Ўзбекистон | 21:54 / 21.04.2026
7290
2 дақиқада ўқилади

 “Солиқ тўламайман дейишга ор қилиш керак” - маданият вазири

Маълум бўлишича, санъат вакиллари яқинда президент билан мулоқот қилади. Вазир Озодбек Назарбеков ушбу учрашув аввалидан санъаткорлар билан йиғилиш ўтказди, уларнинг таклифларини эшитди. Шунингдек, вазир ўз чиқишида яқинда кўтарилган солиқ мавзуси «шовқин»ига ҳам муносабатини билдириб кетди.

21 апрель куни Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков санъат соҳаси вакиллари билан учрашув ўтказди. Маълум бўлишича, яқинда санъаткорлар билан президентнинг мулоқоти ўтказилади, бунга тайёргарлик бошланган. Вазир эса мулоқот аввалида ҳамкасбларини тинглади, таклифларини эшитди. 

Сўзи бошида Назарбеков яқинда жиддий муҳокама қилинган санъаткорларни солиққа тортишни кўзловчи қарор лойиҳаси юзасидан фикрини билдирди. 

“Бу ҳали муҳокамада, қабул қилингани йўқ. Солиқ тўлаш мажбурий, ҳамма тўлаяпти, дунёда солиқ тўламайдиган одам йўқ. Санъаткорлар ҳам ҳозиргача тўлаб келмоқда, буни билмай тўламайман деганлари ҳам бор. Баъзилар юзини, саводсизлигини кўрсатиб қўйди”, - дейди у. 

Вазирнинг қўшимча қилишича, солиқ тўламайман дейишга ор қилиш керак. 

Йиғилишда санъат вакилларидан келгусида президент столига қўйса бўладиган таклифлар сўралди. Солиқ маъмуриятчилиги, концертлардан тўланадиган солиқ, халқаро доирада концертлар бериш ва гастроллар, маданият марказлари фаолияти, вазирликнинг алоҳида телеканалини очиш ва шу каби фикрлар ўртага ташланди.

Хонанда Шуҳрат Дарё савияли асарларга талаб юқори экани, бироқ рейтинг сабаб экранларда кўринмаётганидан нолиди. 

“Балки қандайдир ресурс, масалан Маданият вазирлиги телеканалини очиб, ҳамма савияли асарларни унда жойлаштириб боришар”, - дейди санъаткор. 

Бунга жавобан эса Назарбеков таклифлар ва ташаббуслар ижрочилари санъат вакилларининг ўзи бўлиши, давлат эса фақат қўллаши мумкинлигини айтди. 

“Олдинга қараб кетайлик, совет давридек гапирманглар. Давлат қилиб берсин, деган тушунчадан узоқлашайлик”, - дейди вазир.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид