Ўзбекистон | 21:55 / 16.07.2024
16311
11 дақиқада ўқилади

Терговга тортилган “замҳоким” тадбиркорларни таъқиб қилмоқда. Унга куч бераётган амалдор ким?

2019 йилда Фориш тумани марказида ҳам ноқонуний “снос”лар бўлган. Кейинроқ бу ишлар учун туман ҳокимлиги мансабдорлари терговга тортилган, лекин якунда тадбиркорлар кўрган зарар маҳаллий бюджетдан қопланиб, ҳоким ўринбосари жазосиз қолган. Энди эса, сувдан қуруқ чиққан амалдор унга жиноят иши қўзғатилишига сабаб бўлганларнинг “бурнини ерга ишқаб” қўйишга бел боғлаган кўринади.

Kun.uz'нинг навбатдаги суриштируви Жиззах вилояти Фориш туманида юз бераётган ғалати ишлар, аниқроғи туман ҳокимининг қурилиш, коммунал, экология ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Фаррух Амиров тадбиркорларни таъқиб қилиб, уларнинг мол-мулкини тортиб олишга уринаётгани ҳақида бўлади.

Низонинг бошланиши

2019 йилда Фориш тумани маркази, аниқроғи Боғдон маҳалласи Амир Темур кўчасида ва “Фориш деҳқон бозори” ҳудудидаги тадбиркорларнинг савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари реконструкция қилиниб, қайта қурилиши баҳонаси билан, ҳеч қандай компенсация тўловларисиз ва ҳатто суд қарорисиз қонунга хилоф равишда бузиб ташланади. Kun.uz ўша вақтда бу ишлардан тадбиркорлар норози бўлаётгани ҳақида материал тайёрлаганди.

Ўшанда бино-иншоотлари рейдерларча тортиб олиниб, бузиб ташланган мулкдорлар сони 20га яқин бўлган. Улар қаторида бугунги кўрсатувимиз қаҳрамони Болбуви Чўлиеванинг ҳам савдо дўкони бор эди: бу бинолар ҳам йўқ қилиниб, ундан бўшаган ерлар бошқа бир тадбиркорга дўкон қурилиши учун бериб юборилади.

Ўша апрел-май ойларида Амир Темур кўчасидаги дўконимнинг ерини ҳам ҳатто ололмадим. У ерда бошқа тадбиркор жуда чиройли, катта дўкон қурди. Биз ерларимизни ололмай, 5 йилдан бери судма-суд юрдик, прокуратураларга бердик. Бизда жуда кўп сарсонгарчиликлар бўлди, ҳозир 6-йил кетяпти.

2022 йилдаги суд қарори билан 2023 йилга келиб еримни [менга] ажратиб беришди. Бошқа тадбиркор қурган катта дўкон суд қарори билан бузилди. 2024 йилда менга етказилган зарарларни қоплаб беришди”, – дейди у.

Ғайриқонуний “снос” натижасида қаҳрамонимиз Болбуви Чўлиевага етказилган зарар 489 млн 206 минг сўмга баҳоланади. Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг 2022 йил 3 июндаги ҳал қилув қарори билан, Жиззах вилояти Адлия бошқармасининг Чўлиева манфаатида жавобгар Фориш туман ҳокимлигига нисбатан “зарар ва бой берилган фойдани ундириш ҳақида”ги даъво аризаси қаноатлантирилади. Фориш туман ҳокимлигининг бюджет маблағлари ҳисобидан Болбуви Чўлиева фойдасига 489 млн 206 минг сўм зарар ундирилади.

Қонунсизликка кўз юмилмади, иш шундайлигича ташлаб қўйилмади. Чўлиеванинг адолатсизликларга қарши кўплаб шикоятлари натижа бериб, 2023 йил 15 сентябрда Фориш туман ҳокимлиги мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди, яъни жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ваколатини суиистеъмол қилиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилади. Кейинроқ жиноят иши Фориш туман прокуратурасидан Жиззах вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими иш юритувига ўтказилади.

Тергов натижаларига кўра, Фориш тумани ҳокимининг қурилиш, коммунал, экология ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Фаррух Амиров 2019 йилда тадбиркорлар мулкини буздириб, қайта қурилишлар давомида мансаб ваколатларидан қасддан фойдалангани, Чўлиевага тегишли 2 савдо дўконини суднинг тегишли қарорисиз, компенсация тўловларини тўламаган ҳолда ноқонуний буздиргани ҳамда хусусий мулкига тажовуз қилиб, мулк ҳуқуқидан қонунга хилоф равишда маҳрум қилгани тасдиқланади.

Шунга мувофиқ, унга Жиноят кодексининг 192-1-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилади. Зарар тўлиқ қоплангани учун Амировга нисбатан жиноят иши 2024 йил 19 июн куни Жиноят процессуал кодексининг 84-моддаси, 5-қисми 1-бандига асосан тугатилади.

Маълумот учун, Жиноят процессуал кодексининг 84-моддаси 5-қисми 1-бандига асосан, жиноят ишини тергов қилиш пайтида, қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган ёхуд вазият ўзгариши оқибатида бу шахс ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлмай қолган деб эътироф этилса, жиноят иши тугатилади.

Ўйнашмагин арбоб билан…

Чўлиевага нисбатан бўлаётган тазйиқлар шу билан тугамайди. Туманнинг ҳозирги ҳокими Икром Матиев ва ўша ўринбосари Фаррух Амировлар ерни олишга бўлган ҳаракатларини давом эттирмоқда. Уларни эса Фориш туманининг собиқ ҳокими, ҳозирда Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Абдували Мустанов қўллаётган бўлиши мумкин, чунки у 2019 йилдаги бузилишлар бошида турганди.

2004 йилда сотиб олганман. Ўша йили ҳозир кадастрда ишлаб турган Махарев [Фориш туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати давлат унитор корхонаси ходими] деган йигит келиб, 2 та хонани ўлчаб, 49,14 квадрат деб ҳисоблаб, ҳужжат қилиб берган. Лекин туман ҳокими Матиев, унинг ўринбосари Амиров ва вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Мустановлар ҳеч қаерга қимирлашга қўйишмаяпти. Тадбиркорни тиклашга йўл қўймаяпти, бунга шароит йўқ.

Дўконимдаги 22 квадрат метр жой ортиқча эгалланган деган англашилмовчилик бор. Шуни ушлаб олиб, улар менга тазйиқ ўтказяпти, қурилишларимга халал беришяпти. Ҳозир маъмурий судга бериб, ҳужжатимни бекор қилдиришяпти. Китобида нима айб ўтган бўлса, менинг айбим эмас-ку.

 

2024 йилдан ҳозирга келиб ҳамма ҳужжатларимни тўғриладим, кадастр, архитектурадан олган барча ҳужжатларим бор. Дўконим ҳозирги кунда қуриб битказилган, фақат таъмирлаш ишлари қолган. Бизнинг дўконларимизни бош-қош бўлиб бузган вилоят ҳокимининг ўринбосари Мустанов, Фориш тумани ҳокими ўринбосари Амиров, ҳозирги ҳокимимиз Матиев тиш-тирноғи билан мен янги қурдирган дўконимни буздириш арафасида. Шуни ушлаб олиб улар менга тазйиқ ўтказяпти, қурилишларимга ҳалал беришяпти. Ҳозир маъмурий судга бериб, ҳужжатимни бекор қилдиришяпти”, – дейди Болбуви Чўлиева.

Ҳокимият кадастрни судга берган, аммо ҳужжатларда муаммо йўқ

Ҳозирги кунда Фориш тумани ҳокимлиги туман “Ермулккадастр” ДУКни маъмурий судга берган. Даъвога кўра, мулкка эгалик ҳуқуқини берувчи, бундан 12 йил аввал қабул қилинган кадастр ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш сўралган.

Суд эса орадан шунча вақт ўтиб кетганига қарамай, даъвони қаноатлантирган. Ваҳоланки, Давлат кадастрлар палатаси Жиззах вилояти бошқармасининг 2024 йил 15 апрелдаги хулосасига кўра, Чўлиевага тегишли 49,14 квадрат метрли дўкони 2012 йил 13 августда 260-сонли рақам билан давлат кадастр рўйхатидан ўтказилган. Фуқарога дўкондан доимий фойдаланиш ҳуқуқи Фуқаролик кодексининг 184-моддасига мувофиқ қонуний ҳужжатлар асосида вужудга келган.

Қолаверса, Жиззах вилояти прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими қарори билан, Фориш тумани “Ермулккадастр” ДУК вакилларининг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги қайд этилган эди.

Қаҳрамонимиз бўлаётган воқеани Жиззах вилоят ҳокимига айтиш учун, бир неча маротаба ариза ёзиб, қабулига кирмоқчи бўлганини айтмоқда. Лекин ҳоким уни қабул қилмаган.

Ҳозирги кунда шу Махарев ҳам ҳеч кимга қараб оғзини очолмайди. Ҳаммаси ҳокимиятнинг қўлида. Ҳозир ҳокимият кадастр бўлимини маъмурий судга берган. Лекин [кадастр] жим, ҳатто ўзининг ерини ҳам, берган ҳужжатини ҳам ҳимоя қилолмайди. Чунки ҳокимиятнинг қўлида. Мустанов, Матиев, Амиров нима деса, ўша бўляпти. Тадбиркорни қўллаб-қувватлаш ёки ўша жойни қайта кўриб чиқиш, бошқа хулосалар йўқ. Ҳаммаси фақат тадбиркорни йўқ қилиш, қонини ичиш билан овора.

6-йил кетяпти, мен чарчаб кетдим. Бирорта “мана шу тўғри” дейдиган одам йўқ. Тадбиркорни, халқни ҳимоя қила оладиган одам борми? Ваҳоланки, менинг ҳужжатларимнинг ҳаммаси тўғри. 20 йиллик солиқ тўлаганман, 20 йил эгалик қилганман шу ерга, 27 йил шу дўконнинг ўзида ишлаганман. Қандай қилиб улар менинг ҳужжатларимни бекор қилиб, бир тадбиркорнинг ҳамма нарсасини йўқ қилиши мумкин?!” – дейди у.

Таъқиб қилинаётганлар бир нечта

Эътиборлиси, Форишдаги юқори лавозимли амалдорларнинг бу таъқибидан фақат Чўлиева эмас, бошқалар ҳам азият чекмоқда. Улар орасида тадбиркорл Шаҳодат Қанотова ҳам бор.

2019 йилда Фориш тумани ҳокими Мустанов томонидан 18 нафар тадбиркорнинг дўкони бузилди. У ерда менинг ҳам жойим бор эди, тадбиркорлик қилардим. Гўзаллик салонини ишлатардим, 4 нафар қизни иш билан таъминлаган эдим. Кейин ҳокимият томонидан келиб “қайта қуриш, қайта реконструкция қиласизлар, дўконлар бузилади” деб, жойни бўшатишимизни айтишди. Кейин қайта қуролмаслигимни, яқиндагина таъмирдан чиқарганимни, дўкон бузилмаслигини айтдим. Сўнг атрофимиздаги жойлар ҳам бузилишни бошлади, ёлланма ишчилар келди, ҳамманики бузилди. Кейин ўртада ўзим қолиб кетдим, мажбурликда хавфсизлик учун жойни бўшатдим. Шу билан жойим бузилиб кетди.

Ҳамма тадбиркорларнинг ерини қайта ўлчатиб, ўзларига қайтариб беришди. Кейин меникини ҳам беришларини сўраб, кредит олиб бўлса ҳам қайта реконструкция қилишимни айтдим. “Сизнинг жойингиз архитектура талабларига тўғри келмайди, жойингиз кичкина” деб, ўлчаб ҳам бермади. Шу билан 2019 йилдан бери сарсонман. Дўконимни қўшни тадбиркорга бериб юборишган. Ҳозир турмуш ўртоғимнинг номида кадастр ҳужжатларимиз ҳам бор.

Бормаган жойим қолмади. Ҳокимиятга бордим, қурилиш бўйича ҳоким ўринбосари Фаррух Амировга учрашди, менга ҳар нарсани баҳона қилиб, жойимни ўлчаб бермади.

Ёнимда ишлаган Аброр Нарзиев деган тадбиркорга бергач, унга эътироз билдирсам, менга жой беришини айтди. Шу билан у ҳам менга жой бермади. Менга ҳозиргача ер, мол-мулк солиғидан тўланиши кераклиги ҳақида хабар келади. Шу солиқларни тўлаб келяпмиз, лекин менинг ерим йўқ. [Шу ишлардан кейин] вилоят прокуратурасига ҳокимимиз Мустанов ва унинг ўринбосари Амировнинг устида жиноят иши қўзғатилишини сўраб ариза ёздим. Аризамни қабул қилишди, қонун мен тарафда эканини, ҳужжатларим жойидалигини айтишди. Ишни кўриб фчиқишларини айтишди. Лекин ҳозиргача менга натижасини айтишгани йўқ”, – дейди Қанотова.

Тадбиркор–мулкдорларга ким ёрдам беради?

Гувоҳи бўлганингиздек, ғайриқонуний “снос”лардан бошланган ғалвалар тадбиркорларнинг гарданига юк бўлиб тушмоқда. Шу муаммоларни яратган амалдорларнинг бири амалда юқорилаган бўлса, яна бири ҳамон ўша жойида. Шундай экан уларнинг қонунсиз ва адолатсиз қарорларига қуллуқ қилмай, ҳақини талаб қилган ва бунга эришган фуқаролар таъқибга олиниши аниқ эди.

Форишлик тадбиркорлар нажотни пойтахтдан изламоқда. Пойтахтда эса қайси ташкилот ёрдам қўлини чўзади, ким уларни ҳимоя қилади, ҳозирча номаълум.

Дилшода Шомирзаева,
Дилшод Абдуқодиров,
Kun.uz

Мавзуга оид