Иқтисодиёт | 22:27 / 30.03.2026
607
3 дақиқада ўқилади

Март ойида сўм курси қандай ўзгарди?

Ўзбекистон миллий валютаси мартни долларга нисбатан 0,3 фоизлик қадрсизланиш билан якунлади. Курснинг ўртача кунлик тебраниши 0,18 ни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг май ойида валюта коридори кенгайтирила бошлаганидан бери энг паст кўрсаткич.

Март ойида Ўзбекистонда долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 0,31 фоизга ёки 38,53 сўмга ошиб, 12 172,18 сўмдан 12 210,13 сўмга етди. 

Ой давомидаги 19 та савдо сессиясининг 12 тасида АҚШ доллари сўмга нисбатан мустаҳкамланган бўлса, 7 та савдо сессиясида тескари ҳолат кузатилди. Март ойида долларнинг энг минимум қиймати 16 март куни қайд этилди – 12 081,63 сўм. 31 мартга келиб доллар курси ойлик максимум — 12 210,71 сўмга етди.

Агар феврал ойи охирида банклар долларни 12 080 сўмдан сотиб олиб, аҳолига 12 130 сўмдан бошлаб сотган бўлса, 30 март куни харид курси 12 150 сўм, сотиш курси эса 12 200 сўмдан бошланди.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ёзишича, феврал ойининг сўнгида Эронга бошлаган ҳужум дунё иқтисодиётидаги ноаниқликларни кескин оширди. Натижада, америкалик инвесторлар бошқа давлатларга инвестицияларини камайтириши, шунингдек, АҚШ қимматли қоғозлари хавфсиз молиявий бошпана сифатида кўрилиши долларнинг аксарият валюталарга нисбатан мустаҳкамланишига олиб келган.

Март ойида танлаб олинган 39 та валютадан фақатгина тенгенинг долларга нисбатан мустаҳкамланиши кузатилган бўлса қолган барча валюталар қадрсизланган ёки ўзгаришсиз қолган. Ой давомида тенге долларга нисбатан 3 фоизга ўз қийматини оширган. Тенгенинг мустаҳкамланиши Эрон уруши фонида нефт нархининг юқори ўсганлиги билан изоҳланади.

«Март ойида сўм долларга нисбатан 0,3 фоизга қадрсизланиб энг паст қадрсизланган валюталардан бири бўлган. Шунингдек, юқори нефт нархига қарамасдан рубл ой давомида 5,1 фоизга қадрсизланган. Бу Миллий жамғармадан валюта сотувлари тўхтатилгани ва монетар сиёсатнинг «юмшашда» давом этаётгани билан изоҳланиши мумкин. Бу даврда йирик валюталардан франк 2,9 фоизга, иена 2 фоизга, евро 1,6 фоизга ҳамда фунт 1 фоизга қадрини йўқотган», дея ёзади иқтисодчи.

Манба: Миркономика Телеграм канали

Миркомил Холбоевнинг қўшимча қилишича, йиллар кесимида жорий йил март ойидаги қадрсизланиш 2025 йилдаги кўрсаткичга нисбатан бироз юқори шаклланган бўлса-да, 2022-2024 йилларга нисбатан сезиларли даражада паст бўлган.

Манба: Миркономика Телеграм канали

Март ойида сўм курси тебранувчанлиги феврал ойига нисбатан бироз қисқариб кунлик ўртача 0,18 фоизни ташкил этган. Бу сўм-доллар жуфтлигида коридор кенгайган 2025 йил май ойидан буён энг паст кўрсаткич.

Манба: Миркономика Телеграм канали
Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид