Спорт | 15:09 / 05.07.2021
22565
7 дақиқада ўқилади

15 йилда 15 жамоада ишлаган «дарбадар». Юрген Геде Ўзбекистонга қайтса, миллий жамоани ўзгартира оладими?

Ўзбекистон миллий жамоасининг ЖЧ-2022 саралаш босқичидаги муваффақиятсизлигидан кейин Вадим Абрамов бошчилигидаги мураббийлар штаби тўлиқ таркибда истеъфога чиқарилиб, яқин ойлар ичида янги мураббийлар штаби иш бошлаши, Европадан мутахассис олиб келиниши ҳақида маълум қилинганди.

Tribuna.uz манбасига кўра, ҳозирга келиб ЎФА асосан хорижлик мутахассислар билан музокара олиб бормоқда ва улар орасида миллий жамоамиз собиқ бош мураббийи германиялик Юрген Геде варианти ҳам бор. Қайд этилишича, Геде номзоди техник директор лавозимига кўрилаётган бўлса-да, айнан унинг таклифи билан бош мураббий лавозимига европалик мутахассис чақирилиши мумкин. Қуйида 64 ёшли мураббийнинг Ўзбекистонни тарк этганидан кейинги 15 йиллик фаолиятига назар солиб, миллий жамоа тақдири унга топширилса, аҳвол қай даража ўзгаришини тасаввур қилиш қийин эмас.

Юрген Гедени қандай эслаймиз?

Немис мутахассиси 2003-04 йилларда Ўзбекистон миллий жамоасида аввалига бош мураббий ёрдамчиси, кейинчалик бош мураббий сифатида ишлаган бўлса-да, фаолиятини муваффақиятли баҳолаб бўлмайди.

Дастлаб бош мураббий Равшан Ҳайдаровга ёрдамчи сифатида фаолият юритган Ҳанс-Юрген Геде ЖЧ-2006 якуний саралаш босқичи олдидан миллий жамоа бош мураббийига айланганди. Унгача у ассистент бўлиб ишлаган пайтда Ўзбекистон 2-саралаш босқичида 6 ўйинда 5та ғалабага эришиб, 1-ўрин билан 3-саралаш босқичига йўл олганди.

Ҳақиқий синов одатдагидек ҳал қилувчи босқичда кузатилган. 2005 йилнинг февраль ва март ойларида Геде бошчилигидаги Ўзбекистон Саудия Арабистони билан баҳсда Тошкентдаги ўйиннинг сўнгги сонияларида Анвар Солиевнинг голи эвазига мағлубиятдан қутулиб қолган бўлса (1:1), Кувайт ва Жанубий Кореядаги муҳим ўйинларда миллий жамоа бир хил – 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраган. Натижада миллий жамоа Тошкентга қайтгач, ЎФФ раҳбарияти немис мутахассисини истеъфога чиқарган, Юрген Геде сўнгги матбуот анжуманида ҳам иштирок этмай, Германияга қайтиб кетган эди.

Унинг ўрнига Боб Хоутон таклиф этилган ва англиялик мураббий гуруҳ босқич 2-давра ўйинларидаги Жанубий Корея (1:1), Саудия Арабистони (0:3) ва Кувайт (3:2) билан баҳсда дуранг, мағлубият ва ғалаба қайд этиб, миллий жамоани илк марта плей-офф сари етаклаганди. Аммо Баҳрайн билан дастлабки ўйин (1:0) бекор қилингач, қайта ўтказилган ва такрорий баҳсдан кейин (1:1, 0:0) аламли тарзда Германиядаги ЖЧ-2006дан четда қолган эдик.

Озарбойжондан Вьетнамгача: Геде ўтган 15 йил давомида қаерларда ишлади?

2005 йилдаги муваффақиятсизликлардан кейин журналистлар билан учрашувдан ҳам қочиб, Ўзбекистон миллий жамоасини тарк этган Ҳанс-Юрген Геде ўтган 15 йил давомида Европа ва Осиёнинг бир қатор мамлакатларида фаолият юритди. Қизиғи, германиялик мутахассис қаерда ишламасин, фаолияти узоққа чўзилмаган.

Жумладан, 2005 йилда Ўзбекистон миллий жамоасидан истеъфога чиқарилган Юрген орадан 2 ой ўтиб, Эронда фаолият бошлаган. Ўз тарихида илк марта Эрон юқори лигасига йўл олган «Шаҳид Ғанди» клуби бош мураббийига айланган Геде илк мавсумдаёқ жамоаси билан турнирда сўнгги 16-ўринни эгаллаб, клубни қайта қуйи лигага равона қилган ва ўзи ҳам жамоадан ҳайдалган.

Эрондаги миссияси ўхшамаган Юрген 2006 йилда Баҳрайннинг «Ал Аҳли» клубида иш бошлаган. Клуб раҳбарияти 2005 йилда жамоанинг чемпионлик курашида 2-ўринни олганидан қониқмай, Гедени бош мураббий сифатида чақирганига қарамай, Юрген бу сафар ҳам омадсизликка учрайди – «Ал Аҳли» 8-ўринга тушиб кетган. Натижада, Манама клуби раҳбарияти германиялик мураббийга чиқиш эшикларини кўрсатади.

Бир йиллик танаффусдан кейин – 2008 йилнинг январь ойида Малайзиянинг «Куала-Лумпур» клуби Юрген Гедени таклиф этади. Аммо улар ҳам бош мураббий танловида хато қилганликларини уч ойдаёқ сезишади – апрель ойида куала-лумпурликлар Геде билан хайрлашишади. Клуб эса 13 жамоа орасида 12-ўринни эгаллайди.

Футболи ҳаминқадар бўлган Малайзияда ҳам муваффақиятсизликка учраган қаҳрамонимиз уч ой ўтиб, Озарбойжондан таклиф олади. Чемпионлик курашида 2-ўринни эгаллаган Бокунинг «Нефтчи» клуби раҳбарияти Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ бош мураббийига ишонч билдириб, чемпионлик мақсадини қўяди. Бироқ бокуликлар ҳам Геде номзодида жиддий хатога йўл қўйганликларини тез англаган бўлишса-да, 6 ой сабр қилишди. Озарбойжоннинг байроқдор клуби ўз тарихидаги антирекорд – турнир жадвалида 10-ўринга тушиб кетгач, раҳбариятнинг тоқати тоқ бўлиб, 2009 йилнинг февраль ойида Геде билан шартнома бекор қилинган.

Кетма-кет муваффақиятсизликлардан кейин ҳам футбол агентлари Юрген Гедега иш топиб беришган. 2009 йил ёзида Осиёнинг энг қуйи савиядаги чемпионатларидан бири Мьянманинг ҳозирда номи ўзгарган «Окта Юнайтед» жамоасида иш бошлаган мутахассис номаълум сабабларга кўра 4 ойдаёқ клубни тарк этган.

Осиёда бор обрўйини тўкиб бўлган Геде 2009 йил ҳисобидан учинчи иш жойи – Африка қитъасида фаолият бошлайди. Ливиянинг «Таҳадди» клуби Геденинг навбатдаги «қурбони» бўлди. Бенгази шаҳри жамоаси Гедени не ниятлар билан таклиф этганига қарамай, «Таҳадди» 2009/10 йилги мавсум якунига кўра, 14 жамоа орасида 13-ўринни эгаллаб қуйи лигага тушиб кетган. Геде эса одатдагидек бу клубни ҳам «омадсиз» ёрлиғи билан тарк этган.

Бош мураббийлик фаолиятидаги кетма-кет муваффақиятсизликлардан кейин Юрген ниҳоят ўзи учун хулоса ясаган кўринади, 2011 йилдан яна ёрдамчи мураббий бўлиб ишлашни афзал кўрган. 2011 йилда Эроннинг «Истиқлол» клубида Парвиз Мазлумига ассистент-мураббий сифатида ёрдам берган бўлса, 2012 йилда «Зоб Оҳан»да шу лавозимда ишлади. 2013-14 йилларда эса Хормозганнинг «Алюмин» клубида фаолият юритди.

2016 йилда Вьетнам футбол федерациясида терма жамоалар техник директори сифатида иш бошлаган Геде Вьетнам ўсмирлар жамоаси (U16), ёшлар (U19) ва олимпия (U23) жамоаларидаги фаолиятидан кейин пойтахт Ханой клуби шарафини ҳимоя қиладиган «Виеттель» жамоаси техник мураббийи сифатида ишлаб келмоқда.

Хулоса

Юрген Геде Ўзбекистонга қайтиш вариантига қизиқиш билдиргани ва ўзи билан миллий жамоага бош мураббий сифатида германиялик мураббий олиб бориши мумкинлиги ҳақида хабар берилди. Аммо сўнгги 15 йиллик фаолияти давомида уч қитъа жамоалари орасида дарбадар юрган омадсиз мураббийнинг миллий жамоамизга янгича иш услуби ёки қандайдир ёрдами тегишига ишониш қийин. Эҳтимол, бу вариант ЎФА рўйхатидаги номзодлар қаторида асосийси эмасдир, шунга қарамай миллий жамоа собиқ мураббийлари қайтиб ҳам аҳволни баттарлаштирган ҳозирги вазиятда, 64 ёшигача мураббийликда боши сарсон-саргардончиликдан чиқмаган Юрген Геде сингари мутахассислар номзодлар қаторида кўрилишга ҳам муносиб эмас.

Усмон Ибодов

Мавзуга оид