Спорт | 15:31 / 01.12.2025
18746
2 дақиқада ўқилади

Темур Кападзе Ўзбекистонда қолди

Ўзбекистон миллий жамоасининг собиқ бош мураббийи Индонезияга кетиши кутилаётганди, аммо у якунда Суперлига клуби билан келишувга эришди.

Фото: Навбаҳор ФК

Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Тимур Кападзе фаолиятини Суперлига клубида давом эттиради. Наманганнинг «Навбаҳор» клуби 44 ёшли ушбу мутахассисни янги бош мураббий сифатида эълон қилди.

«Тажрибали мутахассис клуб раҳбарияти билан барча масалаларни муҳокама қилган ҳолда, жамоадаги келгуси режалар ва мақсадлар юзасидан тўлиқ келишувга эришди. Томонлар ўзаро шартнома имзолади», дейилади клуб матбуот хизмати хабарида.

Янги бош мураббий бугундан бошлаб жамоа билан ишлашни бошлаши қайд этилган.

Маълумот учун, «Навбаҳор» клубини 2025 йилги мавсумда Шерзод Жўраев бошқарганди, жамоа мавсумни 40 очко билан 7-ўринда якунлади.

Тимур Кападзе бунгача мураббийлик фаолиятида Ўзбекистон олимпия жамоасида ва «Олимпик» клубида бош мураббий сифатида ишлаган, 2025 йил январида Сречко Катанец саломатлигидаги муаммолар туфайли истеъфога чиққанида унинг ўрнига Ўзбекистон миллий жамоаси бошқарувига тайинланганди. У асосий жамоа билан Ўзбекистон тарихидаги илк мундиал йўлланмасини қўлга киритди, аммо ЎФА раҳбарияти 2026 йилги жаҳон чемпионатига таниқли мутахассис - италиялик Фабио Каннаваро билан боришни маъқул кўрди.

Шундан кейин Кападзе бир муддат жамоада ёрдамчи мураббий сифатида ишлашда давом этганди, аммо мустақил фаолият юритиш истагини билдириб, ноябр ойида асосий жамоадан кетди. Унга Индонезия миллий жамоасидан жиддий қизиқиш мавжуд эди, томонлар ўртасида бир неча бор музокаралар ўтказилди, аммо якунда мутахассис Ўзбекистонда қоладиган бўлди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид