Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Молия вазирлиги Ягона ғазна ҳисобварағидаги маблағларни бошқариш такомиллаштирилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ягона Ғазна ҳисобварағидаги маблағларни бошқариш жараёнини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ягона ғазна ҳисобварағидаги вақтинча бўш маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш бўйича ягона орган этиб белгиланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ягона ғазна ҳисобварағидаги вақтинча бўш маблағларни жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.
Белгилаб қўйилишича:
илгари жойлаштирилган вақтинча бўш маблағлар депозит муддати тугагунига қадар тижорат банкларининг депозит хисобварақларида сақланади ва депозит шартномасида белгиланган муддатларда қайтарилади;
бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар, шу жумладан ғазна ижроси билан қамраб олинган бюджетдан ташқари жамғармалар вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигига буюртмалар тақдим этиш йўли билан жойлаштирадилар.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ягона Ғазна ҳисобварағидаги вақтинча бўш маблағларни жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Молия вазирлиги Ғазначилиги ва Марказий банк ўртасида тузиладиган шартномага асосан Марказий банк Молия вазирлигининг ЯҒҲдаги маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш бўйича фискал агент вазифасини амалга оширади.
ЯҒҲдаги маблағларни депозитларга жалб қилиш мақсадида, тижорат банклари Ғазначилик билан умумий талабларни ва маблағларни депозитларга жойлаштириш тартибини белгиловчи Бош шартнома тузади. ЯҒҲдаги маблағларнинг ҳисобини юритилиши, ўз вақтида қайтарилиши ва фоизларнинг ҳисобланишини назорат қилишни ташкил этиш мақсадида Ғазначилик томонидан “Тўловлар маркази” дастурий маҳсулотидан фойдаланилади.
ЯҒҲдаги бўш маблағлар тижорат банклари депозитларига Ғазначиликнинг буюртмаси асосида Марказий банк томонидан жойлаштиради. Ғазна ижроси билан қамраб олинган Давлат мақсадли жамғармалари ва бошқа мақсадли жамғармалар (ДМЖ ва БМЖ) шунингдек бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг ўз вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига Ғазначиликка буюртмалар тақдим этиш йўли билан жойлаштирадилар. Ҳудудий Ғазначилик бўлинмалари бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг вақтинча бўш маблағларни жойлаштириш бўйича буюртмаларини ички электрон каналлар орқали юборадилар.
ЯҒҲдаги маблағларни жойлаштириш Марказий банк томонидан қайтарувчанлик, тўлов қобилияти, ликвидлилик ва диверсификация тамойили асосида ЎзРВБ томонидан ўрнатилган биржа савдолари қоидаларига мувофиқ ҳолда савдо тизими орқали амалга оширилади. Марказий банк битта тижорат банки томонидан депозитга жалб этилиши мумкин бўлган маблағ ҳажмининг лимитини ўрнатишга ҳақлидир.
ЯҒҲдаги маблағларни жалб этувчи тижорат банклари қуйидаги талабларга мос бўлишлари лозим:
ЯҒҲдан жалб қилинган маблағларни миқдоридан қатъий назар охирги 12 ой давомида жойлаштирилган депозитлар бўйича муддати ўтказиб юборилган тўловларнинг мавжуд эмаслиги;
ЯҒҲдаги маблағларни жалб этиш пайтида Марказий банк томонидан алоҳида операцияларни амалга ошириш ёки банк фаолиятини тўхтатиш бўйича қўлланилган санкцияларнинг мавжуд эмаслиги;
«Standard & Poor’s» ва «Fitch Ratings» халқаро рейтинг агентликларининг «В» даражасидан паст бўлмаган, шунингдек «Moody’s» агентлигининг «В2» даражасидан паст бўлмаган узоқ муддатли кредит рейтингининг мавжудлиги;
ЯҒҲдан жойлаштириладиган маблағларнинг хажми банк депозит портфелининг 10 фоизидан ошмаслиги керак;
умумий капитали миқдори 200 млрд сўмдан кам бўлмаслиги керак;
мажбурий резерв нормативлари талабларини тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши.
Ғазначилик хар чорак биринчи ойининг 20 санасига қадар депозитларга жойлаштирилиши режалаштирилаётган маблағлар ҳажми, муддати ва минимал фоиз ставкасини аниқлаб Марказий банк билан келишганидан сўнг, ЯҒҲдаги маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш бўйича ягона буюртмани Марказий банкка тақдим этади.
Ғазначилик Маказий банк билан келишган холда ЯҒҲдаги бўш маблағларидан келиб чиқиб, чорак давомида маблағларни жойлаштириш ҳажмига ўзгартириш киритишга ҳақли. Марказий банк тижорат банкларида пул массаси ликвидлилиги ошиб кетиш хатари мавжуд бўлганда барча маблағларни ёки бир қисмини жойлаштиришни рад этишга ҳақли.
Ғазначиликнинг буюртмасига асосан ЯҒҲдаги маблағларни депозитларга жойлаштириш параметрлари тўғрисида эълон Марказий банк ва ЎзРВБнинг расмий веб-сайтларида ЯҒҲдаги маблағларни депозитларга жойлаштириш санасигача уч иш кунидан кечиктирмай жойлаштирилади.
Марказий банк маблағларни депозитларга жойлаштириш кунида ЯҒҲдаги маблағларни депозитларга жойлаштириш кўрсаткичлари бўйича буюртмани савдо тизимига жойлаштиради.
Тижорат банклари депозитларга маблағ жалб этиш учун буюртмаларни маблағ хажми ва жалб қилиш фоиз ставкасини кўрсатган холда савдо тизимига жойлаштиради.
Тижорат банкларининг буюртмалари фоиз ставкаларнинг пасайиши тартибида қаноатлантирилади, яъни тижорат банклари таклиф этган энг юқори фоиз ставкасидан бошлаб энг паст фоиз ставкасигача. Савдо тизимида бир хил фоиз ставкасида бир нечта буюртманомалар мавжуд бўлса, биринчи навбатда тизимга вақт бўйича кеч киритилган буюртманомадан олдинроқ киритилган буюртманома биринчи навбатда қондирилади. Бунда, охирги буюртманома қисман қаноатлантирилиши мумкин. Буюртмаларни киритиш вақти бир хил бўлган ҳолларда ушбу буюртмалар пропорционал улушларда қаноатлантирилади. Эълон қилинган ЯҒҲдаги маблағлар хажми тўлиқ ҳажмда жойлаштирилмаган ҳолларда, жойлаштирилмаган қисми кейинги савдо сессияларида жойлаштирилади.
ЯҒҲ маблағларини жойлаштириш бўйича битими амалга ошгандан сўнг, савдо тизими битимни рўйхатдан ўтказилиб унга рўйхат рақами берилиб, битим амалга ошганлигини тасдиқловчи ва депозитга жойлаштириш учун ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга асос бўлиб хизмат қилувчи биржа гувоҳномасини Марказий банк ва тижорат банкларига тақдим этади.
Депозит операциялари якунлангандан сўнг, Марказий банк биржа гувоҳномаси ва тузилган битимлар бўйича йиғма маълумотни Ғазначиликка юборади.
Ғазначилик томонидан ЯҒҲдаги маблағларни жойлаштириш бўйича депозит операциялари амалга оширилгандан сўнг кейинги иш кунидан кечиктирмасдан биржа гувоҳномалари асосида ЯҒҲдаги маблағларни тегишли ғазна шахсий ҳисобрақамларидан тижорат банкларининг депозит ҳисобрақамларига кўчириб берилади.
ЯҒҲдаги тижорат банклари томонидан жалб қилинган маблағлар бўйича фоиз тўловлари депозитга маблағ кўчирилган кундан бошлаб маблағни қайтариш кунига қадар (бунда маблағларни қайтариш куни ҳисобга олинмайди) йиллик 365 календар кунидан келиб чиқиб ҳисобланади. Зарурат бўлганда, Ғазначилик тижорат банкларининг депозитларига жойлаштирилган маблағларни муддатидан аввал қайтарилишини талаб қилиши мумкин. Муддатидан аввал қайтариш шартлари Ғазначилик билан тижорат банклари ўртасидаги Бош шартномада белгиланади.
Тижорат банклари депозитларига жойлаштирилган маблағлар, шу жумладан, фоизлар ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда Ғазначилик Бош шартномада белгиланган тартибда қарздорликни ундиради ва ҳар бир кечиктирилган кун учун муддати ўтказиб юборилган қарз суммасининг 0,033 фоизи миқдорида пеня ҳисоблайди. Пеня ҳисобига келиб тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг махсус жамғармасига ўтказилади.
ЯҒҲдаги вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар қуйидаги тартибда тақсимланади:
етмиш фоизи - Ўзбекистон Республикаси президенти маъмурияти фаолиятига кўмаклашиш махсус жамғармасига;
йигирма фоизи - Ўзбекистон Республикаси молия тизимини ижтимоий ривожлантириш ва ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармасига;
ўн фоизи - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети даромадига.
ДМЖ ва БМЖ, шунингдек бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар, қуйидаги тартибда тақсимланади:
тўқсон фоизи - ДМЖ ва БМЖ, шунингдек бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг тегишли даромадига;
ўн фоизи - Ўзбекистон Республикаси молия тизимини ижтимоий ривожлантириш ва ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармасига.
Тижорат банклари депозитларига жойлаштирилган вақтинча бўш маблағлардан олинган даромадлардан фойдаланиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Фоиз сифатида олинган даромадларни солиққа тортиш Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Мавзуга оид
10:25 / 25.11.2025
Австрия бизнес делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюради
16:43 / 21.02.2023
Ўзбекистонда ходимларнинг 28 фоизи 1 млн сўмгача маош олади
20:14 / 22.11.2022
Ўзбекистоннинг давлат қарзи 26 млрд доллар атрофида сақланиб қолди
11:51 / 22.11.2022