Ўзбекистон | 19:45 / 07.12.2019
19517
2 дақиқада ўқилади

«Ҳеч ким ОАВнинг қонуний фаолиятига тазйиқ ўтказмайди» — Президент очиқлик сиёсатида ортга қайтиш бўлмаслигини таъкидлади

Бугун 7 декабрь куни «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. 

Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида сўнгги уч йилда эришилган ютуқлардан бири сифатида мамлакатда сўз эркинлиги ва очиқлик сиёсати йўлга қўйилганини алоҳида тилга олди.

Давлат раҳбари журналистлар ва блогерларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида гапириб, уларга аҳоли муаммолари қонуний ҳал этилишидаги фаоллиги учун миннатдорчилик билдирди.

Шунингдек, президент давлат амалдорларини ҳам, ОАВни ҳам ўзаро ҳурмат асосида ва халқ манфаатини биринчи ўринга қўйган ҳолда ҳаракат қилишга чорлади ҳамда сўз эркинлиги борасида сиёсат қатъийлиги, бу сиёсатдан ортга қайтиш бўлмаслигини таъкидлади. 

«Катта раҳмат, оммавий ахборот воситалари ва блогерларга. Кўп-кўп нарсалар Ўзбекистонда очиқ айтиляпти, ҳамма буни кўриб турибди. Лекин битта нарсани билинглар, бу очиқлик ҳеч қачон орқага қайтмайди!

Қанча кўп очиқлик бўлса, оммавий ахборот воситалари одамларимизга ҳақиқий муаммоларни қанча кўп етказса, мен раҳбар сифатида улардан миннатдор бўламан.

Танқид албатта керак. Мана танқид бўляпти, хулоса ҳам бўляпти. Лекин биз ҳаммамиз изланишдамиз, ўрганишдамиз. Янги Ўзбекистон қуряпмиз, бир-биримизга таяниб, халқимизни рози қилишимиз керак.

Яна бир марта такрорлайман, ҳамма билиши керак: Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди», деди президент.

Мавзуга оид