Жаҳон | 21:43 / 16.02.2026
9256
2 дақиқада ўқилади

Россияда «Крокус» теракти иши бўйича 15 нафар судланувчига умрбод қамоқ жазоси сўралди

2024 йил 22 март куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган терактда 146 киши ҳалок бўлган, 550 нафардан ортиғи жароҳатланган эди. Жиноят иши бўйича 19 нафар шахс судланмоқда, уларнинг 15 нафарига умрбод қамоқ жазоси сўралди.

Фото: EPA/ТАСС

Россия Бош прокуратураси «Крокус Сити Холл»даги терактнинг тўрт нафар ижрочисини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўради, деб хабар берди РБК.

Тожикистонлик Шамсиддин Фаридуний, Далержон Мирзоев, Муҳаммадсобир Файзов ва Саидакроми Ражабализода Жиноят кодексининг бир нечта моддалари, жумладан, теракт содир этишда айбланмоқда.

«РИА Новости» нашрига кўра, иш бўйича ўтаётган 19 нафар шахсдан 15 нафарига умрбод қамоқ жазоси сўралган. Прокурор сўраган энг кам муддат - 19 йил экани айтилмоқда.

Шунингдек, иш бўйича Шаҳромжон Гадоев, Зубайдулло Исмоилов, Ҳусайн Ҳамидов, Муҳаммад Зоир Шарипзода, Ёқубжони Давлатхон Юсуфзода, Назримад Лутфуллоий, Жумахон Қурбонов, Ҳусен Медов, Жаброил Аушев, Алишер Қосимов, Умеджон ва Мустақим Солиевлар, Исроил Исломов, Диловар ва Аминжон Исломовлар ҳам иштирок этмоқда. Уларнинг аксарияти Тожикистон фуқаролари.

Тергов версиясига кўра, «Крокус»га ҳужумни ИШИД таркибига кирувчи «Вилояти Хуросон» террорчилик ташкилоти уюштирган. Шу билан бирга, терговчиларнинг таъкидлашича, ташкилотда хорижий махсус хизматлар иштирок этган ва ҳужум «Украина олий раҳбарияти манфаатларини кўзлаб» уюштирилган. Теракт ташкилотчилари ҳалигача топилмади. Иш бўйича икки мингдан ортиқ киши жабрланган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 22 март куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган терактда 146 киши ҳалок бўлган, 550 нафардан ортиғи жароҳатланган эди. Тўрт нафар қуролланган шахс концерт залига бостириб кириб, томошабинларга қарата ўқ узди ва бинога ўт қўйди. Оқибатда «Крокус» биноси бутунлай ёниб кетди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид