АҚШ Россия ва КХДРнинг бешта юридик ва жисмоний шахсига қарши санкциялар киритди
АҚШ санкциялари КХДРга халқаро молия тизимига киришда ёрдам бераётган Россия, Жанубий Осетия ва Шимолий Корея юридик ва жисмоний шахсларига нисбатан жорий этилди.
Қўшма Штатлар санкциялар рўйхатига, Америка расмийларига кўра, Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ноқонуний тўловлар механизмларида иштирок этган беш юридик ва бир жисмоний шахсни киритди. Бу ҳақда 19 сентябр, пайшанба куни АҚШ Давлат департаменти ва молия вазирлиги пресс-релизларида маълум қилинди.
Хусусан, гап КХДРнинг иккита давлат ташкилоти – Foreign Trade Bank (FTB) and Korea Kwangson Banking Corporation (KKBC) ҳақида бормоқда. FTB КХДРнинг асосий валюта банки бўлиб, КХДР ўзининг оммавий қирғин қуроллари ва баллистик ракета дастурларини молиялашда фойдаланадиган ноқонуний молиявий тармоқлар учун жуда муҳим, дея қайд этади АҚШ молия вазирлиги.
2009 йилда KKBC'га қарши санкциялар оммавий қирғин қуролларини тарқатувчилар сифатида аниқланган ташкилотларни қўллаб-қувватлаш учун молиявий хизматлар кўрсатгани сабаб жорий этилган эди, дейилади пресс-релизда. «FTB ва KKBC Россия Федерацияси кўмагида Шимолий Кореянинг ноқонуний молиявий тармоқларга киришини кенгайтиришда давом этмоқда», — дейди Америка молия департаменти.
Россия ва Жанубий Осетиянинг иккита банки АҚШ санкциялари остида қолди
АҚШ ҳукумати томонидан санкциялар рўйхатига киритилган бошқа ташкилотлар — қароргоҳи Жанубий Осетияда жойлашган Халқаро ҳисоб-китоб банки, Тимер Банк «Ростех» шуъба корхонаси ва «Стройтренд» МЧЖ. «ЦМРБанк» МЧЖ вице-президенти Дмитрий Никулин ҳам чекловларга дуч келди.
АҚШ расмийлари ушбу ташкилотлар ва шахслар «БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1718-резолюциясида кўзда тутилган мақсадли молиявий санкциялар ва тақиқларни бузган ҳолда КХДРга халқаро банк тизимига кириш имконини берувчи ноқонуний молиявий схемалардан фойдаланишда иштирок этган» деб ҳисобламоқда.
Санкциялар жорий этилиши «Шимолий Кореянинг ноқонуний оммавий қирғин қуроллари ва баллистик ракета дастурларини молиялаштиришга ёрдам берадиган ҳамда Россиянинг Украинага қарши ноқонуний урушини қўллаб-қувватловчи тармоқларни фош қилади», дейилади АҚШ ташқи сиёсат идораси баёнотида.
Ўз навбатида, АҚШ молия вазирлиги «жанг майдонидаги йўқотишлар ортиб бораётгани ва халқаро яккаланишнинг чуқурлашиши шароитида Россия қурол сотиб олиш ва иқтисодий ҳамкорлик соҳасида КХДРга тобора кўпроқ қарам бўлиб бораётганини» таъкидлади.
Мавзуга оид
16:57 / 03.10.2024
АҚШда AirPods қулоқчинлари ўғирланган Ferrari’ни топишга ёрдам берди
20:47 / 02.10.2024
Мулойим дуранг – АҚШ вице-президентлигига номзодлар дебат ўтказди
12:30 / 02.10.2024
АҚШ Су-35'нинг Аляска яқинидаги «хавфли манёври»ни танқид қилди
23:47 / 01.10.2024