Спорт | 10:24 / 31.08.2024
1184
4 дақиқада ўқилади

 “Фақат яккакурашлар билан чекланиб қоляпмиз” — МОҚ бош котиби 

Миллий олимпия қўмитаси амалдори Париж олимпиадаси яна 4 та спорт туридан келажакда медал қўлга киритиш имкони борлигини кўрсатганини таъкидлади. “Бокс олимпиада ўйинларидан чиқарилса, бу бизнинг рейтинг даражамизга таъсир этиши аниқ”, — деди Ойбек Қосимов ўзбекистонлик спортчиларнинг Париж-2024 олимпиадасидаги иштирокига бағишланган матбуот анжуманида.

Спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти иштирокида Ўзбекистон делегациясининг Париж-2024 олимпиадасидаги иштирокига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда Kun.uz мухбири мутасаддиларга қатор саволлар билан мурожаат қилди.

Бокс 2028 йилги олимпиададан ўрин олмаса, қайси спорт турларида олтин медаллар учун даъвогарлик қила оламиз?

Ойбек Қосимов: Халқаро олимпия қўмитасининг бокс турини олимпиада ўйинларидан олиб ташлаш бўйича якуний қарори ҳали қабул қилинмаган. 2025 йил ёз ойларигача халқаро спорт ташкилоти қўмитага мурожаат қилса ва белгиланган мезонга мос тушувчи ташкилот томонидан ишонч билдирадиган бўлса, бокс турини олимпиада ўйинларида олиб қолишлари мумкин. Америкада бокс анча ривожланган ва халқаро қўмита олимпиададаги бу турни сақлаб қолади. Чунки бокс олимпиаданинг энг жозибадор спорт турларидан бири ҳисобланади. 

Биз аксарият ҳолларда яккакураш билан чекланиб қоляпмиз бу эса кўп танқидларга сабаб бўлмоқда. Ҳатто давлатимиз раҳбари ҳам буни кўп марта таъкидламоқдалар. Жамоавий ўйинларни ривожлантиришга эътиборимизни қаратишимиз керак. Енгил атлетика, сузиш, велоспорт, ўқ отиш спорт турлари потенциалидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Енгил атлетиканинг найза улоқтириш тури билан ҳам бизнинг мамлакатда шуғулланиш учун имконият мавжуд. Биз ҳамкасблар билан маслаҳатлашган ҳолда юқоридаги спорт турлари қайси мамлакатда яхши ривожланган бўлса, ўша ердан амалий йўл-йўриқ кўрсатувчи мутахассисларни жалб қилишни мақсад қилганмиз. Бокс, оғир атлетика, дзюдо сингари спорт турларининг мамлакатимизда яхши ривожланаётганлигининг сабаби ҳам бу спорт турлари тизимли тайёргарликлар асосида йўлга қўйилаётганлигидир. Биз эшкак эшиш, велоспорт, енгил атлетика сингари турларни ҳам шундай йўлга қўя олсак, бу соҳада ҳам олимпия медалларини қўлга кирита оламиз. Спорт географиясини кенгайтиришимиз зарур, чунки бокс олимпиада ўйинларидан чиқарилса, бу бизнинг рейтинг даражамизга таъсир этиши аниқ. Яқинда Париждаги олимпиадада биз 4 турдаги янги спорт турини медал олиб кела олиши мумкинлигини англадик. Булар: аёллар кураши, футбол ва камондан ўқ отиш кабилар. Келгуси олимпиадада бу спорт турларини ривожлантириб, спортимиз географиясини кенгайтириш ниятидамиз.

Олимпиада совриндорларига берилган уй, машиналарга пул қаердан олинган?

Ойбек Қосимов: Олимпиада ғолибларига тақдим қилинаётган совғалар ва машиналар ва бюджет ташкилотлари томонидан эмас, маълум ҳомийлик компаниялари томонидан ажратилади. Биз давлат ташкилоти ходими сифатида шуни таъкидлашимиз мумкинки, ҳозиргача кўплаб хусусий бизнес эгалари, хорижий компания эгалари ҳам олимпиада ўйинларидаги ёшларнинг ютуқларидан ғурурланганликларини айтиб, Ўзбекистон спортини ривожлантириш учун моддий ёрдам бериш таклифи билан мурожаат қилишмоқда. Диёра Келдиёрова, Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўстматов сингари спортчилармиз билан фахрланишларини кўп бора таъкидлаб ёрдам масаласи билан мурожаат қилаётганлар кўп учрамоқда. 

Паралимпиада совриндорларига ҳам уй, машиналар бериладими?

Ойбек Қосимов: ˚Паралимпия ўйинларнинг ташкил этилиши ва ўтказилиши бошқа масала. Чунки паралимпия қатнашчилари руҳий стрессларга қарамасдан ушбу ўйинларда иштирок этишга ўзларида журъат топган инсонлар. Паралимпиячилар ҳам олимпиадачилар каби шуғулланишади, тайёргарлик кўришади. Олимпиячиларга қанақа эътибор, рағбат бўлса, уларга ҳам худди шундай татбиқ қилинади.

Мавзуга оид