Ўзбекистон | 15:32 / 30.12.2024
16692
4 дақиқада ўқилади

Eriell ходимлари 4 ойдан буён маош олишмаётгандан норози бўлиб видео мурожаат қилди

Улар иш ҳақидан ташқари Меҳнат кодексига асосан ойликлар кечиккан давр учун компенсация ҳам сўрашмоқда. Eriell ходимининг Kun.uz'га айтишича, видеодаги мурожаат йўллаётганлар компаниянинг Устюрт лойиҳасида ишлайди. “Лекин ойлик Eriell'нинг барча лойиҳаларидаги ходимларда муаммо бўляпти. Қандим – мустасно”, – дейди у.

Фото: Видеодан кадр

Нефт-газ тармоғи компаниялари учун қудуқларни қуриш ва капитал таъмирлаш хизматларини кўрсатувчи Eriell бир неча ойдан бери ходимларнинг иш ҳақларини тўламай келяпти.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеода компания ишчилари президентга мурожаат қилиб, иш ҳақини олишда ёрдам сўраган.

Конституциямизнинг 2-моддаси: давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар. Биз нефт ва газ соҳаси бўйича Eriell компаниясида ишлаймиз. 2024 йилнинг август, сентябр, октябр ва ноябр ойида ишлаган иш ҳақимизни олганимиз йўқ. Бугун, 28 декабр”, – дейди мурожаатчилар.

Улар янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 333-моддасида иш берувчи иш ҳақини ва бошқа тўловларнинг муддатини бузганлик учун 10 фоиз миқдорида компенсация тўлаши белгиланганини таъкидлаб, давлат раҳбаридан иш ҳақининг ўз вақтида берилиши ва кечиктирилган иш ҳақлари учун компенсация олишда ёрдам сўраган.

Она ватанимизда ишлаб туриб ишлаган иш ҳақимизни ололмаслик ҳеч қайси рисолага тўғри келмайди, бу адолат мезонларини бузяпти. Фуқароларингиз сифатида адолатни қарор топтиришингизни илтимос қиламиз. Биз ҳам ойлик олиб байрам ўтказайлик”, – дейди мурожаатчилар.

Kun.uzʼгa мурожаат қилган Eriell ходимининг айтишича, видео Қорақалпоғистоннинг Урга конида олинган.

Улар Eriell компаниясининг Устюрт лойиҳаси ишчиларидир. Лекин ойлик бўйича Eriellʼнинг барча лойиҳаларидаги ходимларида муаммо бўляпти. Лукоилнинг Қандим лойиҳаси бундан мустасно. Лукоил бизнинг компанияга ишчилар ойлигини бермасанг, янги қудуқ бермаймиз, деб шарт қўйган. Шу боис фақат Қандим проектидагилар сентябр (шу ой ҳам олинган) ойлигигача олган”, – дейди у.

Мурожаатчининг айтишича, Қандимдаги ишчилардан бошқа барча Eriell ходимлари охирги марта ноябр ойининг ўртасида июл ойлигини олган.

Ундан кейин ҳеч қанақа иш ҳақи тўлангани йўқ”, – дейди у.

Eriell ходимларнинг иш ҳақларини кечиктираётгани ҳолати биринчи марта юз бермаяпти. Жорий йил сентябр ойида таҳририятга компания ходимлари 3 ойлик маошлари тўланмагани юзасидан мурожаат қилганди.

Бундай муамммо Eriell'га аффилланган Enter Engineering компаниясида ҳам кузатилиб келади. Kun.uz'га бу борада бир неча бор мурожаатлар йўлланган. Сентябр ойидаги мурожаатда компаниянинг бошқарув офисида ишлайдиган ходимлар уларга бир неча ойдан бери маош тўланмаётганидан шикоят қилганди.

Шунингдек, бу компанияга алоқадор Самарқанд халқаро технология университети ўқитувчиларига ҳам бир неча ойдан бери маош берилмаган.

Меҳнат кодексига биноан, ходимларга иш ҳақини тўлаш муддати ярим ойда бир мартадан кам бўлмаслиги керак.

Эслатиб ўтамиз, 1 сентябр куни техноген офат рўй бериб, атмосферага водород сулфид гази тарқаган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони лойиҳасида Eriell ва Enter Engineering компаниялари пудратчи сифатида қатнашмоқда. Конни ўзлаштириш бўйича бош пудратчи – Eriell. Газни қайта ишлаш заводи, инфратузилма объектлари, газни йиғиш, тайёрлаш ва етказиб бериш тизимини лойиҳалаштириш, ускуналарни етказиб бериш ва қуриш ишлари эса “тайёр ҳолда топшириш” шарти билан Enter Engineering компаниясига юклатилган.

Ҳар иккала компания ходимлари ҳам техноген офатни бартараф этиш учун маошлар яна кечикишидан хавотир билдирган эди.

Хорижда рўйхатдан ўтган ҳар иккала компаниянинг бенефициари ўзбекистонлик тадбиркор Бахтиёр Фозилов экани айтилади. Унинг бизнес фаолияти Enera компаниялар гуруҳи назоратидаги активлар, шунингдек, мамлакатдаги энг йирик газ омборини кенгайтириш лойиҳасини ҳам ўз ичига олади.

Мавзуга оид