Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина тарихда илк бор денгиз дрони билан Россия вертолётини уриб туширди. Бу қандай уддаланди?
Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси 31 декабр куни Қора денгиздаги ҳарбий ҳаракатлар вақтида тарихий воқеа рўй бергани ҳақида маълум қилди: унинг денгиз дрони илк бор ракета билан Россия вертолётини уриб туширган. Мутахассислар украинлар бунинг учун советлар ракетасини такомиллаштирганини тахмин қилишмоқда.
Фото: BBC/GUR/MORF
Украина ҳарбий разведкасига кўра, Magura V5 русумли экипажсиз катер Россиянинг Ми-8 вертолётини Р-73 SeeDragon ракетаси билан уриб туширилган — бу советларнинг «ҳаво-ҳаво» типидаги ракетасининг Украинада модификация қилинган вариантидир.
Разведка бошқармасига кўра, Ми-8 русумли яна бир вертолётга шикаст етказилган, аммо у аэродромга қадар учиб боролган.
Ҳарбий разведка бу амалиёт акс этган видеони намойиш этган.
Унда денгиз дрони вертолётга ўрнатилган пулемёт зарбалари остида уни нишонга олгани, вертолёт эса зарбадан кейин денгизга қулагани акс этган, у ҳимояланиш учун ўзидан иссиқлик тузоғи тарқатган, аммо бу катта эҳтимол билан ракета текканидан кейин бўлган.
Украина томони иккинчи вертолёт учувчисининг диспетчер билан мулоқотини тутиб олган. Аудиоёзувда учувчи сувдан ракета учирилганини кўргани ва кейин варрак ҳудудида қаттиқ овоз эшитилганини айтади.
Россиялик ҳарбийлар йўқотилган вертолёт ҳақида ҳеч нарса ёзишмади; РФ мудофаа вазирлиги 31 декабрга ўтар кечаси Қрим соҳиллари яқинида украинларнинг саккизта денгиз дрони йўқ қилингани тўғрисида ҳисобот бериш билан чекланган.
Экипажсиз катер қурол учун платформа сифатида
Украина Россия флотига қарши экипажсиз катерлардан илк бор 2022 кузида фойдаланган ва ўтган вақт давомида уни такомиллаштириб келган. Бу нафақат жанговар қисми ҳажми оширилишида ёки камикадзе дроннинг алоқа тизими яхшиланишида, балки унга ўрнатиладиган қурол турлари билан тажрибаларда ҳам кўринади.
Якунда 2024 йил охирига келиб Украина мудофаа кучларининг денгиз дронлари, хусусан, Magura ва Sea Baby каби энг таниқли моделлар зарбдор камикадзе дронлардан кўпмақсадли платформага айлантирилди.
Украин ҳарбийлари олдинроқ пулемёт ўрнатилган денгиз дронлари жангларда қўллангани акс этган видеони ҳам намойиш этишганди. 6 декабрга ўтар кечаси пулемёт ўрнатилган Sea Baby дронлари Керч бўғозида Россия патрул катери, соли, вертолёт ва самолётларига ҳужум уюштирганди.
Украина хавфсизлик хизмати бу дронларга автоматик йўналтириш нишонга олиш дастурига эга йирик калибрли пулемётлар ўрнатилганини маълум қилган. УХХ маълумотида Керч бўғозидаги жангда Россиянинг бир неча вертолёти зарбалардан шикастлангани, учувчилар орасида қурбонлар ва яраланганлар борлигини билдирганди.
Экипажсиз катерларга зарбдор квадрокоптерлар ва бошқарилувчи ракеталар ўрнатилиши режалари ҳақида ҳам маълумотлар чиққанди. Айнан сўнггиси рақиб техникасига зара етказиш бўйича истиқболли вариант эди.
Дронлардаги ракеталар
Украина денгиз дронлари орқали ракета қўлланганига оид илк кадрлар 2024 йил майида намойиш этилганди. Унда Sea Baby Херсон областининг оккупация қилинган қисмидаги Кинбурн қумлоғи томон ракеталар отаётгани акс этганди. Украина махсус хизматлари бу «Град» баравар ўт очиш реактив тизимидаги бошқарилмайдиган ракеталар бўлганини маълум қилганди. Битта экипажсиз катер бундай ракеталардан олтитасини олиб юриши мумкин.
Россия каналлари бу уриниш муваффақиятсиз чиққани ҳақида хабар тарқатган.
Экспертлар бундай тизим ишончсизлиги, чунки дрон оператори денгиздаги тебранишларни тўғри ҳисоблай олиши, дронни зарбдор позицияга олиб чиқиши ва керакли бурчакда учириш амалга ошириши қийинлигини айтишганди.
2024 йил май ойи давомида Magura денгиз дронларидан бошқарилувчи Р-73 ракеталари учирилгани ҳақидаги илк кадрлар ҳам пайдо бўлади.
Дастлабки бир неча уриниш муваффақиятсиз чиққан: дрондаги йўналтириш тизими нишонни — душман вертолёти ёки самолётини белгилай олмаган ва уларга аниқ зарба берилмаган.
Аммо 31 декабр куни Тарханкут бурни яқинидаги ҳужум украиналик мутахассислар, катта эҳтимол билан, советларнинг Р-73 ракетасини қайта ишлаб чиқиб, такомиллаштирган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Р-73 — СССРда 1980-йиллар бошидаёқ ишлаб чиқилиши бошланган ва кенг тарқалган «ҳаво-ҳаво» классидаги ракетадир. Унинг учиш масофаси — 40 км, жанговар каллаги оғирлиги — саккиз килограмм атрофида.
Р-73 ракеталарининг турлича модификациялари турли мамлакатларнинг армиялари томонидан қўлланган ва ҳозирга қадар қўллаб келинади — самолётлардан ҳам, қуруқликда ўрнатиладиган тизимлардан зенит ракеталар сифатида ҳам.
Украиналик муҳандислар дастлабки синовлар муваффақиятсизликка учрагач, катта эҳтимол билан Р-73 ракетасининг йўналтириш тизимини қайта ишлаб чиқишган. Ракета номига модификациядан кейин Sеа Dragon сўзлари қўшилгани ҳам шундан дарак беради.
Defense Express ҳарбий-таҳлил сайти ракетада ўзини ўзи йўналтириш каллаги такомиллаштирилганини тахмин қилмоқда.
«Р-73 Sea Dragon ракетаси рақибнинг Ми-8 вертолётлари фаоллик билан иссиқлик тузоқлари чиқарганига қарамай нишонга муваффақиятли зарба берди. Шунинг учун, бу ракетада сохта нишонларни филтрлаш яхшиланган янги ўз-ўзини йўналтириш каллаги қўллангани истисно этилмайди», — дейилган Defense Express мақоласида.
Бундан ташқари, Украина разведкаси видеосида ракета тепловизор билан жиҳозлангани, оловни бошқариш тизими эса нишон эгаллангани ҳақида сигнал бериши кўринган.
Мавзуга оид
11:34 / 10.01.2026
Волгоград вилоятида дрон ҳужумидан сўнг нефт базаси ёнмоқда
09:50 / 10.01.2026
Киев Донбассда эркин иқтисодий зона ташкил этиш таклифини ўрганмоқда
19:19 / 09.01.2026
Украина билан уруш давомида Россия 19 нафар генералини йўқотди
15:20 / 09.01.2026