Ўзбекистон | 08:38 / 05.08.2021
4250
3 дақиқада ўқилади

«Ёшлар дафтари»га киритилганларга ўқиш учун компенсация тўланади

Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Ҳужжат Президентнинг “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 20 апрелдаги ПФ-6208-сон фармонига мувофиқ қабул қилинган.

Биринчидан, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташ тартиби тўғрисидаги низомнинг 12-бандига ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, тўлдирилишича, касб-ҳунар коллежи оиласи “Темир дафтар”га киритилган ўқувчи ёшларга олти ойдан кўп бўлмаган муддатдаги ишлаб чиқариш амалиёти даври учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик субсидия ажратади.

Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон қарори қуйидаги мазмундаги 3-2-банд билан тўлдирилди: “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига давлат мулкини ижарага олишда ижара тўловлари бўйича Президентнинг 2021 йил 20 апрелдаги ПФ-6208-сон Фармонига 1-иловада белгиланган имтиёзлар қўлланилиши таъминлансин”.

Учинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 11 мартдаги 132-сон қарорининг 3-банди 7-хатбошисига ўзгартиришлар киритилди. Айнан, белгиланишича, “Ёшлар дафтари”га киритилган Ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандларининг тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, аммо базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб бериш учун фойдаланилади. Шунингдек, бу мамлакатимиздаги профессионал ва олий таълим муассасаларида таълим олаётган “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга (илгари - мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалар фарзандлари) ҳам тааллуқли.

Бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилди.

Мавзуга оид