Спорт | 10:05 / 12.09.2021
22135
6 дақиқада ўқилади

Ғолиблик ортидаги кўринмас машаққатлар. Паралимпиада қаҳрамонлари билан танишув

Паралимпия совриндорларининг ҳар бирининг алоҳида ҳикояси бор, уларнинг ҳар биридан ўрнак олса арзийди. Kun.uz Токиода Ўзбекистон байроғини баланд кўтарган пара-атлетларни жамоатчиликка яқинроқ таништириш мақсадида улардан уч нафари билан суҳбатлашди.

“Овозга қараб сакрашни ўрганаман деб, 4-5 марта оёғим гипс қилинган” — қатъиятли Асила

Асила Мирзаёрова соғлом, болалигидан турли спорт ва мусиқа тўгаракларига фаол қатнашадиган қиз эди. У 9-синфни тугатаётган пайтда оромгоҳда коптокдан кучли зарба олади ва кўз пардаси кўчиши содир бўлади. Бир йил давомида шифохонама-шифохона юриш фойда бермайди, Асиланинг кўзи кундан кунга хиралашиб бораверади.

“Пара енгил атлетика билан 5 йилдан бери шуғулланаман. 2016 йилда Риода бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларидан сўнг мен ҳам Паралимпия ўйинларида қатнашаман ва медал оламан, деб қатъий ният қилгандим.

Дастлаб, мураббийим – енгил атлетика бўйича Ўзбекистон миллий паралимпия жамоаси бош мураббийи Сардор ака Абдухолиқовнинг ёнига бориб, мени жамоасига олишини сўраганимда, у: “Ташқи кўринишинг умуман спортчиларга тўғри келмайди, лекин жасоратинг сабаб сени, албатта, чемпион қиламан”, деганди. Шундан сўнг шуғулланишни бошлаганман.

Бошида узунликка сакраш мен учун жуда қийин бўлган. Сабаби овозга қараб сакрашдан жуда қўрққанман. 4-5 марта йиқилиб, оёғим гипс бўлган. Бошқа сакрамайман деб тушкунликка тушган пайтларим ҳам бўлган”, – дейди пара енгил атлетика бўйича Токио ўйинлари кумуш медали соҳиби Асила Мирзаёрова.

Ўз устида тинимсиз ишлаш натижа кўрсатиб, Асила кетма-кет ютуқларга эриша бошлайди. У биринчи иштирокидаёқ Паралимпия ўйинлари чемпиони бўлди.

Асиланинг онаси Дилфуза Ҳасанова бутун оила қизини доимий равишда қўллаб-қувватлаганини билдириб, бошқа ота-оналарга ҳам шуни маслаҳат берди.

“Ота-оналар ҳеч қачон фарзандим ногирон, қўлидан ҳеч нарса келмайди деб ўйламасин, ота-она фарзандларига тўғри йўл танлашда ёрдам берса, ҳар қандай одам ҳам йўлини топиб кетади”, – дейди спортчининг онаси.

Асила эса кўзи ожиз йигит-қизларга спорт билан шуғулланишни, ҳеч қачон тушкунликка тушмасликни тавсия қилади.

“Одамнинг кўринишига қараб баҳо бермаслик керак. Менинг рақибларим мендан анча бўйи баланд ва жисмоний жиҳатдан бақувват эди. Лекин мен уларни кумуш медал олиб қўрқитиб қўйдим. Спорт инсонни қатъиятли қилади”, – дейди Асила Мирзаёрова.

“Ютуқ ортидаги қийинчиликлар кўринмайди” — Бобур Омонов ҳикояси

Бобур Омонов болалигида бўйи пастлиги сабаб ўзини ҳимоя қилиш учун турли спорт турлари билан шуғулланишга, кучли бўлишга ҳаракат қилади, 2017 йилда пара енгил атлетикага кириб келади.

Бобур 2021 йилда жаҳон чемпионатида тош улоқтириш бўйича 14,31 см узунлик билан жаҳон рекордини янгилаган. Токио паралимпия ўйинларида эса 14,06 см билан Паралимпия ўйинлари рекордини янгилади ва олтин медални қўлга киритди.

 “Паралимпия ўйинларига кириб келишим 2016 йилда мураббийим билан танишувим билан бошланган. Мураббийим 2016 йилда Рио ўйинларида қатнашиб, “Malibu” автомобили билан тақдирланган эди. Спортнинг ортидан ҳам шунча ютуққа эришиш мумкинлиги мени ҳайрон қолдирган ва менинг ҳам жиддий шуғулланишимга сабаб бўлган.

Ташқаридан қараганда тош улоқтириш бошқаларга осон туюлади. Лекин машаққати кўп. Одамларга асл қийинчиликлар билинмайди”, – дейди Пара енгил атлетика бўйича Токио ўйинлари олтин медали соҳиби Бобур Омонов.

Бобур Омонов кейинги Паралимпия ўйинларида ҳам бир неча марталаб чемпион бўлишни мақсад қилган.

“Ҳали ҳам ўйиннинг оғриқларини танамда ҳис қиляпман” — Гулжаной Наимова

Гулжаной Наимова – пара таэквондо бўйича Токио ўйинлари олтин медали соҳиби, у Ўзбекистон ҳисобига охирги олтин медални тақдим қилди ва ўйинлар юқори кайфият билан якунланишига ҳисса қўшди.

Гулжаной кичиклигидан спорт билан шуғулланади. Дастлаб гимнастика билан шуғулланган бўлса, кейинроқ акаларига қизиқиб, таэквондога қатнай бошлайди.

“Уйдагиларимга бошида бу спорт турига боришим ёқмаган. Мени қайтармоқчи бўлишганди, дарвозани юзимга ёпиб қўйишган пайтлари ҳам бўлган. Лекин ҳозир ҳаммалари хурсанд, мени қўллаб-қувватлашади”, – дейди Гулжаной.

Чемпион Токио ўйинларига қаттиқ тайёргарлик кўрганини айтади. Яримфиналда ўзи кўп марта ютқазган, халқаро рейтингларда ўрни баланд британиялик спортчи билан курашган ва кучли ишонч билан рақибини катта фарқ эвазига мағлуб қилган.

У паралимпия ўйинларида чемпион бўлган энг ёш пара таэквондочи бўлди.

“Ўйинлар жуда шиддатли бўлди. Ҳозир Ўзбекистонда бўлсам ҳам, ҳали танамда ҳис қиляпман.

Бошқаларга ҳам кучли бўлишни, меҳнат қилганда охиригача қилишни, чарчаганда сабр қилишни айтаман. Бизни яхши марралар кутиб турибди”, – дейди Гулжаной.

Спортчи мукофот пулига ота-онасини Ҳаж сафарига олиб боришни, қолаверса, меҳрибонлик уйларига совға-салом билан боришни ният қилган.

Эслатиб ўтамиз, 24 августдан 5 сентябргача Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтган 16-ёзги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 8та олтин, 5та кумуш ва 6та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 16-ўринни эгаллади.

Спортчилар Тошкентга қайтган куни олтин медаль соҳиблари 200 минг доллар, 3 хонали уй ва Tahoe автомобили; кумуш медаль совриндорлари 100 минг доллар, 2 хонали уй ва Traverse автомобили; бронза медаль эгалари 50 минг доллар, 2 хонали уй ва Trailblazer автомобили билан мукофотланди.

Пара-атлетлар ва уларнинг мураббийларига давлат мукофотлари ҳам берилди.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.

Kun.uz материални тайёрлашга ёрдам берган Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитасига миннатдорчилик билдиради.

Мавзуга оид