Жаҳон | 14:58 / 26.02.2022
74193
18 дақиқада ўқилади

Тан олинмаган Будапешт меморандуми: Украина нега ядро қуролларини Россияга топширган эди?

СССР ихтиёрида бўлган ядро қуроллари Россия, Украина, Беларус ва Қозоғистонда сақланган. Мамлакат парчалангач, Беларус ва Қозоғистон ҳеч бир шартларсиз уларни Россияга топширади. Украина эса бермайди.

Фото: UNIAN

1991 йил августда СССР парчаланиб кетади. Иттифоқдош республикалар бирин-кетин мустақиллик эълон қила бошлайди. Ўша йили 8 декабр куни Беларусдаги Беловеж ўрмонидаги қароргоҳда Россия президенти Борис Елцин, Украина президенти Леонид Кравчук ва Беларус раҳбари Станислав Шушкевич томонидан иттифоқни тарқатиб юбориш ҳақидаги келишув имзоланади. Шу тариқа тарих саҳнида 69 йил ҳукм сурган давлат йўқликка юз тутади.

Гарчи Россия СССР парчаланиб кетганини хотиржам қабул қилган бўлса ҳам собиқ иттифоқдош республикалар билан ҳал қилиниши лозим бўлган айрим масалалар бор эди. Улардан бири собиқ иттифоқнинг ташқи қарзи, яна бири айрим иттифоқдош республикалар ҳудудида қолаётган ядро қуролларининг келгуси тақдири масаласи эди.

Ўшанда Россия раҳбари Борис Елцин СССРнинг ташқи қарзи барча собиқ республикалар гарданига тушиши кераклигини айтиб чиқади. Аммо мустақил бўлган республикалар раҳбарлари бу шартни қабул қилишмайди. Ўшанда бошқа республикалар қатори Ўзбекистон ҳам СССРнинг меросхўри Россия экани, унинг асосий бойликлари Россия ҳудудида қолаётгани, шу сабабли ташқи қарзнинг барчаси Россия зиммасига тушиши лозимлигини билдиради.

Иккинчи масала бироз чигал эди. Собиқ иттифоқнинг ядро қуроллари асосан тўртта республика: Россия, Украина, Қозоғистон ва Беларусда жойлашган эди. Россия уларнинг ҳар биридан ядро қуролларни қайтаришини сўрайди. Аммо бу иш осон эмас: собиқ республикаларнинг розилигидан ташқари, 100 миллион долларлаб харажатни талаб қиларди.

1992 йилда Португалия пойтахти Лиссабонда АҚШ, Россия, Украина, Беларус ва Қозоғистон раҳбарлари иштирокида ядро қуроллари масаласи муҳокама қилинади. АҚШ томони мустақил бўлган республикалар ўзларидаги ядро қуролларини Россияга топшириши ёки йўқ қилиши лозимлигини айтиб, бунда харажатлар учун маблағ ажратишга тайёрлигини билдиради. Томонлар ўртасида дастлабки келишув имзоланади. Аммо бу келишувнинг амалга ошиши учун АҚШ ва Россия ҳар уч республикага салмоқли миқдорда пул тўлаб бериши лозим эди.

Унгача 1991 йил 29 август куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Семипалатинскдаги ядро қуролларини синовдан ўтказадиган полигонни ёпиш ҳақида фармонни имзолайди. Шундан сўнг бу давлатдан ядро қуролларини олиб чиқиш бошланади. Харажатларни Россия ва АҚШ тўлаб беради.

СССР тарқалган вақтда Беларус мустақил давлат сифатида дунёда ядро қуроллари бор давлатлар орасида 8-ўринни эгаллаган. Бу ерда жами 1120 дона ядро қуроли бор эди. Бу давлат 1993 йилда расмий равишда ядро қуролини тарқатмаслик шартномасига қўшилади ва ядро қуролларини Россияга олиб чиқиш бошланади.

1994 йилда Беларусга Лукашенко раҳбар бўлади ва келажакда НАТОнинг шарққа қараб кенгайиш хавфи борлигини, ядро қуролларининг бир қисмини қолдириш кераклигини айтади. Аммо АҚШ ва Россия унинг таклифига рад жавобини беришади ва қуроллар охиригача Россияга олиб чиқилади. Беларусдан ядро қуроллари ортилган энг охирги эшелон 1996 йилда чиқади ва унга қитъалараро баллистик ракеталар ортилган эди.

