Жамият | 22:53 / 25.11.2020
30997
3 дақиқада ўқилади

Контрактдаги талабалар учун 400 млн сўмлик таълим гранти эълон қилинди

Ўзбекистонда илк маротаба талабалар учун таълим грантлари ҳамда стипендиялар эълон қилишга мўлжалланган www.metsenat.uz лойиҳаси ишга тушди.

Бир гуруҳ жамоатчилик фаолларининг ташаббуси билан ташкил қилинган лойиҳадан мақсад – Ўзбекистондаги меценатларни жалб қилган ҳолда эҳтиёжманд ва иқтидорли талабаларнинг тўлов-контрактини тўлашга ёрдам бериш, шунингдек, стипендиялар эълон қилишдан иборат.

Лойиҳа муаллифи Хушнудбек Худайбердиевнинг айтишича, Metsenat.uz – ижтимоий лойиҳа бўлиб, ундан ҳеч қандай тижорий мақсад кўзланмаган.

Сайтнинг ишлаш принципи оддий: сайтда талабалар рўйхатдан ўтиб, ўзлари ҳақидаги маълумотларни киритишади ва меценатлар томонидан эълон қилинган грант ёки стипендияларга онлайн ариза топширишади.

Лойиҳа ишга тушгач, шу куннинг ўзидаёқ илк меценатлар сайтда талабалар учун грантини жойлаштирди: Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи ва «Меҳрли қўллар» хайрия фонди тўлов-шартнома маблағларини тўлашга муҳтож талабалар учун 400 млн сўмлик таълим гранти дастурини эълон қилди.

Бунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган ОТМларда (чет эл ОТМларининг Ўзбекистондаги филиаллари бундан мустасно) кундузги таълим (бакалавр босқичи)да тўлов-шартнома асосида таълим олаётган (супер-контракт бундан мустасно) чин етим, ногирон, ота-онаси (ҳар иккаласи) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган, меҳрибонлик уйида тарбияланган, боқувчисини йўқотган ва 30 ёшдан ошмаган талабалар қатнаша олади.

Ғолиб бўлган талабаларнинг 2020/21 ўқув йили учун стипендиясиз ҳисобланган тўлов-шартнома маблағининг 50 фоизигача бўлган қисми ҳомийлик маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

Грантда иштирок этиш учун аризалар 10 декабргача www.metsenat.uz сайти орқали қабул қилинади.

Ғолибларни Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи, «Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази» ННТ, блогерлар, жамоатчилик вакилларидан иборат Экспертлар кенгаши аниқлаб беради.

Маълумот ўрнида, Kun.uz сайти – Metsenat.uz лойиҳасининг расмий ахборот ҳамкори ҳисобланади. Таҳририят юртимиздаги барча корхона, ташкилот, компаниялар ҳамда саховатпеша тадбиркорларни илм-фанга, таълимга беминнат ҳомийлик қилишга чорлаб қолади.

Мавзуга оид