27 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Қозоғистон чегарасидаги вақтинчалик чекловлар, Наманган ва Бухорода янги университетлар, киберхавфсизлик бўйича тайёрланадиган мутахассислар ва Германияда ишлаш учун ўқув марказлари — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
«Довуд ота» чегараси вақтинча ёпилади
Қорақалпоғистондаги «Довуд ота» чегара ўтказиш пункти 1 февралдан уч ойга ёпилади. Ўзбекистон Божхона қўмитаси маълумотига кўра, бу муддатда таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилади.
Чеклов фуқаролар, енгил автомобиллар, автобуслар ва вазни 3,5 тоннадан ошмайдиган юк машиналари учун жорий этилади. Шунга қарамай, 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк машиналари учун ҳаракат чекланмайди.
Ушбу даврда «Довуд ота» орқали ҳаракатланувчи шахслар ва транспорт воситаларига «Яллама», «Зангиота (Навоий)», «Оқ олтин» ва «Малик» ўтказиш пунктларидан фойдаланиш тавсия этилмоқда. Шунингдек, йўловчилар «Қорақалпоғистон» темирйўл ўтказиш пункти орқали поездда сафар қилишлари мумкин.
Шунингдек, Қозоғистон—Ўзбекистон чегарасидаги яна бир ўтказиш пунктида вақтинчалик чекловлар жорий этилди.
5 февралгача Ўзбекистон томонидаги «Ғишткўприк» чегарадаги ўтказиш пункти таъмирланиши сабабли «Жибек Жўли» ўтиш йўлаги вақтинчалик ишламайди. Бу ҳақда Қозоғистон давлат даромадлари қўмитаси хабар берди.
Чегарани кесиб ўтиш учун ҳозирча «Қоплонбек» ва «Навоий» пунктлари фаолият юритмоқда. Улар техник жиҳатдан янгиланган бўлса-да, ҳозирча чекланган режимда ишлайди. «Қоплонбек» пунктда тўлиқ қувват билан ишлаш 5 февралгача қайта тикланиши кутилмоқда.
Наманган ва Бухорода янги университетлар ташкил этилади
Наманган муҳандислик-технология институти, муҳандислик-қурилиш институти ва тўқимачилик саноати институти негизида Наманган давлат техника университети ташкил этилди. Университетда муҳандислик, қурилиш, тўқимачилик, ахборот технологиялари ва қайта ишлаш соҳалари бўйича мутахассислар тайёрланади.
2025-2026 ўқув йилидан талабалар битирув ишларини иш берувчи корхоналарда ҳимоя қилади. 2026-2027 ўқув йилигача камида иккита бакалавриат ва учта магистратура йўналиши халқаро аккредитациядан ўтказилади. Барча талабалар ўқишини янги университетда давом эттириб, унинг дипломини олади.
Университетга йирик корхоналар саноат ҳамкори сифатида бириктирилиб, амалий таълим имкониятлари кенгайтирилади.
Шунингдек, президент қарори билан Бухоро муҳандислик-технология институти ҳамда Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти негизида Бухоро давлат техника университети ҳам ташкил этилади.
Тошкентда Туркий давлатлар халқаро университети очилади
Тошкентда Туркий давлатлар халқаро университетини ташкил этиш ҳақида президент қарори қабул қилинди. Янги университет муҳандислик, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати каби соҳаларда халқаро стандартларга мувофиқ кадрлар тайёрлайди.
Университет таълим дастурлари Туркиянинг етакчи олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади. Илмий тадқиқотлар ҳам йўлга қўйилади.
2025-2026 ўқув йилидан таълим жараёни халқаро рейтинглардаги юқори ўринларни эгаллаган Туркия университетлари дастурлари асосида йўлга қўйилади. Талабалар ўқиши тўлов-контракт асосида ташкил этилади.
Университет фаолияти нодавлат асосда бўлади ва бошқарув кенгаши томонидан мувофиқлаштирилади. Бу таълим лойиҳаси минтақада билимли кадрлар тайёрлашда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Киберхавфсизлик факултети ташкил этилади
Ўзбекистонда киберхавфсизлик соҳаси учун профессионал кадрлар тайёрланади. Президент қарорига мувофиқ 2025-2026 ўқув йилидан Ички ишлар вазирлиги Академиясида «Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти» бакалавриат йўналиши ва «Киберхавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш» магистратура мутахассислиги ташкил этилади.
Истеъдодли номзодлар учун имтиёзлар назарда тутилган: нуфузли олимпиадалар совриндорлари якуний суҳбатсиз қабул қилиниши, халқаро IT-сертификат эгаларига имтиҳондан озод этилиш имконияти берилади.
2025 йил 1 июлгача Академия таркибида киберҳуқуқ ва рақамли криминалистика бўйича махсус факултет ташкил этилади. Шунингдек, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ахборот-таълим портали орқали суриштирувчилар, терговчилар ва прокуратура ходимлари учун «Рақамли криминалистика» бўйича масофавий курслар йўлга қўйилади.
Бу чора-тадбирлар рақамли жиноятчиликка қарши курашишда янги босқични бошлаб беради.
Германия меҳнат бозорига мос ўқув марказлари
Ўзбекистонда Германия меҳнат бозори талабларига мослаштирилган касбий таълим марказлари очилади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олим Абдуллаев ва Германиянинг SBH West GmbH ташкилоти вакиллари ўртасидаги учрашувда эълон қилинди.
Марказларда битирувчилар Германияда ишлаш учун зарур бўлган кўникмалар ва малакаларга эга бўлишади. Уч томонлама меморандум доирасида ўзбекистонликларни Германияда юк ва автобус ҳайдовчилари сифатида ишга жойлаштиришга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилади.
Бу ташаббус халқаро меҳнат бозорида ўзбек фуқаролари учун янги иш ўринлари яратиш ҳамда икки давлат ўртасида таълим ва миграция соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини беради.
Ўзбекистонда совуқ ҳаво кутилмоқда
29–31 январ кунлари совуқ ҳаво массалари мамлакат бўйлаб тарқалади, деб хабар берди Ўзгидромет.
28 январда Қорақалпоғистон ва Хоразмда бироз қор ёғади, Навоий ва Самарқандда ёмғир-қор кузатилиши мумкин. Ҳарорат шимолий ҳудудларда 0…+3 даража, бошқа ҳудудларда +5…+10 даража бўлади.
Чоршанба-жума кунлари ҳарорат кечаси –5 даражагача, кундузи 0…+5 даражагача тушади. Марказий ва жанубий ҳудудларда қор ёғиши мумкин, Қорақалпоғистон ва Хоразмда ёғингарчилик кутилмайди. Айрим ҳудудларда туман тушиши, тоғларда қор кўчиши эҳтимоли бор.
Тавсия этамиз
No Partey, no party. «Арсенал» нега ютқазди?
Спорт | 13:50 / 30.04.2025
Фуқароларга ёшга доир пенсияни тайинлаш тартиби енгиллаштириляпти
Ўзбекистон | 11:37 / 30.04.2025
Тошкентда автобуслар кондиционери қачон ёқилади?
Ўзбекистон | 20:40 / 29.04.2025
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўл туннели қурилиши бошланди
Жаҳон | 17:12 / 29.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Маск АҚШ Ўзбекистон пахтакорларини молиялаштирганини эшитиб кулиб юборди
Жаҳон | 17:04
-
АҚШ Россиянинг савдо ҳамкорларига 500 фоизлик бож жорий қилмоқчи
Жаҳон | 17:01
-
Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф
Жамият | 17:00
-
Президент Хонқа туманида мебелсозлик саноат зонасини бориб кўрди
Ўзбекистон | 16:58
Мавзуга оид

22:19 / 30.04.2025
30 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:24 / 29.04.2025
29 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:45 / 28.04.2025
28 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:33 / 25.04.2025