Остона рекорд ўрнатди: Марказий Осиё шаҳарлари ичида фақат Тошкент ўз номини ўзгартирмаган, рўйхатни Тўйтепа бузмоқда
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳри сўнгги 60 йил ичида 5 марта номи ўзгариб, Гиннеснинг рекордлар китобига кирди. Бу ҳақда The Economist нашри хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг пойтахти 2019 йилда мамлакатнинг биринчи президенти Назарбоев шарафига Нурсултон деб аталганди. Шаҳар яқиндан бошлаб яна Остона (Астана) деб атала бошлади.
Тошкент минтақада номини сақлаган ягона пойтахт
Сўнгги бир аср ичида Марказий Осиё давлатлари ичида Тошкент шаҳридан бошқа Марказий Осиёдаги пойтахтларнинг барчасининг номлари бир неча бор ўзгарган экан.
Масалан, 1830 йилда асос солинган ва 1997 йилнинг 10 декабридан Қозоғистон пойтахти дея эълон қилинган Остона шаҳрининг энг дастлабки номи 1961 йилгача Акмолинск бўлган. Шаҳар 1992 йилгача Целиноград деб аталган. 1998 йилгача Ақмўла деб номланган. 2019 йилгача — Астана. 2022 йилгача — Нурсултон.
Тожикистон пойтахти — 1676 йилда асос солинган Душанбе шаҳри 1929 йилгача шундай аталган. Бироқ 1929–1961 йиллар оралиғида Сталинобод деб юритилган. 1961 йилдан буён яна Душанбе. Тожикистондаги иккинчи йирик шаҳар — эрамиздан аввалги VII–VI асрларда асос солинган, қадимда Кирополис, Эсхата номлари билан тарихга кирган Хўжанд шаҳри эса 1936 йилдан 1991 йилгача Ленинобод деб аталган.
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрига 1823 йилда асос солинган. 1926 йилгача Пишпек деб аталган. 1991 йилгача эса шаҳарнинг номи Фрунзе бўлган.
Биз Ашхобод дейишга кўникиб қолган Туркманистон пойтахти Ашгабат шаҳри номи ҳам расман уч бор ўзгартирилган экан. 1881 йилда асос солинган шаҳар дастлаб Асхабад деб аталган. 1927 йилгача Полторацк деб аталган. 1991 йилда шаҳарнинг расмий номи Ашхабаддан Ашгабатга ўзгартирилган.
Ўзбекистоннинг уч қадимий пойтахти
1925–30 йилларда Ўзбекистоннинг пойтахти бўлган Самарқанд шаҳридан Тошкентга кўчирилгани инобатга олинмаса, Марказий Осиёдаги беш республикадан фақат Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрининг номи сўнгги бир неча юз йилда ўзгартирилмаган экан. Тошкентнинг қадимий номлари Чоч, Шош, Бинкент (Бинкат) бўлган.
1924 йил 27 октябрда Ўзбекистон ССР эълон қилингандан то СССРга қўшилиш шартномаси имзоланган 1925 йил 20 майга қадар пойтахтимиз формал равишда ҳам ва расман Бухоро бўлган. Республика Бухорода эълон қилинган ва ҳукумат ҳам Бухорода ўтирган, деб ёзади эксперт Отабек Бакиров ўз телеграм-каналида.
«Эътиборли жиҳати, қўшниларимиздаги ҳолатдан фарқли ўлароқ большевик ё рус босқинчилари нафақат пойтахтларимиз номини, балки вилоятларимиз марказларини ҳам ўзгартиришга журъат эта олишмаган (ягона истисно — 1926–37 йилларда Беҳбудий деб аталган Қарши шаҳри, бу ҳам босқинчиларнинг эмас, миллий зиёлиларимизнинг ҳаракати билан бўлган).
Турли ёднома ва хотираларда шаҳарларимизни совет ва совет-ўзбек шахслари номига ўзгартиришларга уринишлар бўлгани ёзилади. Лекин уларни ҳамма вақт ўзбек шаҳарларининг ўта қадимийлиги тийиб келган. Масалан, йирик шаҳарларимизни Охунбобоев, Сталин номлари билан аташга уринишлар бўлган. Якунда районлар номини ўзгартириш билан кифояланишган.
Мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам ўтган эпохада йирик шаҳарлар номини ўзгартиришга қўл урилгани йўқ», — деб ёзади Бакиров
Қадимий Тўйтепадан ажралиб қолдик
Иқтисодчи эксперт Тошкент вилояти маъмурий маркази Тошкент шаҳридан Тўйтепага кўчирилгач, 2017 йил 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати XI ялпи мажлисида Тошкент вилоятидаги Тўйтепа шаҳри номини Нурафшон деб ўзгартириш қарори қабул қилинганини эслатади.
«Афсуски, янги эпохада Тошкент вилоятининг маркази Тўйтепа шаҳри бир кунда Нурафшон деб қайта номланди. Тўйтепа — қадимий ном, туркча ном, халқнинг тилида, дилида яшаган ном, адабиётимизга, ҳатто мақолларимизга ҳам кирган», — деб ёзади Бакиров.
2017 йилда бир гуруҳ ўзбек зиёлилари президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, Тўйтепа шаҳри номи Нурафшон деб ўзгартирилаётганига эътирозларини билдиришган эди.
«Биз, ўзбеклар, жуда бой ва фахрланса арзийдиган тарихга эгамиз, азалдан элимиз томонидан қўллаб келинаётган ҳар битта жой номи ҳам тарихимизнинг ажралмас бир қисми. Шундай экан, нима асосда томирлари узоқ ўтмишга, Қорахонийлар давлати даврига (X–XII асрлар) бориб тақаладиган тарихий ном сийқаси чиқиб кетган, ўзбек эли ва ўзбек тарихи учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган форсча «Нурафшон» сўзига алмаштирилди? Бу тарихимизга ҳурматсизлик эмасми?!» — деб ёзишганди мурожаатчилар.
Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.
Мавзуга оид
22:20 / 25.11.2024
Тошкентда Аския бозори ҳудуди ва бинолари 16,8 млн доллар бошланғич нарх билан сотувга қўйилди
22:10 / 25.11.2024
1 январдан Тошкент жамоат транспортида нақд шаклдаги тўловлар учун йўлкира нархи ошиши кутилмоқда
16:33 / 25.11.2024
Тошкентнинг 86 та нуқтасида пулли автотураргоҳ ташкил этиш ҳуқуқи 120 млрд сўмга сотилди
15:48 / 25.11.2024