Россия Қозоғистон ва Беларусдан ядро қуролларини олиб чиқишда айтарли жиддий муаммога дуч келмайди. Аммо Украинадаги ядро қуролларининг тақдири 1994 йилгача мавҳум қолади. Бир тарафдан Россия, иккинчи томондан АҚШ бу давлатга ядро қуролларини Россияга топшириши масаласида босим ўтказарди.

Украина эса келажакда айнан Европа давлатларидан ёки НАТОдан эмас, балки Россиядан хавфсирарди. Чунки 1990-91 йилларда Молдавия шарқида, Приднестровьеда яшаётган рус миллатига мансуб аҳоли мустақил бўлиш учун бош кўтарган ва у ерга тинчликпарвар кучлар ниқоби остида Россия армияси жойлаштирилганди. Ўшанда Украина ўз шарқий вилоятларида яшаётган руслар қачонлардир бош кўтаришидан ва бунга ҳам Россия аралашиб жиддий муаммолар келтириб чиқаришидан хавотирда эди.

Шу сабабли мамлакат раҳбарияти ўз хавфсизлигини ўйлаб ядро қуролларини Россияга топширишга шошилмай келаётганди.

Будапешт меморандуми

Украина ядро қуролларини Россияга топширишни кечиктираётгани нафақат Россияни, балки АҚШ ҳамда Европа давлатларини ҳам бирдай хавотирга солаётганди. Шу учун ҳам улар Украина ядро қуролидан тезроқ воз кечиши учун ҳаракат қила бошлашади.

1994 йилда Украина парламенти мамлакатнинг ядро қуролларини тарқатмаслик шартномасига қўшилиши ҳақидаги қонунни қабул қилади. Қонунда Украина нима хоҳлаётгани аниқ ва равшан белгилаб қўйилган эди.

«Ушбу қонун ядро қуролларига эга давлатлар Украинага халқаро даражада расмийлаштирилган ҳужжатни имзолаш орқали хавфсизлик кафолатларини бергандан сўнг кучга киради», — дейилган эди қонуннинг 6-бўлимида.

Украина нафақат Россиядан, балки воситачилик қилаётган бошқа давлатлардан халқаро даражада расмийлаштирилган кафолат ҳужжатини имзолашни сўраётганди. Украинанинг бу сўровига воситачилар – АҚШ ва Буюк Британия билан бирга манфаатдор Россия ҳам рози бўлади.

1994 йил 5–6 декабр кунлари Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг йиллик саммити ўтказилади. Саммитнинг биринчи кунида АҚШ, Буюк Британия, Россия ва Украина раҳбарлари иштирокида алоҳида йиғилиш ўтказилади. Йиғилишда Билл Клинтон, Жон Мейжор, Борис Елцин ва Леонид Кучма иштирокида Украина ҳудудидаги ядро қуролларини Россияга топшириши ва унга халқаро даражада хавфсизлик кафолатини бериш масаласи муҳокама қилинади.

Йиғилишда АҚШ, Буюк Британия, Россия ҳамда Украина ўртасида халқаро меморандум имзоланади. Унга кўра Украина ўз ҳудудидаги ядро қуролларини Россияга топширади. Ўз навбатида, Россия ҳеч қачон Украинага ҳудуд масаласида даъво қилмайди ва яхлитлигига рахна солмайди, Украинада айирмачиликни қўллаб-қувватламайди.

Меморандум имзоланаётган пайтда гарчи уни имзолайдиган давлатлар рўйхатида бўлмаса ҳам Франция ва Хитой Украинага хавфсизлик кафолати берилишини қўллаб-қувватлашини маълум қилишади. Ўша куни Франция вакили мамлакат президенти Франсуа Миттераннинг мактуби билан бирга у имзолаган декларацияни Украина раҳбарига топширади.

Томонлар халқаро меморандумни имзолагандан сўнг Украина ўз ҳудудидаги ядро қуролларини Россияга топширади. Украинадан ядро қуролларини олиб чиқиш бир неча йил давом этади ва 1996 йил июнда якунланади.

Будапешт меморандумининг ҳуқуқий статуси

Будапешт меморандуми олти банддан иборат. Унинг биринчи бандида «ЕХҲТ ташкилотининг якуний Актига кўра, Россия, АҚШ ва Буюк Британия Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва мавжуд чегараларини ҳурмат қилиш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлайди», дейилганди.

Иккинчи бандда эса «Россия, АҚШ ва Буюк Британия Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатиш билан таҳдид қилиш ёки қўллашдан тийилиш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлайди», деб ёзилганди.

Аммо Будапешт меморандуми гарчи халқаро ҳужжат сифатида имзоланган бўлса ҳам унинг аниқ статуси белгиланмаган эди. Шундай бўлса ҳам мазкур меморандум тайёрланишида иштирок этган Украинанинг собиқ мудофаа вазири Владимир Рябцевнинг сўзларига кўра тўрт давлат раҳбари имзолаган халқаро меморандумни ўша давлатларнинг парламентлари томонидан ратификация қилиш назарда тутилмаган. Шу сабабли у имзолангандан кучга кирган ва уни имзолаган томонлар унга амал қилиши лозим бўларди.

Украинанинг собиқ президенти Леонид Кучма немисларнинг Deutsche Welle ахборот агентлигига берган интервьюсида Будапешт меморандуми шунчаки расмиятчилик учун имзолангани, амалда эса Украина бошқалар ўйлагандан кўра ожизроқ бўлгани ҳақида гапирган.

Аксарият сиёсий таҳлилчилар Будапешт меморандуми ҳеч нарсани англатмаслигини, чунки унда ушбу ҳужжатга амал қилмаганларга ва келишувни бузганларга қандай чора кўрилиши ҳақидаги аниқ механизмнинг ўзи йўқлигини таъкидлашарди. Амалда ҳам шундай бўлди, Россия мазкур меморандум шартларини бузиб Украинадан Қримни тортиб олганда, мамлакат шарқидаги рус айирмачиларига ёрдам кўрсатганда унга қарши ҳеч қандай чора кўришнинг иложи бўлмади.

Бир пайтлар ўртада воситачилик қилган АҚШ ва Буюк Британия Россияга қарши иқтисодий санкциялар эълон қилишдан бошқасига ярамади.

Украина бўйича эксперт, германиялик журналист Винфрид Шнайдер-Детерс Будапешт меморандумини «бир парча қоғоздан бошқа нарса эмас» деганди. Тарих унинг ҳақлигини кўрсатди.

Россиянинг Будапешт меморандумини бузиши

2014 йилда Украинада Европа Иттифоқи билан ўзаро интеграция шартномасини имзолашни талаб қилган одамлар Киев марказида намойишларни бошлайди. Мамлакат президенти Виктор Янукович Россияга қочади. Украинада содир бўлаётган талатўплардан фойдаланган Россия Қримда сохта референдум ўтказади ва яриморолни Россияга қўшиб олинганини эълон қилади.

Бундан ташқари, Украина шарқида ҳукуматга қарши бош кўтарган рус айирмачиларини қурол-яроғ ва озиқ-овқат билан таъминлайди. Камига бу ҳудудга ўз армиясини киритади. Шу тариқа Будапешт меморандуми шартларини бузади.

Шундан сўнг меморандум имзоланишида воситачилик қилган АҚШ ва Буюк Британия, шунингдек Европа Иттифоқи давлатлари Россияга нисбатан иқтисодий санкциялар жорий этишди. Бу санкциялар ҳар йили узайтириб бориляпти. Аммо улардан унчалик ҳам наф бўлмаяпти.

Украина ҳукуматининг муносабати

Россия Қримни қўшиб олиб, камига Украина шарқидаги айирмачиларни қўллаб-қувватлагач Украина томони Россия Будапешт меморандумини бузганини ва нафақат воситачи давлатлар, балки халқаро ташкилотлар Россияни тийиб қўйиши лозимлигини таъкидлаб келади. Аммо амалда бунинг иложи йўқлигини расмий Киевнинг ўзи ҳам билиб турибди.

Европа Иттифоқининг Россия масаласида кескин чоралар кўра олмаслигига қисман бу мамлакат кўҳна қитъага газ ва нефт экспорт қилувчи асосий давлат экани ҳам сабаб бўлмоқда.

2014 йилдан кейин Украина сиёсатчилари амалда мамлакатга нафи тегмаган Будапешт меморандуми шартларини қайта кўриб чиқиш ҳақида бир неча бор гапириб чиқишди. Аммо аксарият сиёсий таҳлилчилар амалда бу йўл билан Украина бой берган ҳудудларини қайтариб ололмаслигини айтишган.

