Иқтисодиёт | 10:19 / 20.08.2019
110370
4 дақиқада ўқилади

20 августдан тижорат банклари нақд валюта сотишни бошлади

Фото: REUTERS/Kham

Валюта бозорини янада эркинлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида жорий йилнинг 20 августидан бошлаб тижорат банклари валюта айирбошлаш шохобчалари орқали нақд хорижий валюта сотишни бошлади. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Сўнгги кунларда ички банклараро валюта бозори савдоларида алмашув курси ўзгарувчанлиги ортиши кузатилмоқда. Хусусан, 2019 йил 20 августдаги биржа савдоларида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси 9384 сўмни ташкил қилди.

Валюта курси ҳолатидаги ушбу ўзгаришлар валюта бозорида мавжуд талаб ва таклифнинг ўзаро нисбатини инобатга олган ҳолда курснинг кескин тебранишлари олдини олиш мақсадида ўрнатилган жорий алмашув курси тебраниш коридори бекор қилинишига сабаб бўлди.

Аввал хабар қилинганидек, сўнгги ойларда айирбошлаш курси динамикаси қуйидаги омиллар таъсирида шаклланди.

Биринчидан, жаҳон иқтисодиётидаги хатарлар ортиши ва ташқи савдо муносабатларида ўзаро келишмовчиликлар кескинлашуви АҚШ, Хитой, Евроҳудуд ва бошқа мамлакатларда иқтисодий ўсиш суръатлари пасайишига олиб келди.

Бунда, кўплаб мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари бўлган давлатлар молия бозорларида мазкур ўзгаришлар миллий валюта курси ўзгарувчанлиги ва қадрсизланиши кучайишига сабаб бўлмоқда. Ушбу мамлакатлардаги миллий валюталарнинг қадрсизланиш даражаси инфляция даражасидан юқорироқ бўлиб, бу ўз навбатида, сўм қадрининг реал маънода ошишига олиб келмоқда.

Иккинчидан, юқоридаги омиллар иқтисодиётдаги инвестицион ва кредитлаш фаоллигининг ошиши билан бир қаторда экспорт «нарх кўтарилиши» ва импорт жозибадорлиги ошиши кўринишида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозорларда нарх рақобатбардошлиги пасайишига сабаб бўлмоқда.

Натижада, сўнгги йилларда ички валюта бозорида талабнинг барқарор ўсиши кузатилмоқда.

Жаҳон иқтисодиётининг жорий ривожланиш тенденцияси шароитида Марказий банк валюта курси шаклланишига ташқи омиллар таъсирининг кучайиш эҳтимоли мавжудлигини инобатга олади.

Шу билан бирга, Марказий банк ички валюта бозоридаги вазиятни диққат билан кузатишда давом этади ҳамда ташқи омиллар таъсирини камайтириш ва асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар мувозанатини таъминлаш мақсадида бозор механизмларидан фойдаланади.

Хусусан, Молия вазирлиги билан биргаликда экспансион кредитлаш ва фискал сиёсатини чеклаш орқали инфляция ва валюта курсига қўшимча босимни пасайтириш бўйича чоралар кўриб борилади.

Валюта бозорини янада эркинлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида жорий йилнинг 20 августидан бошлаб тижорат банклари томонидан нақд хорижий валютани сотиш йўлга қўйилади», дейилади хабарда.

Бундан аввалроқ, Ўзбекистон банкларида доллар курси 9450 сўмгача кўтарилгани хабар қилинганди. Доллар банкларда ҳам 9450 сўмдан сотилиб, 9200 — 9350 сўмдан сотиб олинаётганди. 

Энди эса чет эл валютасини валюта айирбошлаш шохобчаларида ҳам сотиб олиш мумкин.

Ўтган ҳафтада Марказий банк долларнинг расмий курсини эълон қилган эди. Унга кўра, 16 августдан 1 АҚШ доллари 9 август куни эълон қилинган курсга нисбатан 179 сўмга кўтарилган ва 1 доллар 9061 сўмга етганди. Бугун курс 323 сўмга қимматлаб, 1 доллар 9384 сўмга етди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банкнинг жорий йил 9 августдаги хабарида ички валюта бозорида юз бераётган ўзгаришларнинг сабаблари баён қилинганди.

Мавзуга оид