Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентда Эрон билан дуранг ўйнади ва Жалолиддин Машарипов айтганидек, гуруҳда биринчи ўринда боришда давом этяпмиз. Аслида тан олиш керак, Эрон билан дуранг жамоамиз учун ҳам, мухлислар учун ҳам қониқарли натижа ҳисобланади. Аммо биз ўйинга келажак учун, бизни кутиб турган БАА ва Қатарга қарши ўйинлар нуқтайи назаридан қарашга мажбурмиз. Агар гуруҳда пешқадамликни сақлаб қолиш учун бу учрашувларда ғалаба қозонишимизга тўғри келишини инобатга олсак, Эронга қарши ўйиннинг охирги учдан бири, яъни бир киши кўп бўлиб тўп сурган давримиз таҳлил учун ўринли дақиқалар ҳисобланади. Унгача бўлган дақиқаларни Ўзбекистон футболчилари активига ижобий томондан қайд этиш мумкин, зеро Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бирини яхши тўхтата олдик, тенгма-тенг ўйнадик. Аммо ғалаба қозонишимиз мумкин бўлган 60-90 дақиқалардаги ўйин жуда кўп саволларни келтириб чиқарди. Қайтараман, дуранг қониқарли ҳисоб, аммо масала шу – бу ўйин билан БАА ёки Қатарга қарши ўйинларда ғалаба қозона оламизми?

Нега қизил карточкадан унумли фойдалана олмадик?

Ракурсни шу тахлит бурганимизда, вазият ўйлаганимиздан ёмонроқ экани кўзга ташланади. Ижтимоий тармоқларда бир мулоҳаза ўқиб қолдим – «кучлар бир бирига яқин бўлгани икки жамоа тўқнашганда қизил карточка бирор томонга енгиллик бермайди, аксинча, бир киши кам бўлиб қолган жамоа ҳимояга урғу бериб, вазият яратиш янада қийинлашиб кетади». Қисман, тўғри, Мисол сифатида, яқинда Англияда бўлиб ўтган «Манчестер Сити» – «Арсенал» ўйинини келтириш мумкин. Лондонликлар қизил карточка олгач, бутун жамоа бўлиб ҳимояга ётиб олди. Мезбонларнинг вазифаси қийинлашиб кетди ва фақат энг охирги дақиқалардагина ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди холос. Агар футболчилар сони тенг бўлганида, икки томонлама ўйин бўлиши ва балким «Сити» кўпроқ зоналарга эга бўлиб, эртароқ ҳисобни тенглаштириши ва балки ғалабага эришиши мумкин эди, тўғрими?

Аммо битта катта фарқ бор. «Арсенал» бир футболчи кам бўлиб қолгач, яна битта гол уриш имконияти деярли нолга тенглашди. Асосий савол «Манчестер Сити» гол ура оладими ёки йўқми, бўлиб қолди холос. Ўйин статистикаси тўлиқ бунга далолат қилади. Энди саволни Тошкентдаги ўйинга кўчирадиган бўлсак, Эроннинг қизил карточкаси бизнинг вазифамизни оғирлаштирди, дея оламизми? Эроннинг гол уриш имконияти бормиди? Бизнинг асосий муаммомиз Эрон ҳимоясини ёриб ўтиш эдими? Бунга ҳаракат қилдикми ўзи?

Биз бир киши кўп бўлиб ўйнаган дақиқалар статистикасига кўз югуртирсак, аниқ зарбалар сони 0-4 Эрон фойдасига, бурчак тўплари ҳам 0-4, тўп назорати деярли тенг – 52-48, биз ростан ҳам бир киши кўп бўлиб тўп сурдикми? Таркибимиз салоҳияти, легионерлар тўп сурадиган клублар даражаси, ички чемпионатларимиз рақобатбардошлиги нуқтайи назаридан биз Эронга етиб олмагандикми? Ростан ҳам таркибни бирма-бир солиштирганда Эрон билан катта фарқ кўрмайман, демак, майдонда бу қадар ожиз кўринишимизнинг сабаби нимада?