Президент Янги Ўзбекистон стратегияси ҳақида маълум қилди
Ўзбекистонда мамлакатнинг обрў-эътибори ва нуфузини оширишга қаратилган Янги Ўзбекистон стратегияси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон либерал-демократик партияси қурултойида маълум қилди.
“Биз ўтган беш йилда катта тажриба орттирдик. Халқимиз бизга ишонди ва инонди. Айни вақтда эл-юртимиз биздан янги режа ва дастурларни амалга оширишни кутмоқда.
Халқимизнинг ана шундай ишончи ва орзу-ниятлари, эзгу умидларини рўёбга чиқариш мақсадида: юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш; фуқаролар ва миллатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш; халқимизнинг маънавий дунёсини янада юксалтириш; Ўзбекистонда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя этиш, кафолатли даромад манбаи, тиббий хизматлар ва уй-жой, сифатли таълим билан таъминлаш; камбағалликни қисқартириш ва эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш; мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга қаратилган Янги Ўзбекистон стратегиясини ишлаб чиқдик.
Бугун сизларга тақдим этилган шу номли китобда ушбу стратегиянинг устувор йўналишлари ҳақида батафсил фикр юритилган. Шу билан бирга, китобга кирмаган, аммо эътибор беришимиз лозим бўлган қуйидаги энг муҳим ва долзарб масалаларни ҳам ҳисобга олишимиз зарур.
Биринчидан, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси 35 миллионга етди, 2026 йилга бориб эса 38 миллиондан ошиши кутилмоқда. Бу – юртимиз жаҳонда аҳоли сони бўйича 37-ўринга чиқиб, Польша, Канада, Саудия Арабистони каби давлатлар аҳолисидан ҳам ошади, дегани.
Иккинчидан, аҳолимизнинг қарийб 55 фоизини ёшлар ташкил этади ва ҳар йили меҳнат бозорига камида 600 минг ёшлар кириб келмоқда. Бундай демографик ўсиш биз учун ҳам имконият, ҳам жуда катта масъулият демакдир.
Учинчидан, дунё миқёсида иқтисодиётнинг таркиби кескин ўзгариб, рақамли ва биотехнологиялар, сунъий интеллект каби соҳалар шиддат билан ҳаётга кириб келмоқда. Иқтисодиёт ривожини ускуналар эмас, балки замонавий билим ва инновациялар белгилайдиган замон келди.
Тўртинчидан, иқлимнинг кескин ўзгариши, сув ресурсларининг камайиб бориши инсоният учун келажакдаги эмас, айнан бугунги кундаги долзарб муаммога айланди. Бу эса дунё миқёсида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли саломатлиги ва даромадларига жиддий хавф солмоқда.
Бешинчидан, халқаро майдондаги ва минтақамиздаги зиддиятлар, радикализм, экстремизм ва терроризм каби хавф ва таҳдидлар халқимиз тинчлиги ва осойишталигини кўз қорачиғидай асраб-авайлаш нақадар муҳимлигини кўрсатмоқда”, деди давлат раҳбари.
Мавзуга оид
20:00 / 11.09.2024
ЎзЛиДеп меҳнат қонунчилигига ўзгартириш киритиш ташаббуси билан чиқди
14:00 / 29.01.2024
Президент хорижда ЙТҲ қурбонига айланаётган мигрантлар масаласига тўхталди
13:17 / 29.01.2024
Тажриба тариқасида 5 та шаҳарда сув таъминотига хусусий шериклар жалб қилинади
20:35 / 26.01.2024