Уч кучли одам: Путин, Эрдўған, Муҳаммад бин Салмон ўртасидаги умумий ва зиддиятли нуқталар
Буюк Британиянинг Financial Times газетаси шарҳловчиларидан бири Гидеон Рахман Владимир Путин, Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Муҳаммад бин Салмон ўртасидаги умумий жиҳатлар ва тўқнашувлар ҳақида ёзди.
Муаллиф Россия президенти Владимир Путин, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ўртасида «кўплаб умумий нуқталар борлигини» таъкидлайди.
«Рус, турк, сауд раҳбарларининг ҳар учаласи ҳам – минтақавий амбицияларга эга, ҳокимиятни марказлаштирган ва ички мухолифатга қарши шафқатсиз автократлардир. Уларнинг учаласи ҳам таваккал қилишни яхши кўради ва ҳарбий кучни қўллаш тарафдори», – дейди у.
As their economies struggle, Vladimir Putin, Recep Tayyip Erdogan and Mohammed bin Salman need more than ever to demonstrate strength overseas, writes Gideon Rachman. The danger of clashes between them is rising https://t.co/3C0HJ0WcWU
— Financial Times (@FinancialTimes) October 12, 2020
Қуйида Гидеон Рахманнинг «Уч кучли одам ва уларнинг Яқин Шарқ учун кураши» деб номланган сўнгги мақоласидан баъзи парчалар келтирилади.
«Бир кун дўст, бир кун душман»
Айни пайтда бу уч инсон шахсий муносабатларга асосланган дипломатияга ишонади. Худди мафия оталари сингари улар бир кун «энг яхши дўст» бўлиб, эртаси кун эса душманга айланишлари мумкин. Бу жуда муҳим, чунки уларнинг манфаат тўқнашуви Яқин Шарқдан тортиб то Шимолий Африка ва Кавказгача бўлган ҳудуддаги кенг миқёсли низоларни келтириб чиқармоқда. Агар уларнинг душманлиги назоратдан чиқиб кетса, бунинг азобини фақат тинч аҳоли чекади.
Айниқса, Путин ва Эрдўған ўртасидаги муносабатлар жуда ғалати. Улар Сурия ва Ливия, энди эса Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувларда томонларни қўллаб-қувватламоқда. Улар бир пайтлар тўғридан тўғри зиддиятга киришганди ҳам. 2015 йил Туркия Россия самолётларини Сурия осмонида уриб туширганди. Шу йилнинг бошида эса Москва қўллаб-қувватлаган Сурия кучлари Суриядаги турк қўшинларини бомбардимон қилди.
Россия ва Туркия раҳбарлари икки ўртадаги дўстликни ҳануз эҳтиёткорлик билан сақлаб келишмоқда. Туркия НАТО иттифоқини писанд ҳам қилмаган ҳолда Россиянинг С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сотиб олишга қарор қилди. Путин 2016 йилги тўнтаришга уриниш натижасида тахтдан ағдарилиш хавфи остида қолган Эрдўғанга дарҳол ўз қўллаб-қувватловини билдирди. АҚШ эса жим эди.
Икки лидернинг ички сезим орқали бир-бирини тушуниши ҳам тўқнашув сабаблари билан бевосита боғлиқ. Уларнинг иккиси ҳам АҚШга қарши автократлардир ва улар Яқин Шарқдаги АҚШ бўшатган доирада ўз таъсирини кенгайтиришга интилмоқда. Путин ва Эрдўған қўшни минтақалардаги умумий майдонларда ҳаракат қилишмоқда.
Учинчи асосий ўйинчи эса кўпроқ Вашингтонга параллел бўлган Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмондир.
«Улар куч ишлатишга мойил»
Мамлакат ичкарисида ва ташқарисида куч ишлатилишга бўлган мойиллик ҳам бу уч шахснинг ўхшаш жиҳатларидандир. Путин 2014 йилда Қримни ишғол қилди. 2015 йилда Сурия масаласига аралашди. Мамлакатдаги энг хавфли рақиби Алексей Навальнийни заҳарлашга уринишдай бир қатор операцияларга қўл урди.
Шаҳзода Муҳаммад эса Яманда уруш бошлади, Қатарга эмбарго киритди ва журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишида гарчи шахсий алоқадорлиги борлигини рад этган бўлса-да, Саудия Арабистони раҳбарияти номидан жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Эрдўған ҳам Сурия ва Ливияга қўшин жўнатди ва Ўрта ер денгизида Греция билан яна бир ҳарбий тўқнашув иштирокчисига айланди. Шунингдек, у Арманистонга қарши курашда Озарбойжонга ҳарбий ёрдам берди. Мамлакат ичкарисида эса ўз мухолифларини, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳибсга олди.
«Ғолиби бўлмаган кураш»
Уч лидернинг кураши – ғолиби бўлмаган курашдир. Ливияда Туркия томонидан қўллаб-қувватланган ҳукумат Россия ва Саудия дастак бераётган исёнчилар билан курашмоқда. Туркиянинг Қатар ва мусулмон биродарларни қўллаб-қувватлаши, шунингдек, Эронга яқинлиги Саудия Арабистонини ғазаблантирмоқда.
Саудия–Россия муносабатлари эса янада мураккаб. Путин Қошиқчи ўлдирилгандан кейин 2018 йил G20 саммитидаги саломи билан шаҳзода Муҳаммаднинг обрўси тикланишига ёрдам берди. Аммо Россия ва Саудия раҳбарлари жорий йил бошида нефть нархлари туфайли анча «сан-ман»га боришди.
Умуман олганда, бу уч лидер ўртадаги низоларни бошқаришни уддалаяпти. Гарчи Россия ва Туркия Суриядаги фуқаролар урушида қарама-қарши томонларда бўлса-да, энг долзарб ва устувор йўналишларда тез «тил топишмоқда». Эрдўған учун курд маъмурияти барпо этилишини тўхтатиш устувор аҳамиятга эга. Россия учун эса Сурия президенти Башар Асад ҳокимияти ағдарилишининг олдини олиш муҳим.
Аммо бу нозик мувозанат осонликча бузилиши мумкин. Икки ҳафталик можародан сўнг руслар Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можаросида оташкес эълон этилишида воситачилик қилди. Аммо бу тинчлик жуда беқарор ва аллақачон янги тўқнашувлар ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Туркия Озарбойжонни қўллаб-қувватламоқда. Россиянинг эса Арманистон билан ўзаро ҳимоя тўғрисидаги келишуви мавжуд. Табиийки, Москва собиқ совет ҳудудида Туркиянинг узоқ муддатли таъсирига тоқат қилиб тура олмайди.
Уч раҳбар айни пайтда ташқи ва мамлакат ичкарисидаги кучлар масаласида ҳам жуда заиф мувозанатга эга. Путин Қримга бостириб кирганида русларда «Телевизор ва музлаткичдан бирини танлаши керак» деган ҳазиллар пайдо бўлганди. Музлаткич бўш, аммо телевизор ҳарбий ғалаба ҳақидаги янгиликлар билан тўла эди. Қрим ғалабасидан сўнг Путиннинг машҳурлик даражаси кўтарилди, аммо иқтисодий қийинчиликлар юзага келди.
Эрдўған ҳам шунга ўхшаш вазият билан дуч келмоқда. Иқтисодий заифлик кузатилаётган бир пайтда Туркия томонидан олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар Эрдўғаннинг имижига салбий таъсир ўтказмоқда. Зотан, ишлар ўз йўлида кетмаётган бир вазиятда мамлакат ташқарисидаги курашга иқтисодий чиқим сифатида қаралиши мумкин.
Шаҳзода Муҳаммад ҳам худди шундай аҳволда. Яманда уруш бошлаш тўғрисидаги қарор Саудия Арабистони ёшларининг эътиборини тортди, аммо муваффақият дарҳол қўлга киритилмади. Саудия иқтисодиёти арзон нефть нархларидан азият чекмоқда.
Иқтисодий вазият оғирлашгани сари бу уч лидер мамлакат ташқарисида янада кўпроқ куч намойиш этишга эҳтиёж туймоқда. Шу билан бирга, улар ўртасидаги зиддият хавфи ҳам тобора ортиб бормоқда.
Мавзуга оид
20:43 / 13.11.2024
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
22:15 / 12.11.2024
ОАВ: Путин Трампнинг инаугурациясигача Курскни қайтаришни буюрди
13:11 / 12.11.2024
Сиёсатшунос Галлямов: Трамп Путин учун тузоқ қўймоқда
09:58 / 12.11.2024