Жаҳон | 13:26 / 06.10.2022
4397
2 дақиқада ўқилади

Россия Беларусга яна 1,5 миллиард доллар қарз беради

Фото: Кремл ахборот хизмати

Александр Лукашенконинг Россияга сентябр ойи ўртасидаги охирги ташрифида амалга оширилган келишувга кўра, Россия Беларусга 1,5 миллиард доллар миқдорида давлат кредити ажратади.

Беларусга 1,5 миллиард доллар миқдорида давлат кредити берилишини Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук тасдиқлади. Кредит импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун берилиши айтилган.

14 сентябр куни Сочидаги Лукашенко билан учрашувда Владимир Путин Беларусга келишилган кредит ажратиб берилишини тасдиқлаганди: «Беларусни яқин иттифоқчи деб биламиз. Россия Беларус иқтисодидаги энг йирик инвестор бўлиб қолади. Россия шундай қийин паллада Беларусга давлат кредити бериши борасида келишувга эришдик. Биз бу келишувни бажарамиз. Адашмасам, молия вазирларимиз бу борада ишларни бошлаб юборган», деганди Путин.

ОАВда ёзилишича, Россия пулни аллақачон ажратиб бўлган.

Путин таъкидлаганидек Россия чиндан Беларуснинг энг йирик иқтисодий «паноҳи» ҳисобланади. Апрел ойида Россия Беларусга тўлаш муддати етган 1 миллиард доллар давлат кредитини кейинроқ тўлашга рухсат берганди. ОАВ Россия жорий йил март ойида хорижий давлатларга 1 миллиард доллар миқдорида давлат кредити берганини аниқлаган, бу давлатлар Эрон ва Беларус бўлиши мумкинлиги айтилганди.

2021 йил охирида эса Россия Беларусга сотиладиган газ нархи ўзгаришсиз қолишига розилик берганди. Дунё бозорида газ нархи кескин қимматлаган вақтда ҳам Беларус Россиядан ўша келишувда кўрсатилган нархда газ сотиб олишда давом этди. 2021 йил Россия Беларусга 630 миллион доллардан ортиқ турли йўналишдаги давлат кредитлари ҳам ажратган.

Мавзуга оид