Иқтисодиёт | 16:13 / 13.06.2024
23503
8 дақиқада ўқилади

Москва биржаси санкцияга тушди. Бу рубл курсига қандай таъсир қилади?

АҚШ санкциялари ортидан Москва биржасида доллар ва евро савдоси тўхтатилди. Бу – рубл конвертациясида транзакцион харажатларни ошириши мумкин. Санкцияларга қарамай, РФ МБ рублнинг ягона бозор курси сақланиб қолишини билдирди. Мутахассислар яқин кунларда Россияда валюта сотиш ва сотиб олиш курси ўртасида фарқ катта бўлишини айтмоқда.

Фото: Евгений Разумный / Ведомости

АҚШ Молия вазирлиги Россия валюта бозорида доллар савдосига воситачилик қилувчи бир нечта молия институтларига, хусусан, Москва биржаси, Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсига нисбатан санкциялар жорий этди.

Бунинг натижасида Москва биржаси 13 июндан бошлаб доллар ва евро савдосини тўхтатди. РБК хабарига кўра, валюта айирбошлаш шохобчаларининг баъзиларида долларнинг энг юқори қиймати 12 июн кунги маҳаллий вақт билан соат 19:15 ҳолатига кўра 200 рублгача кўтарилган. Шу билан бирга, евро сотиб олиш курси ҳам 160 рублгача ошган. Орадан бироз вақт ўтиб, курс бироз барқарорлашди. Шундай бўлса-да, онлайн банкларнинг аксарияти доллар сотишни тўхтатди.

Рубл курсидаги юқори тебранувчанлик

Москва биржаси – Россия молиявий инфратузилмасининг муҳим қисмидир. Унда банклар, корхоналар ва инвесторлар турли хил валюталар – доллар, евро ва юанни сотиб олади ва сотади. Россия Марказий банки куннинг биринчи ярмидаги савдоларнинг боришига қараб, рубл курсини белгилайди. Кейинчалик бу курс банклардан валюта сотиб олиш мумкин бўлган ўртача қийматни аниқлаб беради. Янги санкциялар эса мазкур тизимни бузди.

“Энг асосий оқибат рубл курси волатиллигининг ўсиши бўлади”, деди Bloomberg Economics'нинг Россия, Марказий ва Шарқий Европа бўйича бош иқтисодчиси Александр Исаков BBC билан суҳбатда.

Украинада уруш бошланганидан сўнг, кўплаб хорижий инвесторлар Россия бозорини тарк этганди. Хорижий валютанинг чиқиб кетиши ортидан рублнинг тебранишлари анча кучайди. Масалан, 2023 йилда рублнинг узоқ давом этган пасайиши кузатилди. 2023 йилда долларнинг рублга нисбати 70 дан 104 гача ўзгариб турди. Расмийлар эса буни турли хил маъмурий қарорлар билан тўхтатишга ҳаракат қилиб келяпти.

Молиячи Сергей Романчук спредларнинг ўсиши, яъни валютани сотиш ва сотиб олиш курси ўртасидаги фарқ юқори бўлиши, банклар бундан яхши пул ишлашлари мумкинлиги ҳақида ёзди. Шунингдек, у валюта савдоси ҳажмининг янада қисқаришини прогноз қилди.

“Келажакда юан савдоси билан ҳам нима бўлиши ноаниқ”, дейди Романчук. Унинг фикрича, Хитой расмийлари Россия миллий клиринг депозитарийсига хизмат кўрсатишни истамаслиги мумкин.

Аввалроқ, ОАВда Хитой банклари иккиламчи санкциялардан қочиш учун Россиядан келадиган пул ўтказмаларини икки марта текшираётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

“Бозор учун бу санкциялар унчалик катта воқеа эмас, оддий руслар учун эса жуда кичик воқеа. Аммо Москва биржасининг ўзи учун бу муҳим”, дейди T-Investments бош иқтисодчиси Софя Донетс.

Энди Россия Марказий банки валюта курсини қандай белгилайди?

Бугунги кунгача Россия Марказий банки расмий доллар ва евро курсларини белгилашда биржа савдолари ҳақидаги маълумотлардан фойдаланган. Москва биржасига қарши санкциялар қўллангандан сўнг, регулятор расмий доллар ва евронинг рублга нисбатан қийматини банк ҳисоботлари ва биржадан ташқари рақамли платформалардан олинган маълумотлар орқали аниқланишини эълон қилди.

РФ Марказий банки рублнинг “ягона бозор курси” мавжуд бўлишда давом этишини ваъда қилмоқда. Регулятор, шунингдек, аҳолини улар учун ҳеч нарса ўзгармаслигига ишонтиряпти: бундай кейин ҳам валюта сотиб олиш ва сотиш мумкин бўлади. Банклар ва молиявий компаниялар ҳам бу уларнинг ишига таъсир қилмаслигини таъкидлашган. Марказий банкнинг сўнгги таҳлили натижаларига кўра, валюта савдоларининг умумий ҳажмида биржадан ташқари бозор улуши биржа бозори улушидан аллақачон ошиб, 58,1 фоизни ташкил этган.

Бу ерда энг асосий хавф Россия молия тизимининг қулай ва хавфсиз валюта айирбошлаш воситасидан маҳрум бўлишидир.

Иқтисодчи Александр Исаковнинг фикрича, мамлакатда валюта тақчиллиги кузатилмайди.

“Эҳтимол, асосий таъсир чет эл валютасининг танқислиги бўлмайди, аммо экспортёрлар ва импортерлар учун транзакция харажатлари ошади”, – дейди Исаков.

Унинг фикрича, узоқ муддатли истиқболда санкциялар капиталнинг чиқиб кетишига ва рублнинг заифлашишига олиб келади.

Renaissance Capital бош иқтисодчиси Олег Кузминнинг фикрича, доллар ва евро курсларини ҳисоблаш учун асос сифатида биржада мавжуд бўлган юаннинг рублга нисбатан қиймати олинади.

“Марказий банк эса доллар-рубл курсини ушбу валюталар эмитент давлатларидан бирининг Марказий банки томонидан белгиланган юан-доллар курсидан фойдаланган ҳолда белгилайди. Бу амалиёт рублнинг халқаро валюталар катта қисмига нисбатан курсини белгилашда ҳам қўлланади”, деб тушунтирди Кузмин.

Марказий банкнинг қўшимча қилишича, агар банк ҳисоботлари ва рақамли платформа маълумотлари ҳам мавжуд бўлмаса, доллар, евро ва юаннинг рублга нисбатан расмий курси аввалги кундаги қийматга тенглаштирилади.

Романчук Москва биржасида доллар ва евродаги савдоларнинг тўхтатилишини “90-йилларга қайтиш” дея таърифлади.

“Бир пайтлар марказлашган клиринг ва электрон валюта савдоси ҳам бўлмаган, одамлар яшарди!” – дея ёзади у. Романчукнинг фикрича, муқобил электрон платформа пайдо бўлиши мумкин, аммо у Москва биржаси ўрнини бирданига босиши имконсиз.

Рубл заифлашадими?

Bloomberg иқтисодчиси Александр Исаковнинг фикрича, санкциялар натижасида рубл кўпи билан 10 фоизгача заифлашиши мумкин.

“Бу ҳолатда Россия банки ва Молия вазирлиги ставкаларни кўтариш ва валюта таклифини ошириш орқали зарбани юмшатишга ҳаракат қилади”, дея таъкидлайди Исаков.

Валюта Россияга биржа орқали эмас, балки экспорт-импорт канали орқали кириб келади. Шу жиҳатдан, кўпчилик мутахассислар санкциялар рублнинг кескин заифлашишига таъсир қилмайди, деб ҳисоблашяпти.

CEPA илмий ходими Александр Коляндр The Bell нашрига маълум қилишича, санкциялар рубл конвертациясининг чекланиши, Россиядан валюта олиб чиқиш қимматлашиши, россиялик экспортёрлар учун валютани манфаатли курсда сотиш қийинлашишига олиб келади.

Санкциялар ва рубл курси ўзгаришининг Ўзбекистонга таъсири

Пул ўтказмаларига таъсири. Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг катта қисми Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳиссасига тўғри келади. Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йилнинг I чораги давомида пул ўтказмаларининг умумий ҳажми 2,5 млрд долларни ташкил қилган. Шундан қарийб 68 фоизи – Россиядан юборилган ўтказмалар. Рубл қадрининг тушиб бориши эса асосий даромади хориждан юбориладиган маблағларга боғлиқ бўлган оилаларни нисбатан камбағаллаштиради ва уларнинг истеъмоли қувватини пасайтиради.

Экспорт тушумларига таъсири. 2024 йилнинг январ-апрел ойларида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айланмаси 3,8 млрд долларни ташкил этган. Шундан, экспорт ҳажми – 1,02 млрд доллар. Россия бозори Ўзбекистон экспорти учун асосий бозор ҳисобланади. Ўзбекистонлик экспортчилар Россияга маҳсулот етказиб бераётганда маҳсулот таннархи Россия бозоридаги нархларга қараб белгиланади. Валюта курсининг ўзгариши эса доллар ҳисобидаги тушумнинг пасайишига олиб келади.

Эҳтимолий санкциялар хавфи. Санкциялар рўйхатига қўшилганидан сўнг, Москва биржаси “ўта хавфли” контрагентга айланди. Бу эса мазкур биржа билан билан ишлаши мумкин бўлган Ўзбекистондаги ташкилотларни ҳам иккиламчи санкциялар хавфи остида қолдиради.

Мавзуга оид