ерлардан соғ-саломат олиб кетолмасам керак деб ўйладим. Шифокорларга раҳмат, ҳозир боламнинг саломатлиги анча яхшиланган. Лекин бутунлай соғайиб кетиши учун узоқ даволаниш керак экан.

Қўрқиб яшаркансиз, яхши юрибди-ку деган хаёл бўлмас экан”, дейди Шаҳлонинг онаси Гулчеҳра Абдураҳмонова.

Шаҳло Абдуқодировага оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0417 9028 3742 отаси Сардор Метаров номида

Кечаларим “болам ўлиб қолмадимикан?” деган хавотирда ўтади

Қорақалпоғистоннинг олис қишлоғида туғилган Ҳосилбек бу хасталик билан шифохонага келганда 2,5 ёшда эди. Ҳозир 3 ёшга тўляпти ҳамки бу дард уни тарк этмади.

“Кечалари туриб “болам ўлиб қолмадимикан?” деган хавотир билан яшайман. Қишлоқдаги қариндошлар, қўни-қўшнилар, яқинларимиз қўлларидан келганча ёрдам беришди. Уйимиздаги бор мол-қўйларимизни сотганмиз. Етмаганига дорихоналардан қарз бўлиб қолганмиз”, дейди бемор болакайнинг онаси.

Ҳосилбек Давлетовга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0417 8844 0585 отаси Жаҳонгир Мадраҳимов номида

“Ўтда ёнишдан-да даҳшатли азоб экан бу”...

3 ёшли қизалоқнинг онаси 7 ойдирки у билан бирга дард чекади. Қизининг машъум хасталикка чалингани ҳақидаги хабар у учун ҳаётидаги энг фожиали хабар бўлганини айтади онаси Нилуфар: “Буни эшитиш ўтда ёнгандан ҳам даҳшатли эди. Ўғлим 2,5 ёшга тўлганда отасидан айрилган эди. Энди қизим ҳам шу ёшда дардга чалинди”.

Оила бошлиғи оддий ишчи. Оилада кўпчилик яшаши ва кутилмаганда келган хасталик айни вақтда уларни моддий ёрдамга муҳтож қилиб қўйган.

Ҳумайробегим Исмоиловага оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0417 6511 0391 онаси Нилуфар Садирбекова номида

Фарзандлари бағрида соғ-саломатлиги учун шукрона келтираётганлар! Бу болаларнинг ҳам соғайиб, ота-она бағрида шод-хуррам яшашлари учун имкон қадар ҳисса қўшинг. Зеро, қилинган заррача яхшилик ҳам жавобсиз қолмаслиги шубҳасиздир.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Тасвирчи — Абдуқодир Тўлқинов.
Монтаж устаси — Азимжон Воҳидов.

Мавзуга оид