Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШни огоҳлантирган Эрон, ҳокимиятни эгаллашда айбланаётган Ташиев ва Ғазога ёрдам флотилиясини тўхтатган Исроил – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Эрон АҚШни «оғриқли зарбалар» билан огоҳлантирди
Пайшанба оқшомида Эрон пойтахтининг айрим ҳудудларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлади. Тасним агентлиги хабарига кўра, мудофаа тизимлари кичик дронлар ва учувчисиз кузатув аппаратларига қарши ҳаракат қилган.
Шу куни Эрон Ислом инқилоби мухофизлари корпуси юқори мартабали мулозими ҳар қандай янги ҳужум, ҳатто у чекланган бўлса ҳам, АҚШнинг минтақадаги базаларига «узоқ ва оғриқли зарбалар» беришга олиб келишидан огоҳлантирди. Аэрокосмик кучлар қўмондони Мажид Мусавий эса: «минтақавий базаларингиз билан нима бўлганини кўрдик, энди ҳарбий кемаларингиз билан ҳам худди шундай ҳолат такрорланишини кўрамиз», деди.
Олий раҳбар Оятуллоҳ Мужтаба Хоминаий ўз мурожаатида Теҳрон бўғоз устидан назоратни сақлаб қолиш ниятида эканини таъкидлади: «Манфаатпарастлик ва ёвузлик билан ҳаракат қилиш учун минглаб километр масофадан келган хорижликларга Форс кўрфазининг тубидан бошқа жой йўқ», деди янги раҳнамо.
АҚШ маъмурияти мулозимининг Reutersʼга маълум қилишича, президент Доналд Трамп пайшанба куни Эронни музокараларга мажбурлаш мақсадида янги ҳарбий зарбалар режаси бўйича ҳисобот олган. Бундай вариантлар узоқ вақтдан бери АҚШ режалаштиришининг бир қисми бўлиб келган.
Axios хабарига кўра, Трампга тақдим этиладиган вариантлар орасида бўғозни очиш мақсадида қуруқликдаги қўшинлардан фойдаланиб, унинг бир қисмини эгаллаб олиш режаси ҳам бор. Шунингдек, блокадани кенгайтириш ёки бир томонлама ғалаба эълон қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, Трамп пайшанба куни ўз партиясини ташвишга солаётган бензин нархи – уруш тугаши билан «тошдек қулашини» айтди. Эронни ҳуқуқбузарликларда айблашда давом этган бўлса-да, Трамп FIFA президенти талаби билан Эроннинг АҚШдаги Жаҳон чемпионатида иштирок этишига қарши эмаслигини билдирди.
Бугун, 1 май куни АҚШ ҳукуматида «Уруш ваколатлари резолюцияси»га биноан урушни тугатиш ёки уни узайтириш бўйича 60 кунлик қонуний муддат тугайди. Бироқ Оқ уй мулозими 8 апрелдаги ўт очишни тўхтатиш келишуви туфайли аввалги ҳарбий ҳаракатлар тугатилган деб ҳисобланишини айтмоқда.
Қирғизистонда Ташиевга айблов қўйилди
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиевга нисбатан ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга уриниш бўйича айблов эълон қилинди.
Жорий йил 10 феврал куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров кутилмаганда Ташиевни лавозимидан озод этган эди. Беш йил биргаликдаги бошқарувдан сўнг «икки дўст»нинг йўллари айрилган кўринмоқда.
30 апрел куни адвокат Икрамидин Аиткуловнинг маълум қилишича, Ташиевга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича айб эълон қилинган. Хусусан, 326-модда: «ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаш ёки ушлаб туриш, шунингдек, конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга уриниш». Шунингдек, 337-модда: «мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш».
29 апрелдаги баёнотида Ташиев ўз тарафдорларини «қонун доирасида» қолишга чақирди ва оқланишига ишонч билдирди. Ташиев ҳозирча ҳибсга олинмаган, бироқ шаҳарни тарк этмаслик ҳақида кўрсатма олган.
Ташиев ишдан бўшатилганидан бери унинг оиласи ва шерикларига нисбатан коррупция айбловлари илгари сурилди, жияни ва укаси ҳибсга олинди.
Иш тафсилотлари расман эълон қилинмаган бўлса-да, Қирғизистон ОАВлари бу иш «75 кишининг мурожаати» билан боғлиқлигини ёзмоқда. Бу Ташиев ишдан кетишидан олдин тарқалган очиқ хат бўлиб, унда ҳукуматдан навбатдаги президентлик сайловларини 2027 йил январ ўрнига 2026 йилга кўчириш сўралганди.
Қирғизистон ўзининг нотинч сиёсий тарихи — 30 йил ичида 3 та инқилоб билан машҳур. Жапаровнинг ўзи ҳам айнан шундай ғалаёнлар натижасида ҳокимиятга келганини ҳисобга олсак, унинг ҳукумати ҳар қандай сиёсий ҳаракатланишдан хавфсираши ажабланарли эмас.
Исроил Ғазога ёрдам флотилиясини тўхтатди
30 апрел куни Ғазо секторига навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини олиб кетаётган флотилиянинг 22 қайиғи Греция яқинидаги халқаро сувларда Исроил томонидан тўхтатилди. «Global Sumud Flotilla» ташкилотчилари ушбу ҳаракатни «қароқчилик» деб қоралаб, бортдагилар Ғазодан 965 км узоқликда, ноқонуний қўлга олинганини айтди.
Флотилия расмийларининг айтишича, Исроил ҳарбий-денгиз кучлари зўравонлик рейди пайтида турли қайиқларни «тизимли равишда ишдан чиқарган».
«Бутун дунёдан 180 дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари бевосита ҳужумга учради. Иштирокчиларни ушлаб, двигателни пачақлаб ва алоқани узиб қўйганидан сўнг, [Исроил кучлари] иштирокчиларни ўғирлаб ёки тинч аҳолини яқинлашиб келаётган кучли бўрон йўлида электрсиз, бузилган кемаларда қасддан ташлаб, ортга чекинди», дейилади ташкилот баёнотида.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги 175 га яқин фаол қўлга олинганини билдирди ва улар кечроқ «Греция соҳилига туширилишини» айтди. Исроил ўз ҳаракатлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келишини таъкидлаб, кемалар сони кўплиги ва кескинлик хавфи туфайли эрта чора кўриш талаб этилганини билдирмоқда.
Флотилиядаги қолган 36 та қайиқнинг аксарияти ҳозирда Критнинг жанубий қирғоқлари яқинида жойлашган. Флотилия икки ҳафта олдин 58 та қайиқ билан йўлга чиққанди.
Греция ушбу йўловчиларни қабул қилиб, уларни уйларига хавфсиз қайтаришга тайёрлигини билдирди. Италия ва Евроиттифоқ кемаларнинг эгаллаб олинишини қоралади.
Ўтган йил октябр ойида Исроил Сумуд флотилиясини ҳам тўхтатиб, 470 кишини ҳибсга олганди. Кейинчалик улар ватанларига қайтарилган. Ғазо ўн йиллардан буён Исроилнинг денгиз ва қуруқликдаги блокадаси остида қолмоқда.
Туапседа яна дрон ҳужуми
Жума куни тунда Краснодар ўлкасига Украина дронларининг ҳужуми натижасида Туапсе шаҳридаги денгиз терминали ҳудудида яна ёнғин юз берди. Жабрланганлар йўқлиги айтилмоқда.
Воқеа жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда. Ёнғинни ўчиришга жами 128 киши ва 41 та техника жалб қилинган. Бу сўнгги икки ҳафта ичида ушбу денгиз портига уюштирилган тўртинчи дрон ҳужумидир.
Қора денгиз бўйидаги Туапседа нефт денгиз терминали ва нефтни қайта ишлаш заводи жойлашган бўлиб, улар ягона ишлаб чиқариш мажмуасини ташкил этади.
28 апрел куни Украин дронлари шаҳардаги нефт инфратузилмасига учинчи марта ҳужум қилган эди. Ўшанда резервуарларнинг биридан ёнаётган нефт тўғридан тўғри кўчага оқиб чиққан.
Ҳудудда экологик фалокат юз бериши мумкин: ҳаво жуда ифлосланган, тоза сув танқислиги юзага келмоқда.
Россия президенти Владимир Путин Туапседаги вазиятга фақат учинчи ҳужумдан сўнг муносабат билдирди. У потенциал экологик хавфларни тан олди, бироқ ўлка губернатори сўзларига таяниб, «жиддий хавф йўқлигини» қўшимча қилди.
Аҳоли ижтимоий тармоқларда расмийларнинг «вазият назорат остида» деган ваъдаларига шубҳа билан қарамоқда. Масалан, «Роспотребнадзор» раҳбари «соғлиқ учун хавф йўқлигини айтган видео»га фойдаланувчилардан бири: «Ўзи бизникига келиб, тоза ҳавомиздан бир ютиб кўрмайдими?» деб изоҳ қолдирган.
Мавзуга оид
15:45 / 30.04.2026
Россиянинг оташкесим таклифи, Эрондаги уруш нархи ва Қодировни қўллаган Путин – кун дайжести
14:30 / 29.04.2026
OPECʼдан чиқаётган БАА, АҚШга келган қирол Чарлз, Украина ва Исроил ўртасида дипломатик можаро – кун дайжести
14:48 / 28.04.2026
Путин-Ароқчи учрашуви, Эрон таклифини рад этган Трамп ва Индонезияда тўқнашган поездлар – кун дайжести
15:39 / 27.04.2026