Ўзбекистон | 19:10 / 08.12.2023
14488
2 дақиқада ўқилади

Бўстон туманидаги тадбирга юпун кийимдаги ўқувчилар жалб қилинди

Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ушбу ҳолатга йўл қўйган мутасаддиларга интизомий чора кўрилишини маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

Андижон вилоятининг Бўстон туманидаги тадбирда юпун кийимдаги ўқувчилар қатнашгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Бўстон тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бунга муносабат билдирди.

Унда айтилишича, видеода акс этган ҳолат 7 декабр куни Бўстон тумани «Меҳнатобод» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли янги кўча очилиш маросимидаги тадбирдан олинган. Туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда туман ҳокимлиги маданий тадбир дастуридан бехабар бўлгани сабабли ушбу дастурга болалар рақси киритилган.

«Ушбу вазиятда болалар ташқарида 5 дақиқа бўлганига қарамай уларнинг саломатлиги ҳамда хавфсизлигини инобатга олиб, мазкур салбий ҳолатга йўл қўйган тегишли мутасаддилар аниқланиб, интизомий чора кўрилиши режалаштирилмоқда», дейилади муносабатда.

Шунингдек, мактаб ўқувчилари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари таълимдан ташқари турли тадбирларга жалб этилмаслиги эслатиб ўтилган.

«Хулоса ўрнида мактаб ўқувчилари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари таълимдан ташқари турли тадбирларга жалб этилмаслигини, об-ҳаво ҳарорати кескин ўзгарган вақтларда уларнинг саломатликларига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган омиллар мавжуд эканидан келиб чиққан ҳолда келажак авлодимизга эҳтиёткорона муносабатда бўлишлари зарур эканини таъкидлаб қоламиз», дейилади хабарда.

 

Мавзуга оид