Ўзбекистон | 19:09 / 13.06.2019
23852
4 дақиқада ўқилади

Мубин Мирзаев: блогерлар бўйича нотўғри маълумот берган ходимларга чора кўрилди

Бугун, 13 июнь куни Давлат солиқ қўмитасида қўмита раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев иштирокида журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Мубин Мирзаев ижтимоий тармоқларда тарқалган солиқ қўмитаси ва блогерлар фаолиятига оид хабарларга изоҳ берди.

«Ҳар бир хабар асосли бўлиши лозим. Таъкидлашим шарт, блогерларга оид тарқалган гапларни мен гапирмаганман, аммо негадир бу хабарлар асосан менинг суратим остида эълон қилингани тўғри бўлмаган. Асоссиз ёки аниқ бўлмаган маълумот берган ходимларимизга ҳайфсан берилди.

Шу ўринда ойдинлик киритиб кетсам – Давлат солиқ қўмитасининг қонуний фаолият юритаётган бирор шахсга нисбатан қаршилиги йўқ, аксинча ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Жумладан блогерларни ҳам. Блогерлик фаолиятига ҳам чеклов йўқ. Аммо шу блогерлик фаолияти доирасида реклама билан ҳам шуғулланиб, даромад олинаётган бўлса, албатта тегишли тартибда рўйхатдан ўтиб, солиқларни тўлаш лозим. Блогер мулкчилик шаклини ўзи танласин, истаса ЯТТ, истаса юридик шахсга айлансин ва хотиржам фаолият юритсин.

Энди телефони олиб қўйилган блогер йигитга келсак (Азиз Ашурбаев тадбирда иштирок этаётганди), мен сиздан узр сўрайман ва сизга ҳам тегишли тартибда рўйхатдан ўтиб, фаолиятингизни давом эттиришингиз учун қўлимдан келган ёрдамни бераман. Ҳаттоки кредитлар олишга кўмак беришга биз тайёрмиз.

Алоҳида таъкидлашим керак, солиқ тизими шаффоф фаолият кўрсатишида ОАВ катта роль ўйнамоқда. Энг муҳими халқимиз тизимга ишонсин», дея қўмита раисининг биринчи ўринбосари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

12 июнь куни Давлат солиқ қўмитаси блогерларнинг ижтимоий тармоқлардаги каналлар, персонал саҳифаларда реклама жойлаши ва шу йўл билан даромад орттиришига «ноқонуний фаолият» дея таъриф берган, ижтимоий тармоқда реклама жойлаб пул топаётган блогерлар патент, яъни якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида гувоҳнома олиши кераклигини айтган, агар ижтимоий тармоқларда реклама орқали даромад кўраётган шахс давлатга солиқ тўламаса, ундан техника воситаси (телефон, ноутбук, планшет, компьютер) олиб қўйилиши мумкинлигини маълум қилган эди.

Кейинроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган, блогерлик фаолияти билан боғлиқ хабарларда кўтарилган масалалар бўйича Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўрганиш ўтказилаётгани хабар берилди.

Шунингдек, 12 июнь куни телеграмдаги «Қўшни маҳалла» каналида «Блогерни тунаган қароқчилар» сарлавҳаси остида пост қолдирилганди. Унда «Инстаграм»да 300 минглик аудиторияга эга саҳифа эгаси блогер Азиз Ашурбаев 8 июнь куни каналида реклама жойлаштириш бўйича учрашувга бориб, реклама учун 400 минг сўмни олган вақтида бегона шахслар етиб келишгани, улар ўзларини солиқчилар сифатида таништириб, телефонини олиб қўйишгани, «Инстаграм»даги саҳифасининг паролларини ўзгартириб, саҳифасига эга чиқишгани, ижтимоий тармоқдаги бошқа саҳифаларидаги ёзишмаларини ҳам кузатишаётганидан шикоят қилганди.

Бугун, 13 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги директори Комил Алламжонов ўзининг твиттердаги саҳифасида Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилиб, блогер Азиз Ашурбаев билан боғлиқ ҳолатни ўрганиб чиқилиб, инспекторнинг хатти-ҳаракати қонунга зидлиги аниқланса унга нисбатан чора кўрилишини сўради.

Мавзуга оид