Ўзбекистон | 10:52 / 29.08.2020
28488
3 дақиқада ўқилади

Учқудуқ туманида нечта қўйи бор оила камбағал эмас? Туман ҳокими вазиятни очиқлади

Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги сессиясида Олий Мажлис сенати аъзолари ҳам қатнашди. Йиғилишда тумандаги «Темир дафтар»га киритилган оилаларни қандай қилиб камбағалликдан чиқариш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама этилди.

Учқудуқ тумани ҳокими С.Ҳамроев

Бу ҳақда сессияда қатнашган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

 Айтиш мумкинки, жорий йилнинг август ойи якунланишига қарамасдан туманда солиқ тушумлари 2,0 млрд сўм, 72 фоизга бажарилган, холос. Ишсизлик даражаси 11,2 фоизни ёки ишсизлар сони 2,6 минг кишини ташкил этмоқда. Ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларга енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғлик, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун субсидия ажратилмаган. Электр энергиясидан дебитор қарздорлик 2020 йил 1 август ҳолатига 694,3 млн. сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 607,8 млн. сўмга ошган. Жиноятларнинг 5 таси ёшлар, 9 таси эса аёллар томонидан содир этилган.

Туманда 3,7 млн. гектардан ортиқ яйлов ер майдонлардан самарали фойдаланиш ҳисобига чорвачиликни ривожлантириш ва чорва озуқасини етиштиришни кўпайтириш бўйича амалий ишлар қилинмаяпти. Туманда йилига ўртача 4 минг тоннага яқин гўшт маҳсулотлари етиштирилса-да, уни қайта ишлайдиган корхоналар ташкил этилмаган. Туманда сутни қайта ишлашга ихтисослашган бор йўғи 1 та корхона мавжуд. Ушбу корхона томонидан туманда етиштирилган сут маҳсулотларининг бор йўғи 0,8 фоизи қайта ишланади.

Эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож ҳисобланган 1099 та оила “Темир дафтар”га киритилган. Мазкур рўйхатдаги ишсизлардан 984 нафари ёки 94 фоизининг бандлиги таъминланган. Ҳозирги кунда 238 та камбағал оилани мавжуд оғир шароитдан чиқариш учун ҳаракат қилинмоқда.

Сессияда иштирок этган Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Б.Алихонов, Сенатнинг бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалар қўмитаси раиси Э.Гадоев ҳудудни ривожлантиришга доир таклифларни билдирди. Йиғилишда шу пайтга қадар қатор имкониятлардан самарали фойдаланилмагани танқидий муҳокама этилди.

Учқудуқ ҳокими С.Ҳамроев туманда “Темир дафтар”даги оилаларни камбағалликдан чиқариш учун қанча қўй керак, деган саволга жавоб берди.

 “Учқудуқда чекка-чекка овуллар бор. Аҳоли ҳудуд марказидан 100-150 км. олис масофада истиқомат қилади. Улар деярли тўлиқ чорва билан шуғулланишади. Чорвадан бошқа даромади бўлмаган одам учун табиийки, 10-15 та қўй етарли эмас. Бу шароитдаги аҳолини эҳтиёжманд эмас, деб бўлмайди. Улар озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш ёки бошқа эҳтиёжларини қондириш учун ойига ҳеч бўлмаганда, битта қўйини сотишига тўғри келади. Борингки, бир оилага тикув машинаси олиб бериб уларни камбағалликдан чиқардик, дея олмаймиз. Ҳар бир ҳудуднинг муаммоси ўзига хос тарзда ечилиши лозим. Шунинг учун камбағал оиланинг ҳеч бўлмаганда бир вакили ойлик олиб ишлаши шарт ва шунинг учун ҳаракат қилишимиз тўғри йўл бўлади”, - деди Учқудуқ тумани ҳокими С.Ҳамроев.

 Туманда кичик бизнесга алоҳида эътибор қаратиш, чорвачилик комплексларини яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш лозимлиги айтилди.

 Исомиддин ПЎЛАТОВ.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид