Жаҳон | 19:18 / 19.10.2024
3274
2 дақиқада ўқилади

Тамаки ишлаб чиқарувчилар Канада аҳолисига 23,6 млрд доллар компенсация тўлайди

Дунёдаги учта йирик тамаки ишлаб чиқарувчи компаниялар Канадада чекувчилар соғлиғига етказилган зарар учун 23 миллиард доллардан ортиқ компенсация тўлашга тайёр.

Фото: Getty images

Дунёдаги учта йирик тамаки ишлаб чиқарувчи компаниялар Канадада чекувчилар соғлиғига етказилган зарар учун 23 миллиард доллардан ортиқ компенсация тўлашга тайёр. Гап Philip Morris, British American Tobacco ва Japan Tobaccoкомпаниялари ҳақида кетмоқда, деб ёзади Reuters.

Таъкидланишича, Канадада давом этаётган суд жараёни бўйича келишувни амалга ошириш тўлови 32,5 миллиард Канада долларини (23,6 миллиард АҚШ доллари) ташкил этади. Бу АҚШдан бошқа дунёнинг исталган давлатида тамаки ишлаб чиқарувчилар томонидан тўланган энг катта миқдордаги компенсация бўлади.

1950 йилдан 1998 йилгача тамакига қарам бўлиб қолган инсонлар, шунингдек, уларнинг меросхўрлари тўловларга даъвогар бўла олади. Канада провинциялари ва ҳудудий ҳукуматлари ҳам компенсация олади.

Маълум қилинишича, компенсациянинг якуний ҳисоб-китоби камида йил охиригача давом этадиган яна бир қанча тасдиқлов жараёнларидан ўтиши керак.

Аввалроқ Мичиган университети олимлари ҳар қандай ёшда ҳам тамаки чекишдан воз кечиш инсон соғлиғи учун фойдали ва умрни узайтиришини аниқлаган эди. Тамаки тутуни таркибида минглаб заҳарли моддалар мавжуд бўлиб, у тананинг деярли барча органларига зарар етказади ва саратоннинг кўплаб турларини, инсулт, юрак ва ўпка касалликларини келтириб чиқаради.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид