Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғона ва Сурхондарёда сел кузатилди, Самарқандда кўчаларни сув босди
Тожикистон тоғларидан оқиб тушган сел Бешариқда аҳоли хонадонларига кириб борган. Бойсунда сел вақтинча нефт сақлаш ҳандақларини яна ювиб кетган бўлса, Сангардакда дўл ёғиши кузатилди. Самарқандда эса икки кундан бери давом этаётган жала оқибатида ирригация тармоқлари тошиб, йўлларни сув босди. Навоий шаҳрида бозор йўлаклари сувга тўлган.
Фарғона вилояти Бешариқ тумани / Фото: "Ўзгидромет"
Ўзбекистон бўйлаб мавсумий ёғингарчилик ортидан бирмунча талафотлар кузатилмоқда.
Фарғона вилояти Бешариқ тумани
Ўзгидромет хабарига кўра, 1 май соат 22:20 ларда Тожикистоннинг Суғд вилояти тоғли ҳудудларида кучли ёғингарчилик кузатилиши натижасида Исфара дарёси орқали Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги “Ровот” гидроузелига 100 м³/с миқдорида сел оқими келган.
Сел сувларининг 30 м³/сек қисми Исфара тўйинтирувчи бетон (ИПК) канали орқали “Бахмал” СТБга, қолган қисми сел сувларини қабул қилувчи ҳавзаларга йўналтирилган.
Шунга қарамай, сел сувлари Бешариқ туманидаги Ворух, Ворухдашт, Янгиқўрғон ва Рапқон маҳаллалари ҳудудларига ҳам оқиб тушган.
Telegram'даги Uzb_Meteo канали тарқатган видеоларда Рапқондаги сув босган ва электр тармоғи ўчган ҳовлини кўриш мумкин. Шаҳарчанинг ёритилмаган кўчалари сув билан қопланган.
Сурхондарёда ҳам сел кузатилди
2 май куни тахминан соат 08:46 ва 08:55 атрофида тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши натижасида Бойсун тумани Чилонзор МФЙда жойлашган Шеробод Чилонзор кузатув гидропостига тахминан 15-20 м3/с атрофида келган сел сувлари оқиб келди, дейилади Ўзгидромет хабарида.
Экология қўмитаси хабарига кўра, 2 май куни тонгги 06:30 да кучли сел келиши натижасида Бойсун туманидаги нефт ҳандақлари яна бузилган ва табиий ҳавзаларга нефт аралаш суюқлик оқиб чиққан.
Uzb_Meteo'нинг ёзишича, 2 май соат 16:40 лар атрофида Сариосиё тумани Сангардак қишлоғида дўл ёғган.
Самарқанд ва Навоийда жала
Ижтимоий тармоқларда Самарқанддаги йўлларни сув босгани акс этган видеолар тарқалди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига кўра, бундай ҳолат 1-2 май кунларидаги кучли ёғингарчилик оқибатида келиб чиққан.
Хусусан, 1 май кунги кучли ёмғир ёғиши натижасида Ургут, Самарқанд, Оқдарё ва Пайариқ туманлари, шунингдек Самарқанд шаҳрининг айрим кўчаларида ёмғир сувлари тўпланиши, айрим жойларда эса ёмғир сувлари ирригация тармоқларига сиғмасдан автомобил йўлларига тошиб чиқиши ҳолатлари кузатилди.
Бугун, 2 май куни эса вилоятнинг Пахтачи туманида кучли ёмғир ёғиши туманнинг баъзи кўчаларида ёмғир сувлари тўпланиш ҳолатларига олиб келди.
ФВБ хабарларида маҳаллий масъуллар зарур амалий чоралар кўраётгани, турар жойларга зарар етгани ёки аҳоли орасида жабрланганлар борлиги тўғрисида маълумот келиб тушмагани айтилган.
Ўзгидрометга кўра, 2 май соат 15:00 ҳолатига Навоий шаҳрида кузатилган кучли ёмғир деҳқон бозори йўлакларини сув босишига олиб келган.
Мавзуга оид
15:58 / 01.05.2026
Ҳафта охирида ҳарорат бироз пасаяди ва ёмғир ёғади
11:52 / 27.04.2026
Ҳафта давомида қуруқ ва иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда
13:45 / 26.04.2026
Тошкент вилоятида тадбиркордан 63 минг доллар талаб қилган ФВБ бошлиғи ушланди
11:22 / 24.04.2026