Жамият | 16:07 / 09.11.2020
10467
6 дақиқада ўқилади

Қибрай ҳокимлиги тадбиркорнинг биноларини бузиб, пулини «туя қилиб берган». 3 миллиард сўм тўлаб берилмаяпти

Қибрай туманида жойлашган, «SM GRAND GIGANT STROY» МЧЖ фойдаланиб келган 1,89 гектар ер майдони туман ҳокимининг 2019 йил 14 мартдаги 508-сонли қарорига асосан, давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олиб қўйилган ва ундаги бино ва иншоотлар бузиб ташланган. Ҳокимлик тўлаши керак бўлган 10 млрд 392 млн сўм компенсация ўрнига асоссиз тарзда 7 млрд 122 млн сўм тўлаб берилган. Қолган 3 млрд 270 млн сўм 1,5 йилдан бери тўланмаяпти.

Иллюстратив фото

Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан ушбу корхона манфаатини кўзлаб зарарнинг 3 млрд 270 млн сўм қопланмай қолган қисмини ундириш юзасидан Тошкент вилояти, Чирчиқ туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилиб, суднинг 2020 йил 28 май кунидаги ҳал қилув қарорига асосан жавобгар – Қибрай туман ҳокимлиги ҳисобидан даъвогар – «SM GRAND GIGANT STROY» МЧЖ фойдасига зарарнинг 3 млрд 270 млн сўм миқдоридаги қопланмай қолган қисми ундирилиши белгиланган.

Мазкур ҳал қилув қарори 2020 йил 29 июндан қонуний кучга кирган бўлиб, унга кўра, 2020 йил 29 июнь куни Чирчиқ туманлараро иқтисодий суди томонидан ижро варақаси қабул қилинган ва ижросини таъминлаш учун МИБ Қибрай туман бўлимига ва Қибрай тумани молия бўлимларига электрон шаклда юборилиши таъминланган.

Аммо, таҳририятга мурожаат қилган МЧЖ вакили И.Аслонов орадан 4 ой ўтиб ҳам, компенсациянинг қолган қисми тўлаб берилмаётганидан ёзғирди. Унинг айтишича, МЧЖ суд ҳужжати ижросини таъминлашни сўраб, 2020 йил 8 июль куни хат билан Қибрай туман молия бўлимига ҳамда МИБ Қибрай туман бўлимларига расман мурожаат қилинган.

Ижро ҳужжати берилганига 4 ойдан ошган бўлса-да, бу ташкилотлар томонидан юқоридаги суд қарорини бажариш пайсалга солиб келинмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилдаги қарори билан тасдиқланган Ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағларига ва бюджет ташкилотларининг молиявий мажбуриятларига қаратиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ижро ҳужжати бўйича давлат бюджетидан маблағлар олиш учун ижро ҳужжатида кимнинг фойдасига бюджет маблағлари ўтказилиши назарда тутилган бўлса, ўша шахс аризани (агар ижро ҳужжатида маблағларни туман бюджетидан ундириш назарда тутилган бўлса) туман ҳокимлигининг молия бўлимига тақдим этиши белгиланган.

2020 йил 8 июль куни «SM GRAND GIGANT STROY» МЧЖ томонидан Қибрай тумани молия бўлимига ариза тақдим этилган бўлса-да, ижро ҳужжати нега ҳанузгача ижро этилмаётганини аниқлаш учун юқори турувчи орган – Тошкент вилояти молия бошқармасига боғландик.

Молия бошқармаси вакили ушбу ҳолатда компенсацияни молия бўлими эмас, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1047-сон қарорида назарда тутилган тартибда давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган ҳудудий жамғарма тўлаб бериши лозимлигини, суммани ундириш учун ташкилот ушбу жамғармага ариза билан мурожаат қилиши лозимлигини билдирди.

Қизиқ ҳолат. Айнан ўша жамғарма компенсациянинг қолган қисмини тўлаб беришдан бош тортган. Агар жамғарманинг тўлаб бериш нияти бўлганида судгача олиб бормай бошидан компенсациянинг ҳаммасини тўлиқ тўлаган бўлмасмиди?

Суд компенсациянинг қолган қисмини тўлаб бериш мажбуриятини ҳудудий жамғарма зиммасига эмас, Қибрай тумани ҳокимлигига юклаган. Ҳар ҳолда суднинг ҳал қилув қарорида шундай кўрсатилган. Нега молия бошқармаси суд қарорини бундай талқин қилаётгани таҳририятга номаълум. Шуниси маълумки, ҳокимликнинг молия бўлими бу суммани тўлаб беришдан бош тортяпти. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 13 майдаги 120-сонли қарорига кўра, ушбу ҳолатда молия бўлими жавобгар экани белгиланган. Қолаверса, юқорида тилга олинган ҳудудий жамғармани шакллантиришнинг энг асосий манбаси вилоят ҳокимлиги бюджети ҳисобланади.

Ушбу вазият бўйича изоҳ олиш учун МИБ ахборот хизмати билан боғландик. Берилган маълумотга кўра, МИБ Қибрай туман бўлими томонидан мазкур ижро ҳужжати бўйича ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор қабул қилиниб, қарор нусхаси тарафларга юборилган, 2020 йил 13 июль куни моддий зарар пулларини 5 кунлик муддат ичида тўлаб бериш ҳақида туман ҳокимлигига талабнома ҳам юборилган, шунингдек қарздорнинг мол-мулкини аниқлаш мақсадида қонунга биноан тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилган ва олинган жавоб хатларига кўра, туман ҳокимлиги номида турган 6 та автотранспорт воситасига нисбатан 2020 йил 6 октябрь куни тақиқ қўйилган.

Бундан ташқари, ижрони таъминлаш мақсадида 2020 йилнинг 28 июль куни бюджет ташкилотининг молиявий мажбуриятлари бўйича ундирувни давлат бюджетининг ва бюджет ташкилотларининг пул маблағларига қаратиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, ижро қилиш учун туман ғазначилик бўлинмасига юборилгани маълум қилинди.

Айтиш керакки, МИБ Қибрай туман бўлими томонидан бир қанча расмиятчиликлар бажарилган бўлса-да, ижрони таъминлаш учун қонунда берилган кенг ваколатларидан фойдаланмай, сусткашликка йўл қўйилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Масалан, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 84-моддасига асосан, давлат ижрочиси ижро ҳаракатларини амалга оширишда қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулкни хатлаш, хатланган мол-мулкни олиб қўйиш, сақлашга топшириш ва реализация қилишгача бўлган чораларни кўришга ҳақли.

Тасаввур қилинг: ушбу ҳолатда қарздор ҳокимлик эмас, оддий фуқаро ёки хусусий корхона бўлганида вазият қандай бўларди? Тахминимизча, ушбу ҳолатда суд ҳужжатини ихтиёрий равишда бажариш учун берилган 15 кунлик муддат ўтиши билан дарҳол унинг мол-мулки хатланиб, хатланган мол-мулк олиб қўйиларди ва хатланган кундан эътиборан икки ой ичида уни сотиш орқали ундирув таъминлаган бўларди.

Шу ўринда, МИБ оддий фуқароларга қўллангани каби ижрони таъминламагани учун давлат ташкилотларига ҳам қаттиқроқ чоралар кўра олади, деб умид қиламиз.

Қибрай тумани ҳокимлиги эса ҳалигача тадбиркорни сарсон қилишдан чарчамаяпти.

Мазкур вазият бўйича Қибрай туман ҳокимлиги ва бошқа расмийлардан муносабат кутиб қоламиз.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид