Жамият | 19:27 / 27.07.2019
58421
6 дақиқада ўқилади

Ўқитувчиларнинг иш ҳақи «уриб» қолинадими? Расмий муносабат билдирилди 

Kun.uz таҳририятига йўлланган мурожаатда республикадаги бюджет, хусусан таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақини ҳисоблашда фойдаланиладиган “UzASBO” электрон дастури ишида гўё камчилик борлигини иддао қилинганди.

Таъкидланишича, ўриндошлик асосида дарс ўтган ўқитувчининг қўшимча дарсларига 100 фоиз эмас, 80 фоиз ҳақ тўлаб келинмоқда. Молия ва Халқ таълими вазирликлари ушбу масалага ойдинлик киритиб, Kun.uzʼга қуйидаги муносабатни йўллади: 

«UzASBO»  дастури бюджет ташкилотларининг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш учун мўлжалланган дастур бўлиб, барча операциялар, кўрсаткичлар ва меъёрлар, шу жумладан меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари амалдаги қонун ҳужжатларига асосан ўз вақтида киритиб борилади.

Ушбу дастурда ҳозирги кунда 26 мингдан ортиқ бюджет ташкилотларидаги 3,5 миллион атрофида ишчи ходимлар ва талабаларнинг иш ҳақи, стипендия тўловлари қонунчиликда белгиланган тартиб ва қоидалар асосида ҳисоблаб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 11 декабрдаги «Ўқув машғулотлари ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари тўғрисида» ги 312-сон қарорида ўқув машғулотлари ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланиши белгиланган.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори қабул қилингунга қадар, ўриндошлик асосида ишловчи ўқитувчиларга соатбай меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2006 йил 5 январдаги 03, 01/23-сонли қўшма буйруғи асосида ўқитувчининг базавий тариф ставкасига 0,8 коэффициентни қўллаш орқали амалга оширилиб келинган.

Шундан келиб чиқиб, ҳозирги кунда ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2019 йил 22 апрель куни 3157-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «Ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорларини тасдиқлаш тўғрисида» ги қўшма қарори билан тасдиқланган.

Мазкур меъёрий ҳужжатда умумтаълим мактаблари педагог ходимларига ўтган дарси учун соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари қуйидагича белгиланган:

Яъни, юқоридаги жадвалдан келиб чиқиб, «UzASBO»  дастурида умумтаълим мактаблари педагог ходимлари меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари қуйидагича белгиланади:

Агар умумтаълим мактаби ўқитувчиси асосий лавозимда тўлиқ ставкада ишласа, унга малака тоифасидан келиб чиқиб, юқорида келтирилган базавий тариф ставкасига мувофиқ ойлик иш ҳақи тўланади.

Энди, қуйидаги мисоллар орқали ўриндошлик асосида ва асосий лавозимда мактабда фаолият юритадиган иккинчи малака тоифали ўқитувчининг иш ҳақи миқдори қонунчиликка асосан, шунингдек «UzASBO»  дастурида қандай тартибда ҳисоб-китоб қилинишини кўрсатиб ўтамиз.

а) ўриндошлик (соатбай) асосида ҳафтасига 10 соат дарс берадиган иккинчи малака тоифали ўқитувчининг бир ойлик соатбай иш ҳақи қуйидагича ҳисобланади:

21 691,4 сўм * 10*4,2 = 911 038,8 сўм.

Бунда:

10 – ҳафталик дарс соат миқдори

4,2 – бир ойда ўртача ҳафталар сони.

б) асосий лавозимда ҳафтасига 10 соат (0,5 ставка) дарс ва 8 соат педагогик юкламани бажарадиган иккинчи малака тоифали ўқитувчининг базавий лавозим маоши эса 903 807 сўмни (1 807 614 сўм * 0,5 ставка) ташкил этади.

Мазкур мисоллардан кўриниб турибдики, ўриндошлик асосида ва асосий лавозимда мактабда фаолият юритадиган иккинчи малака тоифали ўқитувчининг иш ҳақи миқдорлари деярли бир хил, яъни мақолада кўрсатилган иш ҳақи миқдорлари орасидаги 80 фоизли нисбат ҳисоб-китобларда мавжудлиги аниқланмади.

Шу билан бирга айтиб ўтиш зарурки, асосий лавозимдаги ўқитувчига нисбатан ўриндошлик асосида ишлайдиган ўқитувчининг иш ҳажми фарқланади. Масалан, соатбай ўқитувчига дарс соати давомида ўқувчиларнинг Давлат таълим стандартида белгиланган талабларни бажаришни таъминлаш юклатилади.

Асосий лавозимдаги ўқитувчидан фарқли равишда соатбай ўқитувчидан қўшимча ёки тўгарак машғулотлари ташкил этиш, мактабдаги жамоатчилик ишлари, турли тадбирларда иштирок этиш мажбурий тарзда талаб этилмайди.

Шу билан бирга, соатбай ўқитувчига умумий тартибда учта ҳужжат: мавзу режа, дарсга тайёргарлик конспекти ва синф журналининг тегишли саҳифасини ўз вақтида тўлдириб бориш мажбурияти юкланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги «Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» ги 297-сон қарорига мувофиқ бюджет ташкилотларида бир неча касб ва лавозимда ишлаганлик, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтирганлик, ишлар ҳажмини кўпайтирганлик учун қўшимча ҳақ тўлаш миқдори бир неча касб ва лавозимда ишланаётган лавозим бўйича маошнинг (тариф ставкасининг) 50 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Юқорида келтирилган умумтаълим мактаблари педагог ходимларига ўтган дарси учун соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари «UzASBO»  дастурига 2019 йил апрел ойида киритилган бўлиб, халқ таълими бўлими марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати ҳисобчиси томонидан педагог ходимларнинг дастурда танлаб кўрсатилган тоифасидан келиб чиқиб, иш ҳақи миқдорининг ҳисоб-китоблари автоматик равишда амалга оширилади.

Ўз навбатида, мақолада аниқ мисол ва ҳолатлар акс эттирилмаганлиги сабабли мазкур ҳолатни янада аниқлаштириш имконияти бўлмади. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги муаллиф томонидан батафсил маълумот берилган тақдирда, вазиятга янада ойдинлик киритишга тайёрлигини маълум қиламиз», —  дейилади муносабатда.

Мавзуга оид