Спорт | 19:00 / 28.11.2020
4865
4 дақиқада ўқилади

Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун вазифалар белгиланди – Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Спорт федерациялари олдига аниқ вазифалар қўйилди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Олимпия спорт турлари бўйича юртимизда фаолият олиб бораётган спорт федерация (ассоциация)лари билан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишга жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев раислик қилди. Унда вазирнинг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, МОҚ бош котиби Ойбек Касимов, ҳар иккала ташкилотнинг масъул ходимлари ҳамда спорт ташкилотларининг раҳбарлари иштирок этди.

Агар рақамларга эътибор қаратсак, Рио-2016 ёзги Олимпия ўйинларига Ўзбекистон спорт делегацияси 70та йўлланмани қўлга киритган эди. Келгуси йил Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига ҳозирча спортчиларимиз 41та (шундан 16таси паралимпиячилар) йўлланмани нақд қилишди. Лекин, вазиятга холис баҳо берсак, Токио-2020да ҳам мамлакатимиз спортчилари томонидан қўлга киритиладиган лицензиялар сони олдингилардан у қадар кўп бўлмайди.

Барча кўрсаткичларда жадал тараққий этаётган Янги Ўзбекистон спорт соҳасида ҳам олдинга қадам ташламоқда. Демакки, олимпиада ўйинларида иштирок этадиган атлетларимиз сафи ҳам босқичма-босқич ортиб бориши керак. Бугун бўлиб ўтган йиғилишда ана шу масалага алоҳида эътибор қаратилди.

Бутун дунёни ларзага солган коронавирус пандемияси туфайли Токио олимпиадаси кечиктирилди. Холбуки, мусобақа ўз вақтида ўтказилганида бугун биз XXXII ёзги Олимпия ўйинларини аста-секин унутиб, 2024 йили Франциянинг Париж шаҳри мезбонлик қиладиган XXXIII ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарликни бошлаб юборган бўлардик.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишда спорт федерациялари олдига Париж-2024 ўйинларига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш, унда лицензиялар ва медаллар сонини кўпайтириш вазифаси қўйилди. Танқидий руҳда ўтган йиғилишда ҳар бир спорт ташкилотининг Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик борасидаги режалари тингланиб, лицензия олиш имкониятлари, кўзланган мақсадни амалга оширишда тўсқинлик қиладиган муаммоларни бартараф этиш каби масалалар муҳокама қилинди. Йиғилишда сўз олган МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон дзюдо федерацияси президенти Азизжон Камилов федерация ва ассоциациялар мутасаддиларининг лицензияларни қўлга киритиш борасидаги режаларини кескин танқид қилди.

Маълумки, сув спорти турлари Олимпия ўйинларида энг кўп медаллар ва лицензиялар ўйналадиган спорт тури ҳисобланади. Шу боис вазирлик ва МОҚ томонидан ушбу спорт тури бўйича Париж олимпиадасига 35та йўлланма қўлга киритиш вазифа этиб белгиланган бўлсада, федерация вакили 18та лицензия олиш кўзланаётганини маълум қилди. Табиийки бу жавоб йиғилиш иштирокчиларини қониқтирмади. Шу боис А.Камилов нафақат сув спорти турлари, балки барча спорт турларидан имкон қадар максимал йўлланмалар олишга ҳаракат қилиши кераклиги, бунинг учун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда МОҚ барча шароитларни яратиб беришини айтиб ўтди.

Шунингдек, йиғилишда яна бир қатор спорт турларининг режалари ҳам кескин танқид қилинди. Тадбир давомида жамоавий спорт турларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Сир эмаски, жамоавий спорт турларида қўлга киритилган медаллар жамоа учун битта ҳисоблансада, лицензиялар сони спортчи бошига ҳисобланади. Шундай экан Олимпия ўйинларида атлетларимиз сонини кўпайтиришда спортнинг ўйин турларидан лицензия олиш талаб қилинади.

Йиғилишда мутасаддилар томонидан селекцион мусобақаларга алоҳида эътибор қаратиш орқали маҳоратли ёшларни саралаб олиш, спортчиларнинг тиббий-фармакологик таъминотини яхшилаш, федерацияларнинг моддий-техник базасини кучайтириш каби устувор масалалар бўйича тегишли кўрсатма ва фикрлар билдирилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати

Мавзуга оид