Жаҳон | 08:58 / 08.07.2020
22999
12 дақиқада ўқилади

Давлатга хиёнатда айбланаётган журналист: Россияда ҳарбий мавзуларда қалам тебратган Сафроновни ФХХ ҳибсга олди

Москвада журналист Иван Сафронов ФХХ томонидан ҳибсга олинди. Уни давлатга хиёнатда айблашмоқда. ФХХ бош идораси жойлашган Москвадаги Лубянка майдонида Сафроновни қўллаб пикетга чиққан журналистларни ҳам қўлга олишмоқда.

ФХХ шу кунгача «Роскосмос» раҳбари Дмитрий Рогозиннинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келган, «Коммерсантъ» ва «Ведемости»нинг собиқ журналисти Иван Сафроновни НАТО давлатларидан бирига давлат сири бўлган маълумотларни беришда айбламоқда

VALERY SHARIFULIN/TASS

ФХХга кўра, Сафронов «НАТО махсус хизматларидан бири»нинг топшириқларини бажарган ва улар учун «РФ ҳарбий-техник ҳамкорлиги, мудофааси ва хавфсизлиги ҳақидаги давлат сири бўлган маълумотларни тўплаб, вакилига узатган». Ишнинг бошқа тафсилотлари маълум эмас.

Рогозин шу йилнинг 18 май куни лавозимга тайинланган маслаҳатчиси ҳақида гапирар экан, Сафроновни «Роскосмос» фаолиятини ёритиш учун таклиф қилишгани, унинг давлат корпорациясининг ёпиқ маълумотларига эга бўлиш учун рухсати бўлмагани, Сафроновнинг бир неча йилдан буён журналист сифатида таниши ҳамда «унинг юқори касбий маҳорати ва инсофлилигига шубҳа қилмаслиги»ни айтиб ўтган.

Хўш, журналист Сафронов нималар ҳақида ёзган? «Медуза» улардан энг қизиқлари ҳақида маълумот келтириб ўтди.

Иван Сафроновнинг касбий қизиқиш доираси «Коммерсантъ»да ҳам , «Ведемости»да ҳам армия ва космос бўлган — у қурол-яроғ етказиб бериш бўйича халқаро шартномалар, янги қуролларни синаш, кадрлар тайинлови, космик ва мудофаа саноати соҳасидаги йирик аварияларни суриштириш, ҳарбий ўқув машқларидан репортажлар уюштириш, ҳарбий операцияларнинг бориши ҳақида мақолалар ёзиш, мудофаа саноат комплексидаги коррупция ва жосуслик можаролари ҳақида суриштирувлар ўтказиши билан машҳур бўлган.

Унинг ҳамкасблари «Ваня журналист сифатида бажарган ишлари учун ундан ўч олишмоқчи», дейишмоқда.

  • Олий мартабали амалдорларнинг махфий мукофотланиши ҳақида;
  • Россия ҳарбий хизматчиларининг Сурияда ҳалок бўлишлари ҳақида;
  • Американинг эҳтимолли жосусининг Кремлдаги иши тўғрисида;
  • Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенконинг эҳтимолли истеъфоси тўғрисида; (Шу мақоласи учун Сафронов Алишер Усмонов хўжайин бўлган «Коммерсантъ» газетасидан кетган. Сўнгра «Коммерсантъ»нинг сиёсат бўлими ҳам тўлиқ истеъфога чиққан)
  • Россиянинг Су-35 самолётларини Мисрга етказиб бериш ҳақида;
  • «Роскосмос» бош директори Дмитрий Рогозин интернетдаги чиқишлардан бирида унга туҳмат қилингани учун ариза ёзгани ҳақида;
  • «Роскомос» миллий космик марказининг ракета ташувчи кўринишидаги бўлажак бош идораси ҳақида;
  • Халқаро космик экипаж бортида бўлган ракета ташувчининг аварияси ҳақида (барча тирик қолган);
  • Америка санкциялари туфайли Россия қуро-яроғларининг экспортига доир муаммолар ҳақида;
  • Ҳаво сизиб чиққан Халқаро космик станциядаги авария сабаблари ҳақида;
  • Хитойда янги ракета қуролини ишлаб чиқарилаётгани ҳақида;

* * *

Фото: Валерий Шарифулин/ТАСС

«Команда 29» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари, адвокат Иван Павлов «Медуза»га давлатга хиёнат учун қандай суд қилишлари, Сафронов иши қандай ривожланиши ҳақида гапириб берди. У 5 адвокатдан иборат жамоа тузиб, Сафроновга судда ёрдам беради.

— Бундай ишларнинг фарқли жиҳати шундаки, процессуал рақиб енгилмас махсус хизмат бўлади. Нафақат Россия миқёсида енгилмас, бутун жаҳон миқёсида ҳам бўлиши мумкин. Бу етарли тарзда қудратли процессуал рақиблар кўпинча сени душман ўрнида кўришдан бошлайди. Уларнинг психологияси, дунёқараши шундай. Уларда ўзиникилар ва душманлар бор, холос.

— ФХХ душманларими ёки давлатнинг?

— Улар буни муштарак кўришади. Шунинг учун бу ерда исталган провокацияга тайёр туриш керак. Ҳамма нарсага ҳозирлик кўриш керак. Албатта, эҳтиёт ҳам бўлиш лозим.

Адвокатнинг оғзини ёпишга ҳам тезда ҳаракат қилишади. Ошкор этмаслик ҳақида тилхатлар ёздиришади: нафақат давлат сирини, умуман тергов маълумотларини ҳам. Бирор ортиқча гап айтсанг бас — адвокатга қарши ҳам иш қўзғаб юборишади. Шунинг учун бундай ишларда ёлғиз ишлаш амалда имконсиз. Бундай ишларга доимо жамоа бўлиб киришиш керак, бирор кор-ҳол рўй берса кимдир жамоатчиликка хабар бериши учун.

— Бундай ишлар бўйича суд мажлислари одатда ёпиқ ўтади, шундай эмасми?

— Ҳа. Барча мажлислар ёпиқ ўтади, жумладан, эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидагиси ҳам. Фақат ҳукм ўқиладиган кун киритишади. Тергов эса доимо ёпиқ ўтади. Маълумот олиш мумкин бўлган ягона инсон — адвокат бўлади. Чунки айбланувчи 99 фоиз ҳолатда ҳибсда бўлади. Шу сабабли ўзи ҳеч нарса дея олмайди.

— Тилхат ёзган адвокат иш ҳақида нималарни гапира олиши мумкин?

— Адвокат ҳамма нарсасини ўртага тикади. Ҳаттоки озодлигини ҳам, тергов материалларини ошкор қилган адвокатлар судланган ҳолатлар ҳам бор. Мақомидан ҳам айрилиши мумкин, исталган айблов ҳукми, ҳаттоки шартли жазо тайинланган бўлса ҳам уни касбидан айиришади. Лекин масалани ечадиган маълум бир тактика бор — жамоа бўлиб ишлаш. Бу ёпиқ эшиклар ортида қандай бемаза ишлар бўлаётганини жамиятга етказиб туриш имконини беради.

— Бундай модда бўйича айбланаётган инсонлар одатда оқланишмайди. Айбланувчиларда бирор имконият бўладими?

— Имконият ҳар доим, ҳаммада бўлади. Тарвуз қўлтиқдан тушмаса бўлгани, курашиш керак. Муваққат омадсизликлар мустаҳкамликка рахна солмаслиги лозим.

— 2001 йилда сиз шу модда бўйича айбланган журналист Григорий Паськони ҳимоя қилгансиз. Иван Сафронов иши билан қандайдир параллеллар келтира оласизми?

— Албатта. Ҳар икки ҳолатда журналистик фаолият учун суд қилишмоқда. Лекин давр ўзгарган. Ўшанда бутун журналистлар жамоатчилиги Григорийнинг ҳимояси учун туриб берган эди, ҳаттоки марказий ТВ каналлар ҳам уни ҳимоя қилганди. Ҳозир марказий каналлар пича ўзгарган. Лекин барибир, журналистлар ҳамжамияти ҳамон фаол. Иван Голунов иши бунга яққол мисол. Ҳозир ҳам қаламкашлар Иван Сафронов иши бўйича ҳокимиятга реакция кўрсата олади.

— Жамоатчилик диққати шундай ишларда асқотадими?

— Албатта. Светлана Давидовнинг ишини эсланг. Жиноят ишини тугатиш — адвокатларнинг иши эди, лекин уни ҳибсдан озод қилиш жамоатчилик диққат-эътибори маҳсули.

— Нега шу модда билан журналистнинг кетидан келишганида қандайдир мантиқ борми? Пасько ишидан сўнг орадан қарийб 20 йил ўтди-ку?

— Бундай ишлар жуда узоқ вақт очилмагани мени бироз таажжублантирмоқда. Бир неча йил аввал олимларга ҳужум бошланганди, уларни дастлаб ҳибсга олишганди. Энди сизларга навбат етган шекилли.

Сизлар риск гуруҳига кирасизлар: чунки ахборотни қайта ишлайсизлар, манбалар ҳамда хорижий ҳамкасблар билан алоқада бўласизлар. Риск гуруҳига кириш учун шу етарли — ахборот ва хориждаги танишлар. Буларнинг бариси мутлақо кутилган нарса. Шунинг учун аввалроқ бундай мисоллар учрамаётганидан ҳайрон бўлаётган эдим.

* * *

Савронов ҳозирча гумонланувчи мақомида қолмоқда, унга айблов эълон қилинмаган. ФХХ суддан уни ҳибсга олишни сўраган.

Тергов давомида Сафронов гумонларни рад этган ва ҳеч қандай жиноят қилмаганини айтган.

Савронов иши бўйича «Холод» журнали бош муҳаррири Таисия Бекпулатованинг хонадонида ҳам тинтув ўтказилган, деб хабар берган «Агора» ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Павел Чиков. Ижтимоий тармоқлардаги суратларга кўра, Бекпулатова бир неча йил давомида Сафронов билан учрашиб юрган. Бекбулатова иш бўйича гувоҳ тариқасида жалб қилинган, деб ёзмоқда ТАСС адвокатларга таяниб.

Кремлдан янграган маълумотларига кўра, Сафроновнинг ҳибсга олиниши унинг журналистик фаолияти билан боғлиқ эмас, деган Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков. Унинг қўшимча қилишича, «контрразведка ишининг барча ньюанслари бўйича президентни хабардор қилишга асло ҳожат йўқ», шунингдек, Сафронов иши алоҳида назоратга муҳтож эмас. «Контрразведкачиларимизда иш ҳам, юмуш ҳам кўп, улар ўз ишларини сифатли бажаришади», — деб ҳисоблайди Путиннинг матбуот котиби. Песков Сафроновнинг журналистик материаллари чуқур экспертиза билан ажралиб туришини таъкидлаган. Ўтган йили Песков Сафронов «биз биладиган энг иқтидорли ва профессионал журналистлардан бири», деган эди.

«Иван — армия ва космос ҳақида ёзган Россиянинг ҳақиқий ватанпарвари, чунки бу икки соҳага сидқидилдан қайғурарди», — дейилади «Коммерсантъ» таҳририяти баёнотида. Газета ишни юритишда максимал ошкоралик ва оммавийлик талаб қилди. Бунгача таҳририят «Коммерсантъ» раҳбарияти ва журналистларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мурожаат қилмаганини билдирган эди.

30 ёшли Иван Сафронов «Коммерсантъ»да 2010 йилдан буён ишларди. У ноширлик уйига ҳарбий шарҳловчи бўлиб ишлаган отасининг ўрнига ишга келганди. Отаси катта Иван Сафронов 2007 йилнинг 2 мартида, ўзи яшайдиган кўп қаватли уйнинг зинапоя майдони деразасидан қулаб вафот этганди. Тергов унинг ўлимида жиноят аломатларини тополмасдан, ўз жонига қасд қилган, деган хулосага келган. «Коммерсантъ» журналистда жонига қасд қилиш учун сабаб йўқлигини таъкидлаган эди. Нашрга кўра, ўлими олдидан катта Сафронов Россия қурол-яроғларининг Яқин Шарққа етказиб берилиши ҳақида мақола тайёрлаган, бу эса «катта можарони келтириб чиқариши мумкин бўлган».

Кичик Сафронов «Коммерсантъ»да 10 йилча ишлаган. 2019 йилнинг майида уни ишдан бўшатишган. Журналистнинг ўзи ишдан бўшатилиши Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг эҳтимолли истеъфоси ҳақидаги резонансли материали билан боғлиқлиги, «Коммерсантъ»нинг бош акциядори Алишер Усмоновда «жиддий эътирозлар» пайдо бўлганини айтади. Шундан сўнг Сафронов бир йилча «Ведомости»да ишлаган, янги бош муҳаррир Андрей Шмаров келгач, кўпчилик журналистлар қатори нашрни тарк этган.

Сафронов «Коммерсантъ»дан бўшашидан икки ойча аввал газетада Россия ва Миср ўнлаб Су-35 самолётларини етказиб бериш бўйича 2 млрд долларлик шартнома имзолагани ҳақида мақола чоп этилади. Сафронов мақола ҳаммуалифи эди, «Коммерсантъ» матнда «мудофаа корхоналарининг номини ошкор этмаган икки топ менежери»га ҳавола берган эди. Материал 2019 йил 18 март куни газетанинг биринчи саҳифасида чоп этилган. Кейинроқ, мақола «Коммерсантъ» сайтидан ўчириб ташланган. Бироқ, унинг оригинал матнини бошқа сайтлар кўчириб босишган, бошқа бир неча ОАВ ушбу мақола асосида янгиликлар тарқатган.

Мақола чиққач, АҚШ давлат котиби Майк Помпео агар Миср Россия қурол-яроғлари харидидан воз кечмаса, уларга нисбатан санкция жорий этилишини айтиб ўтади. «Рособоронэкспорт» шартнома имзолангани тўғрисидаги ахборотни рад этади. Май ойида ТАСС ўз манбасига таяниб, Россия Миср билан шартнома доирасида Су-35 самолётларини ишлаб чиқараётганини ёзади.

Иван Сафроновга нисбатан қўлланилаётган РФ ЖКнинг 275-моддаси бўйича 2019 йилда 8 киши судланган, 2018 ва 2017 йилларда — тўрт нафардан. Сўнгги уч йилда бу модда бўйича судлар бирорта оқлов ҳукми чиқармаган.

Мавзуга оид