Россиянинг муносабати

Россия Будапешт меморандумини бузганини тан олмайди. Қрим қўшиб олинишини Россия томони Украинанинг бир қисмини босиб олиш эмас, балки яриморолда яшовчи аҳолининг хоҳиш-истагини инобатга олиш деб билади. Шу сабабли Россия сиёсатчиларига кўра Қримни босиб олиш Будапешт меморандумини бузиш ҳисобланмайди.

Шунингдек, Россия Украина шарқига қўшин киритганини ҳам инкор этади. Улар Донецк ва Луганскдаги миллатдошларига (яъни русларга) гуманитар ёрдам берганини айтиб келишади.

Қолаверса, Россия Будапешт меморандумида ядро қуролига эга давлат сифатида ядро қуроли бўлмаган давлатдан ушбу хавфли қуролни ишлатмаслик масъулиятини олганини, меморандумда бошқа нарса назарда тутилмаганини айтади.

АҚШ ва Буюк Британиянинг муносабати

Россиянинг Қримни қўшиб олиши ва Украина шарқидаги рус айирмачиларига ҳар томонлама ёрдам бериши ортидан энг аввало АҚШ ва Буюк Британия сиёсатчилари ноқулай аҳволга тушиб қолишди. Афтидан улар Россия Қримни қўшиб олишини ва бу давлатда этник можаро келтириб чиқаришини тахмин қила олмаган.

1994 йилда Украинага хавфсизлик бўйича кафолат берган бу икки давлат Россиянинг Украинага нисбатан амалга оширган хатти-ҳаракатларини «мутлақо қабул қилиб бўлмас» деб баҳолади. Шундан сўнг бу икки мамлакат бошчилигидаги Ғарб мамлакатлари Россияга нисбатан иқтисодий жазо чораларини қўллашди. Оқибатда Россияда хорижий валюталар нархи қарийб уч баробар кўтарилиб кетди ва бу давлатда иқтисодий инқироз юзага келди.

Расмий Вашингтон ва Лондон Россия Украинанинг ҳудудий яхлитлигига дахл қилса унга қарши ҳеч қандай жиддий чора кўра олмаслигини англаб турарди. Шу сабабли бу икки давлатнинг айрим сиёсатчилари ҳужжат қабул қилинганда ҳам, 2014 йилдан кейин ҳам Будапешт меморандуми Украинани Россия агрессиясидан сақлаб қололмаслигини айтишганди. Амалда шундай бўлди ҳам.

Қолаверса, айрим сиёсий таҳлилчилар фикридан фарқли ўлароқ, Будапешт меморандуми қоидаларини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, 2014 йилда Ғарб давлатлари ушбу ҳужжатга мувофиқ Украина олдидаги мажбуриятларини бажариб, унда назарда тутилган маслаҳатлашувларни ўтказган. Яъни меморандумда кўзда тутилган ишни бажариб, Украина олдида «юзи ёруғ бўлган».

2014 йилдан АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари, хусусан Европа Иттифоқи Россияга нисбатан қўлланаётган иқтисодий чекловларни ҳар йил янгилаб келмоқда. Ҳозирча бу чекловлар бекор қилиниши ҳақида ҳеч гап йўқ. Россия ҳозиргидай агрессив сиёсат юритишда ва Украина шарқидаги рус айирмачиларини қўллаб-қувватлашда давом этаверса чекловлар ҳали бери бекор қилинмайди.

Халқаро сиёсий таҳлилчилар нима дейди?

Аксарият халқаро сиёсий таҳлилчилар, соҳа мутахассислари Россияни нафақат Будапешт меморандумини, балки бошқа халқаро нормаларни ҳам бузганликда айблашади.

Жумладан, Лондондаги Халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуроллардан воз кечиш дастури директори Марк Фицпатрик Украинани Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага қўшилишга бугунги кунда Россия ташқи ишлар вазирлиги иккинчи даражали деб ҳисоблаган хавфсизлик кафолатлари ундаганини таъкидлайди.

Фицпатрикнинг фикрича, Владимир Путиннинг «янги давлат пайдо бўлиши» ҳақидаги позицияси халқаро ҳуқуқнинг асосий принципига зид. Унга кўра шартномалар у ёки бу ҳукуматлар ўртасида эмас, балки давлатлар ўртасида тузилади. Шундан келиб чиқилса Будапешт меморандуми ҳам Елцин ва Кравчук имзолаган битим эмас, балки Россия ва Украина ўртасида имзоланган келишув эди.

