Жаҳон | 21:35 / 03.03.2026
10730
9 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқдаги уруш: Покистон ва Кўрфаз давлатларининг позицияси қандай?

Ҳозирги геосиёсий вазиятда Покистон қўшни Эронга ёрдам таклиф қила олмайди: ички муаммолар, “Толибон” билан зиддиятлар Исломобод учун ташқи урушга аралашувни имконсиз қилади. Эроннинг Кўрфаздаги қўшниларига келсак, улар ҳам урушнинг тезроқ якунланишидан манфаатдор. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар шу ҳақида сўз юритди.

— Покистон Эронга ёрдам таклиф қила оладими, агар таклиф қилса, айнан нима таклиф бўлади?

Фарҳод Каримов: Покистон раҳбари бугун расмий баёнот бериб, мамлакат ҳар қандай ҳарбий можарога қўшилмаслик ва муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканини таъкидлади. Яъни ҳозирги вазиятда Покистон на Эрон, на Саудия Арабистони томонида урушга киришни режаламаяпти.

Тўғри, аввалроқ Покистон Саудия Арабистони ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш ва хавфсизлик бўйича маълум мажбуриятларни олган. Аммо айни пайтда Эрон томонидан Саудия Арабистонига нисбатан очиқ уруш эълон қилингани йўқ. Шунинг учун бу ерда ҳали халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан мажбурий ҳарбий аралашувни талаб қиладиган аниқ вазият шаклланмаган.

Бундан ташқари, Покистон ҳозир ўз ички муаммолари билан банд. Хусусан, “Толибон” билан зиддиятлар кучайган. Чегара ҳудудларидаги беқарорлик ва хавфсизлик муаммолари ҳукумат эътиборини ички масалаларга қаратишга мажбур қилмоқда. Шу сабабли ташқи урушга кириш Покистон учун янада оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Яна бир муҳим омил – сепаратизм таҳдиди. Покистон ва Эрон чегараси бўйлаб яшовчи белуж аҳолиси масаласи – доимий нозик нуқта ҳисобланади. Агар Покистон йирик урушга аралашса, бу ҳудудларда беқарорлик кучайиб, ички можаролар авж олиши эҳтимоли бор. Бу эса мамлакатни янада мураккаб вазиятга солиб қўяди.

Шунингдек, Ҳиндистон омили ҳам муҳим. Агар Покистон бошқа фронтда банд бўлиб қолса, Ҳиндистон Кашмир масаласини яна кескинлаштириши мумкин. Бу эса икки давлат ўртасидаги эски зиддиятларни яна кучайтиради. Шу сабабли Покистон ҳозир жуда эҳтиёткор сиёсат юритмоқда. У БМТ доирасида ҳам, бошқа минтақавий платформаларда ҳам можарони тезроқ тўхтатишга чақирмоқда.

Покистон Саудия Арабистони, Эрон ва АҚШга мурожаат қилиб, вазиятни кескинлаштирмаслик ва дипломатик ечим топишга урғу бермоқда. Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги шароитда Покистоннинг урушга бевосита қўшилиши эҳтимоли жуда паст. Мамлакат асосан ўз ички барқарорлигини сақлаш ва минтақада кенг кўламли урушнинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.

Ҳикматилла Казакбаев: Кўплаб таҳлилчилар АҚШнинг Эронга нисбатан кескин ҳаракатлари, хусусан, Доналд Трамп давридаги қарорлар асосан Исроил босими билан боғлиқ, деган фикрни илгари суради. Уларнинг таъкидлашича, Бинямин Нетаняҳу бу борада асосий рол ўйнаган.

Бироқ бу масалага бир томонлама қараш етарли эмас. Айрим экспертлар фикрича, жараёнда Саудия Арабистонининг ҳам билвосита таъсири бўлган. Хусусан, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон сиёсий ва стратегик жиҳатдан Эронни минтақадаги асосий рақиб сифатида кўради. Шу сабабли АҚШнинг Эронга қарши сиёсати нафақат Исроил, балки Саудия манфаатлари билан ҳам уйғунлашади.

Шу билан бирга, Саудия Арабистони бу позициясини очиқчасига намойиш эта олмайди. Сабаби мусулмон дунёсидаги обрў-эътибор масаласи. Айниқса, Ҳаж ва Умра зиёратларидан келадиган катта иқтисодий даромад ва мусулмон жамоатчилиги фикри бу борада муҳим омил ҳисобланади.

Шунга қарамай, айрим қарашларга кўра, Саудия ва Исроил ўртасида яширин манфаатлар уйғунлиги мавжуд. Ҳар иккала давлат учун ҳам Эрон умумий геосиёсий рақиб ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан, минтақадаги кескинликнинг ортишида фақат Исроил эмас, балки Саудия омили ҳам муҳим рол ўйнаган бўлиши мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат – дипломатик жараёнлар. Женевада ўтказилган музокаралар ташқи томондан муҳим кўринган бўлса-да, айрим таҳлилчиларга кўра, асосий қарорлар олдиндан қабул қилинган бўлиши эҳтимоли бор. Яъни музокаралар қандай якунланишидан қатъи назар, АҚШ, Исроил ва Саудия Арабистони Эронга нисбатан қатъий чоралар кўришга аллақачон келишиб олган деган қарашлар мавжуд.

Хулоса қилиб айтганда, бу жараённи фақат битта давлат ёки битта лидер билан изоҳлаш тўғри эмас. Бу бир нечта йирик ўйинчилар манфаатлари кесишган мураккаб геосиёсий вазият бўлиб, унда АҚШ, Исроил ва Саудия Арабистони ўртасидаги яширин ёки очиқ ҳамкорлик муҳим рол ўйнайди.

— Кўрфаз давлатларига берилаётган зарбалар сабаб араблар АҚШ позициясини қўллайдими ёки аксинча, Вашингтонга босим қилиши мумкинми?

Фарҳод Каримов: Форс кўрфази атрофидаги давлатларда шиа аҳоли муайян даражада мавжуд. Масалан, Баҳрайн ва Кувайтда шиалар сони анча юқори. Бирлашган Араб Амирликларида ҳам улар бор, гарчи кўпчиликни ташкил этмаса ҳам. Саудия Арабистонининг айрим ҳудудларида, айниқса шарқий ва жанубий қисмларида ҳам шиа жамоалари мавжуд.

Энди масалага ҳарбий нуқтайи назардан қарайдиган бўлсак, бу давлатларнинг мустақил равишда йирик уруш олиб бориш салоҳияти чекланган. Қатар, Баҳрайн, Кувайт ёки БАА каби давлатлар асосан ўз хавфсизлигини ташқи кучлар орқали таъминлаб келади. Бу ерда асосий ролни АҚШ ва қисман Туркия ўйнайди. Сўнгги йилларда айнан Эрон эҳтимолий таҳдидига қарши бу ҳудудларда кўплаб ҳарбий базалар ва авиабазалар барпо этилган. Масалан, АҚШнинг Марказий қўмондонлиги штаби ҳам Қатарда жойлашган.

Туркиянинг ҳам минтақада ҳарбий иштироки мавжуд. Бу кучлар аслида араб давлатларини ҳимоя қилиш учун жойлаштирилган. Шундай шароитда бу давлатларнинг мустақил равишда Эронга қарши ҳарбий амалиёт ўтказиши ёки ҳозирги урушда фаол қатнашиши жуда қийин.

Бундан ташқари, демографик омил ҳам муҳим. Қатар аҳолиси тахминан 2–2,5 миллион атрофида бўлиб, унинг катта қисми чет эллик ишчилардан иборат. Маҳаллий аҳоли сони эса анча кам. Худди шундай ҳолат Баҳрайн ва Кувайтда ҳам кузатилади. Бу эса кенг кўламли сафарбарлик эълон қилиш ва катта армия шакллантириш имкониятини кескин чеклайди. Ҳарбий тайёргарлик масаласи ҳам бу давлатларда нисбатан паст, чунки улар мудофаани кўпроқ молиявий ресурслар эвазига ташқи иттифоқчилар орқали таъминлаб келади.

Иқтисодий омиллар эса бу давлатларни урушдан янада тийиб туради. Форс кўрфази мамлакатлари иқтисодиёти ҳануз катта даражада нефт ва газ экспортига боғлиқ. Хусусан, Қатар газ экспорти бўйича дунёда етакчилардан бири. Агар Ҳормуз бўғози ёпилса ёки хавф остида қолса, экспорт деярли тўхтайди ва бу давлатлар иқтисодий жиҳатдан катта зарар кўради.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда Дубай ва бошқа шаҳарларда иқтисодий диверсификация, айниқса туризм ва хизматлар соҳаси ривожлантирилди. Уруш шароитида эса бу соҳалар дарҳол зарба остида қолади. Туристлар оқими тўхтайди, авиакомпаниялар катта зарар кўради, инвесторлар эса ўз маблағларини олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилади.

Шу сабабли бугун йирик бизнес вакиллари ва инвесторлар бу ҳудудни “хавфсиз” сифатида кўрсатишга уринмоқда. Бу баёнотлар аслида инвесторларни ушлаб қолиш ва капитал чиқиб кетишининг олдини олишга қаратилган.

Бу ҳолат яна бир муҳим хулосани кўрсатади: араб давлатлари урушга киришдан манфаатдор эмас. Аксинча, улар вазиятни мувозанатда ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда.

Бундан ҳам муҳимроқ жиҳат – минтақадаги геосиёсий баланс. Агар Эрон кескин заифлашса ёки умуман тизимдан чиқиб кетса, бу бутун Яқин Шарқдаги кучлар мувозанатини бузади. Натижада янги беқарорлик ўчоқлари пайдо бўлиши мумкин. Масалан, минтақада етакчилик учун кураш кучаяди, давлатлараро зиддиятлар ортади.

Шу сабабли Эроннинг мавжудлиги нафақат сиёсий ёки иқтисодий, балки тарихий ва цивилизацион аҳамиятга ҳам эга. Минтақа етакчилари буни яхши тушунади. Улар дастлаб бу можаро қисқа муддатда ҳал бўлади деб ўйлаган бўлиши мумкин: тезкор ҳарбий операция, раҳбарият алмашинуви ва кейин янги тизим билан ишлашни режа қилган бўлиши мумкин. Аммо воқеалар ривожи бундай сценарий ишламаслигини кўрсатмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Форс кўрфази давлатлари учун энг мақбул йўл – урушга қўшилмаслик, иқтисодий барқарорликни сақлаш ва можарони имкон қадар тезроқ дипломатик йўл билан якунлашдир.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид