Ўзбекистон | 18:40 / 27.11.2019
15795
2 дақиқада ўқилади

Тошкент метросидаги электр таъминоти муаммоси сабаблари маълум қилинди

Бугун, 27 ноябрь куни Тошкент метросининг «Ўзбекистон» йўналиши бекатларини электр билан таъминловчи пойтахт электр подстанцияларида кучланишнинг қисқа муддатга пасайиши кузатилди. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати Тошкент метросидаги электр таъминоти муаммоси сабабларини маълум қилди.

«Бугун, 27 ноябрь куни ижтимоий тармоқ ҳамда ахборот сайтларида электр энергияси билан боғлиқ муаммо туфайли Тошкент метросининг «Ўзбекистон» йўналишидаги «Ғафур Ғулом», «Алишер Навоий» бекатларида ёритиш ускуналарида носозлик ҳамда эскалаторлар тўхтаб қолганлиги тўғрисида маълумот тарқалди.

Маълум бўлишича, бугун соат 10:42да Шайхонтоҳур туманида жойлашган 35 кВ «Шайхонтоҳур» подстанциядаги юқори кучланишли «Шайхонтоҳур 1» йўналишли кабель тармоғи шикастланиши натижасида қисқа муддатли узилиш бўлган ҳамда шу заҳоти автоматик равишда захирадаги кабель тармоғига уланган. Соат 10:43да электр энергияси тўла қувват билан узатила бошланган.

Юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз», дейилади хабарда.

Мавзуга оид