Билл Клинтон Борис Елцин ва Леонид Кравчук / Фото: AFP via Getty Images

Аксарият дипломатлар ва таҳлилчиларнинг фикрича, 2014 йил воқеалари шуни кўрсатдики, Будапешт меморандуми ядро қуролидан воз кечган Украинанинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш воситаси сифатида самарасиз бўлиб чиқди.

Кембриж университети қошидаги Лаутерпахт халқаро ҳуқуқ тадқиқотлари маркази ходими Томас Грантнинг сўзларига кўра, Будапешт меморандумини соф декларатив-сиёсий ҳужжат ёки юридик жиҳатдан мажбурий ҳужжат деб ҳисоблаш керакми, деган саволнинг ўзига жавоб йўқ.

Бироқ Грантга кўра меморандум халқаро шартнома шаклида ишлаб чиқилган ва уни имзолаган томонлар ушбу ҳужжат муайян мажбуриятларни пайдо қилади деб ҳисоблашган. Аммо қандай мажбуриятларни?

Меморандум Россия Федерацияси, Буюк Британия ва Қўшма Штатлардан маълум шароитларда маълум процессуал чораларни кўришни талаб қилади.

Жумладан:

4-бандга мувофиқ «Агар Украина тажовуз қурбони ёки ядро қуроли қўлланган тажовуз объекти бўлса», қолган уч томон «БМТдан Украинага қилинган тажовузга қарши зудлик билан чора кўришни тасдиқлашни талаб қила олади». Шу банддан келиб чиқиб АҚШ ва Буюк Британия 2014 йилнинг 15 мартида БМТ Хавфсизлик Кенгашига резолюция лойиҳасини тақдим этди. Лекин Украинага қарши тажовузда ядро қуроли қўлланмагани учун у рад этилди.

(Айнан Россия ҳам меморандумдаги ана шу бандни ушлаб олган ва Украинага ядро қуроли қўлламаганини айтиб келади.)

6-бандга мувофиқ, «Томонлар ушбу мажбуриятлар масаласига таъсир қиладиган вазият юзага келган тақдирда маслаҳатлашадилар». Шундай вазият юзага келди ва Буюк Британия ва АҚШ бу масалада Украина билан «маслаҳатлашган».

Грантнинг сўзларига кўра, юқоридаги иккита банд бўйича Буюк Британия ва АҚШ ўз мажбуриятларини бажарилган деб ҳисоблашмоқда. Меморандумга кўра улар ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш мажбуриятини олмаган.

НАТОнинг собиқ бош котиби Жорж Робертсоннинг сўзларига кўра, Украина мисолида ядровий қуролсизланиш ғояси ўзини оқламаганини кўриш мумкин. «Агар Киевда ядро қуроллари бўлганда Қримни қўлга киритиш ва Украина шарқини босиб олиш қийин бўлар эди», дейди у.

Шунингдек, БМТ собиқ Бош котиби Пан Ги Мун томонидан Россиянинг Украинага босқини ядровий қуролларни тарқатмаслик шартномасига амал қилаётган давлатлар учун хавф деб баҳоланганди. Бу фикрга бошқа бир қатор мутахассислар ҳам қўшилади.

Унинг сўзларига кўра, Будапешт меморандумининг бузилиши Корея яриморолини тинч йўл билан тартибга солиш истиқболларига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Чунки анча йилдан буён Шимолий Кореяга ядро қуролларидан воз кечиш талаби қўйиляпти. Украина–Россия ҳодисаларидан кейин Шимолий Корея ўз хавфсизлигига жиддийроқ кафолатлар берилмаса ядро қуролларидан воз кечиши даргумон.

Баъзи бошқа таҳлилчилар эса Россия Будапешт меморандумини бузган деган даъвога қўшилишларини айтишган. Улар 1994 йилда Украинанинг ядро қуролини сақлаб қолиши нафақат Россия Украинанинг ички ишларига аралашувининг олдини олишга ёрдам берарди, балки тажовуз қилишига ҳам йўл қўймасди дейишади.

Қрим Россияники деб тан олган давлатлар

Албатта Россия катта давлат, шу жиҳатдан олганда унинг Украинага нисбатан тутган йўлини тўғри деб билаётган мамлакатлар етарлича. Уларнинг аксарияти Россия таъсир доирасидаги давлатлар ҳисобланади.

Булар:

1. Афғонистон

2. Венесуэла

3. Куба

4. Никарагуа

5. Сурия

6. Шимолий Корея

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид