Жамият | 10:37 / 30.09.2022
82990
3 дақиқада ўқилади

Зоҳид Рисқиев оғир аҳволда. ССВ Юнусободдаги ЙТҲда жабрланганларнинг ҳолати ҳақида маълумот берди

Юнусободдаги автоҳалокатда жароҳат олган икки бемор жонлантириш бўлимида қолмоқда, яна бир кишига уйга жавоб берилган.

Фото: Kun.uz / коллаж

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ЙТҲ оқибатида шифохонага ётқизилган «Уммон» гуруҳи солисти Зоҳид Рисқиев ва унинг ёнида бўлганларнинг ҳолати юзасидан маълумот берди.

«Пойтахтимиздаги даволаш муассасасига олиб келинган автомашина бошқарувчиси З.Р.га «Бош мия очиқ жароҳати. Бош мия лат ейиши. Бош тепа соҳасининг эзилиб йиртилган жароҳати. Чап елка соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши. Кома 1-2 даража» ташхиси қўйилган. 

Тиббиёт ходимлари томонидан бемор бошидаги жароҳатга бирламчи жарроҳлик ишлови берилган. Оғриқсизлантирилиб, ИВЛ аппаратига уланган. Бош қисми МСКТ, ички аъзолари эса УТТ каби барча зарурий текширувлардан ўтказилган. 

Айни пайтда З. Р. жонлантириш бўлимида. Сунъий нафас олиш аппаратига уланган. Унга барча тегишли тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.

Шунингдек, «Бош мия очиқ жароҳати. Бош мия лат ейиши. Бош тепа соҳасининг эзилиб йиртилган жароҳати. Кўкрак қафаси лат ейиши» диагнози қўйилган йўловчи Ж.Й. ҳам жонлантириш бўлимида зарур даво муолажаларини олмоқда. Унинг аҳволи ўрта оғир даражада. Ҳушида. 

Бемор Ж.И.да эса «Бош мия ёпиқ жароҳати. Бош мия чайқалиши. Чап томон юқори қовоқ, ўнг томон жағ ости ва бўйин соҳалари эзилиб йиртилган жароҳатлари» аниқланган.

Унга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилиб, зарур муолажалар ўтказилгач, аҳволи қониқарли бўлгани учун амбулатор шароитда даволаниши учун уйига жавоб берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги айни пайтда беморлар саломатлигини ўз назоратига олган. Муолажа жараёнлари учун етакчи тиббиёт мутахассислари жалб қилинган», дейилади вазирлик хабарида.

  • 29 сентябр куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган Mega Planet савдо маркази яқинида соат тахминан 23:00 атрофида BMW русумли автомашина катта тезликда бошқарувни йўқотиб, автоҳалокатга учрагани ҳақида хабарлар тарқалди.
  • Тошкент шаҳар ИИББнинг ушбу ҳодиса юзасидан берган маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлган. Транспорт воситаси бошқарувида 1990 йилда туғилган З.Р бўлган, у собиқ «Уммон» гуруҳи солисти Зоҳид Рисқиевдир.

Мавзуга оид