30 август куни Москва шаҳар судида давлатга хиёнатда айбланаётган журналист Иван Сафронов иши бўйича томонлар мунозараси ўтказилди. Прокурор журналист учун 24 йиллик қамоқ жазоси сўради.

BBC мухбирига кўра, Сафроновга нисбатан илгари сурилаётган айбловлар бевосита унинг журналистик фаолияти билан боғлиқ. Гап шундаки, 2019 йил Сафронов Россия Мисрга Су-35 қирувчи самолётлари етказиб бериши тўғрисида мақола ёзади. Бу эса Миср мудофаа тизимидагилар орасида можаро келиб чиқишига сабаб бўлган. Расмий Қоҳиранинг бу мақоладан норозилиги тўғрисидаги билдиришномаси Сафроновга нисбатан қўзғатилган давлатга хиёнат айблови доирасидаги ишга бириктирилган. Федерал хавфсизлик хизмати терговчилари гувоҳларга ҳам айнан шу мавзуда саволлар берган.

Сафронов қамоқхонада аллақачон 2,5 йил муддат ўтказди. ФХХ ва Кремл унинг қўлга олиниши журналистик фаолияти билан боғлиқ эмаслигини иддао қилиб келади. Бу борада Путин ҳам гапирганди. «У шунчаки ҳукуматга қарши чиққан норози кайфиятдаги журналист эмас, уни профессионал журналистик фаолияти учун қамоққа олишгани йўқ», деганди Россия президенти.

ФХХ Сафронов ишида деярли барча гувоҳлардан унга нисбатан илгари сурилаётган айблов журналистик фаолияти билан боғлиқ эмаслиги тўғрисида кўрсатма олган. Айблов хулосасига кўра, Сафронов Чехия фуқароси Мартин Лариш ва германиялик сиёсатчи Демури Воронин билан ҳамкорлик қилган. ФХХ бу икки одамни разведкачи деб атаган. Унда айтилишича, Сафронов исми келтирилган одамларга Россиянинг бошқа давлатлар билан ҳарбий ҳамкорлиги ҳақидаги еттита файл берган ва бу файлларда махфий маълумотлар бўлгани айтилади.

«Проект» лойиҳаси Сафронов чет эл разведкаси вакилларига бергани айтилаётган маълумотлар очиқ манбаларда борлиги, ҳатто ОАВда эълон қилинганига эътибор қаратган. BBC журналисти аниқлаган маълумотларга кўра, гўёки давлатга хиёнат айблови бўйича Сафроновни кузатиш айнан ўша шов-шувли мақоласидан кейин бошланган.

BBC бу борада суриштирув ўтказиш жараёнида таҳририятга шахсини ошкор қилишни истамаган шахс томонидан мисрлик мансабдорларнинг Россия Федерал ҳарбий-техник ҳамкорлик хизматига ёзган иккита хати келиб тушади. Манба бу ёзишмаларни ўқиш ваколатига эгалигини айтган. Хат 2019 йил баҳорда, Сафронов ва унинг ҳамкасби Александр Жоржевич «Коммерсант»да Су-35 қирувчи самолётларининг Мисрга етказиб берилиши борасида мақола эълон қилганидан кейин ёзилган. Сафроновнинг адвокати Евгений Смирновнинг айтишича, ушбу хатлар мижозининг давлатга хиёнат айблови бўйича ишига ҳам киритилган.

Нега мисрлик генералларга Россияда цензура керак бўлиб қолди?