Жаҳон | 09:11 / 04.04.2026
8786
3 дақиқада ўқилади

Эрон: АҚШ Яқин Шарқда яна бир жанговар самолётини йўқотди

Эрон армияси маълумотига кўра, мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари Ҳўрмуз бўғози ҳудудида АҚШнинг A-10 ҳужумкор самолётини тутиб қолган. The New York Times нашри хабар беришича, учувчи қутқариб қолинган.

Фото: Getty images

Эрон ҳарбийлари 3 апрел, жума куни кечқурун АҚШнинг A-10 ҳужумкор самолёти Ҳўрмуз бўғози атрофида мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари томонидан уриб туширилганини маълум қилди. “АҚШнинг A-10 самолёти армия ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари томонидан уриб туширилди ва Форс кўрфази сувларига қулаб тушди”, — дейилади Эрон давлат телерадиокомпанияси IRIB келтирган армия баёнотида.

Бундан олдин The New York Times газетаси икки нафар америкалик амалдорга таяниб, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли A-10 Thunderbolt II ҳужумкор самолёти Форс кўрфази ҳудудида ҳалокатга учраганини ёзган эди. Нашр суҳбатдошларига кўра, самолёт Ҳўрмуз бўғози яқинида қулаган, учувчи эса қутқариб қолинган. Ҳужумкор самолётнинг қулаш сабаби ҳақида хабар берилмаган.

Бу ҳужумкор самолёт, эҳтимол, сўнгги 24 соат ичида Яқин Шарқда йўқотилган АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг иккинчи жанговар самолётига айланган. Бундан аввал, жума куни Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳам Эрон ҳаво мудофаа кучлари АҚШнинг қирувчи самолётини уриб туширишга муваффақ бўлганини маълум қилган эди. Дастлаб Эрон томони уриб туширилган самолёт F-35 эканини айтган, аммо чоп этилган парча-бўлаклар суратларини ўрганган экспертлар гап аслида F-15E ҳақида кетаётганини аниқлаган.

АҚШ маъмурияти жанговар самолёт йўқотилганини тасдиқлади. Учувчиларни қидириш ишлари ҳар икки томондан олиб борилмоқда. Америка ОАВ маълумотларига кўра, икки кишилик экипажнинг бир аъзоси қутқариб олинган, иккинчи учувчининг тақдири ҳозирча номаълум.

АҚШ президенти Доналд Трамп жанговар самолётлар йўқотилишига NBC News медиакомпаниясига телефон орқали изоҳ берар экан, бу ҳолат Эрон билан музокараларга таъсир қилмаслигини айтди.

“Йўқ, мутлақо йўқ. Бу уруш”, — деди у.

Трамп уриб туширилган F-15E самолёти экипажининг иккинчи аъзоси асир олингани ёки яралангани маълум бўлса, қандай чора кўриши ҳақидаги саволга жавоб бермади.

“Бу ҳақда изоҳ бера олмайман, чунки биз бундай бўлмаслигига умид қиляпмиз”, — деди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид