Жаҳон | 23:49 / 08.11.2024
3702
2 дақиқада ўқилади

Британияда ҳоспис ёпилмаслиги учун 6 млн фунт стерлинг хайрия маблағи тўпланди

Сурункали ёки ҳаётни чекловчи касалликларга чалинган болаларга ёрдам кўрсатувчи Zoe’s Place ҳосписи ёпилишини эълон қилганди. Шундай кейин уни сақлаб қолиш учун хайрия акцияси бошланиб кетди.

Фото: Zoe’s Place

Ливерпулдаги (Буюк Британия) чақалоқлар ва ёш болаларга ғамхўрлик қилувчи ҳоспис маҳаллий ҳамжамият томонидан бир ой ичида 6 миллион фунт стерлинг тўплангани сабаб ёпилмайдиган бўлди, деб хабар беради BBC.

Сурункали ёки ҳаётни чекловчи касалликларга чалинган беш ёшгача бўлган болаларга ёрдам кўрсатувчи Zoe’s Place яқинда 2024 йил охирида ёпилиши эълон қилганди. Мазкур хайрия ташкилоти васийларига кўра, Zoe’s Place фуқаролар ва корхоналардан етарлича маблағ йиққани сабаб ўз фаолиятини давом эттиради.

Қайд этилишича, Ливерпулда жойлашган TJ Morris Ltd ритейлери 2,5 миллион фунт стерлинг хайрия қилган бўлса, Montirex спорт кийимларини ишлаб чиқарувчи фирма ҳамда Hot Water клуби юз минглаб фунт тўплашга муваффақ бўлган.

Ливерпулдаги Zoe’s Place ҳосписи 1995 йилда очилган. Октябр ойида компания ўзлари фаолият юритаётган бино сотилаётгани, янги қурилган бинога кўчиш режаси эса харажатлар ортиб кетгани сабаб барбод бўлганини маълум қилганди. Ҳосписнинг ёпилиши оқибатида 41 нафар ходим ишсиз қолиши кутилаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрелида онколог шифокор Яҳё Зияев Facebook ижтимоий тармоғида Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат билан чиққанди. Ўшанда шифокор Тошкентда қуриб битказилиши 2019 йилга мўлжалланган ҳоспис қурилишининг ҳали ҳам тугамаганидан, шу сабаб оғир ҳолатдаги ёши катта беморларнинг аҳволини енгиллаштириш имкони бўлмаётганидан норозилик билдирган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид